Меню
Қашқадарё
ТАЪЛИМ-ИШЛАБ ЧИҚАРИШ КЛАСТЕРИ ЁШЛАР УЧУН КЕНГ ЙЎЛ ОЧАДИ
Анжуман
Ғузор туманида жойлашган "Uzbekistan GTL" заводи маъмурий биносида "Таълим-ишлаб чиқариш кластерида ёшларнинг ўрни" мавзусида республика илмий-техникавий анжумани бўлиб ўтди.
Ушбу анжуман Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 июлдаги "Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилиб, унда республиканинг 15 тадан ортиқ олий таълим муассасаси ва илмий текшириш институтидан 100 нафардан ортиқ ёш олим ва мутахассислар қатнашди.
Анжуманни "Ўзбекнефтгаз" АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев кириш сўзи билан очиб берди ҳамда нефть ва газ саноатини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, мазкур соҳада таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро интеграцияни йўлга қўйиш, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга тўғридан-тўғри татбиқ қилиш бугунги кунги энг асосий вазифалардан бири эканини таъкидлади.
Дарҳақиқат, анжуманнинг мақсади ҳам нефть ва газ соҳасида ҳар уч томон, яъни ҳукумат, таълим, илм-фан соҳаси ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида ўзаро интеграцияни йўлга қўйиш, ҳар томонлама алоқаларни ривожлантириш билан боғлиқ долзарб мавзулар бўйича муҳокамалар ўтказиш учун ягона майдон яратишдан иборат бўлди.
- Президент қарорларида белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамиятининг 3 та ишлаб чиқариш корхонаси, 6 та таълим ташкилоти ҳамда 4 та илмий-тадқиқот ва малака ошириш муассасаларидан иборат Нефть ва газ соҳасидаги таълим-ишлаб чиқариш кластери ташкил этилди, - деди "Ўзбекнефтгаз" АЖ бошқарув раиси маслаҳатчиси Элёрбек Саидахмедов. - Олий таълим ташкилотларининг ўқув жараёнларига ишлаб чиқариш корхоналарининг 20 нафар малакали ва тажрибали мутахассислари жалб қилинди, 1318 нафар талаба ҳамда 48 нафар профессор-ўқитувчи ва илмий ходимлар ишлаб чиқариш корхоналарида амалиёт ва стажировка ўтиши йўлга қўйилди, 27 нафар иқтидорли талаба учун ишлаб чиқариш корхоналарининг стипендиялари жорий этилди.
Бундан ташқари, тадбир доирасида "Uzbekistan GTL" МЧЖ томонидан олий таълим муассасалари илмий-педагог ходимлари учун ўтказилган "Энг фидойи устоз" танловининг 9 нафар ғолиби пул мукофотлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
- Бу танлов ғолиблари "Uzbekistan GTL" корхонасида меҳнат қилаётган ёшлар ўртасида ўтказилган сўровлар натижасига кўра аниқланган, - дейди танлов ғолиби - ҚарМИИ "Технологик машиналар ва жиҳозлар" кафедраси мудири Фирдавсий Бўронов. - Очиғи, жуда хурсанд бўлдим. Шогирдлар эҳтироми ва эътирофига сазовор бўлиш ҳар бир устозга кўтаринки руҳ бахш этади. Озми-кўпми меҳнати қадр топаётганидан қувонади, шижоати янада ортади.
Анжуман дастуридан ўрин олган ялпи йиғилиш ва 4 та шўъба йиғилишида "Геология-қидирув ишлари ва нефть-газ конларини ишлатишдаги инновациялар", "Нефть ва газни қайта ишлаш бўйича инновацион тадқиқотлар", "Нефть ва газ комплексида барқарор ривожланиш (ESG) тизимини такомиллаштириш" ва "Нефть ва газ соҳасида рақамлаштириш тизимини такомиллаштириш" мавзулари бўйича ёш олимлар ва экспертлар ўзаро тажриба алмашдилар.
Абдураззоқ МУРОДОВ
Суратларда: анжумандан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.