Меню

Қашқадарё

07.05.2020 1275

ТАҚИҚЛАНГАН ПАЙТДА БАЛИҚ ОВЛАБ, РУХСАТСИЗ ҚАМИШ КЕСГАНЛАРГА ЧОРА КЎРИЛДИ

Табиий сув ҳавзаларида балиқларнинг урчиш даври ҳисобга олиниб, 2020 йил 16 апрелдан 31 майгача саноат усулида балиқ овлаш тақиқланган. Шунга қарамасдан табиат қонунларини писанд этмай, белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилмайдиган фуқаролар ҳам, афсуски, учраб туради.

 

Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасидан маълум қилишларича, Касби тумани назорат инспекцияси инспекторлари томонидан Қамаши маҳалласи ҳудудидан ўтган ЮКА7 коллекторида балиқ тутмоқчи бўлган фуқаролар аниқланган. Ушбу ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича қонуний тўхтамга келингунга қадар фуқаролардан ашёвий далил сифатида 2 дона тўр олиб қўйилди. Тегишли  тартибда хужжатлар расмийлаштирилмоқда. 

Бундан ташқари, қамиш ўсимлиги ҳам табиат биохилма-хиллигининг бир қисми бўлиб, чўл қум ва чанглари кўчишининг олдини олиш омили, тирик организмларнинг яшаш макони, бошпанаси бўлиб саналади. Саксовул,  юлғун ва бир қатор чўл ўсимликларининг аҳамияти катта бўлгани каби қамишнинг ҳам ўрни юқори.

Аммо бу масалага ҳам панжа орасидан қарайдиганлар, ҳатто қамиш ўриб, ундан даромад топишни одатга айлантириб олганлар бор. Нишон тумани назорат инспекцияси томонидан ўтказилган экологик рейд давомида ҳудудда давлат рақами 70 V 327 AA бўлган автотранспорт воситасида ноқонуний равишда қамиш ташиб кетилаётганда тўхтатиб қолинди.

Якунда транспорт воситаси ҳайдовчиси мазкур ҳуқуқбузарлиги учун 1 миллион 111 минг сўм жарима тўлашига тўғри келди.

Н.ХЎЖАЕВ

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!