Меню
Қашқадарё
Таълим кластери: ИМКОНИЯТ, ИЗЛАНИШ ВА ИСТИҚБОЛ
Семинар
Республикамиздаги нефть-газ саноати корхоналари учун кадрлар тайёрлашга ихтисослашган олий таълим муассасалари ва “Uzbekistan GTL” МЧЖ ҳамкорлигида “Uzbekistan GTL” – Янги Ўзбекистоннинг биринчи таълим-ишлаб чиқариш кластери пойдевори” мавзусида онлайн семинар ўтказилди.
Тошкент давлат техника университети томонидан ташкил этилган илмий-амалий семинарда ушбу университет, Тошкент кимё-технология институти ва Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректорлари, факультетлар деканлари, профессор ўқитувчилари ҳамда “Uzbekistan GTL” корхонасининг масъул ходимлари иштирок этишди.
Семинарда Президентимизнинг “Uzbekistan GTL” заводининг ишга туширилишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида белгиланган вазифалар, асосан, нефть-газ-кимё саноатида таълим кластерини яратишнинг ҳуқуқий асослари, олий таълим муассасаларининг ишлаб чиқариш корхоналари билан ўзаро интеграциясини йўлга қўйиш тамойиллари, таълим жараёнидаги ўзгаришлар ҳақида сўз борди.
Тадбирда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори Орифжон Базаров малакали мутахассис кадрлар тайёрлашдаги мавжуд муаммолар ҳақида ўз мулоҳазаларини баён этиш билан бирга таълим кластерини яратишнинг асосий механизмлари, бунда “Uzbekistan GTL” корхонаси имкониятларидан кенг фойдаланиш омиллари ҳақида гапирди. Шунингдек, фанлардан замонавий ўқув лабораториялари ташкил этиш ва уларни янги асбоб-ускуналар билан таъминлаш орқали олий таълим муассасалари моддий-техник базасини замон талабига мослаш, хорижий олий таълим муассасалари билан илмий ҳамкорликни кучайтириш, таълим жараёнини бозор талабларига мослаштириш ва ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириш, соҳа корхоналари базасида бевосита кадрлар тайёрлашни амалга ошириш, у ерда фаолият кўрсатаётган мутахассисларни мустақил изланувчилик асосида илмий ишларга жалб қилиш каби масалаларга алоҳида тўхталди.
Семинарда “Uzbekistan GTL” заводининг тарихи ва бугуни, унинг ишлаб чиқариш жараёнлари акс этган видеоролик намойиш этилди.
А.МУРОДОВ