Меню
Қашқадарё
ТАҲДИД БОР ЖОЙДА РИВОЖЛАНИШ ЎТА СУСТ КЕЧАДИ
Сараланган сатрлар
Бир вақтлар бирови руснинг буюк адиби Лев Толстойдан нақ минг бетли "Анна Каренина" романини қисқача тушунтириб беришини сўраганида, ёзувчи "Агар бунинг имкони бўлганида, бунча кўп қоғоз қораламаган бўлардим" мазмунида жавоб қайтарган экан.
Албатта, ўша сўровчининг ҳафсаласиз ўқувчи бўлгани аён, аммо кейинги вақтларда ана шундай ҳафсаласизлар кўпайдими ёки одамларнинг тирикчилик билан боғлиқ ташвишлари кўпу мутолаага вақти йўқми, ҳажман кичик, ўқилиши равон асарларнинг бозори чаққон экани ҳақида кўп айтилаётир.
Асли самарқандлик ва бугун АҚШда яшаб ижод қилаётган Сурхон Бўриев 2019 йилда эълон қилинган "Танҳолик тантанаси" романи билан бугун ҳажман катта асарларга талаб йўқлиги ҳақидаги фикрларни пучга чиқарди.
650 бетдан зиёд роман трилогия шаклида бўлиб, "Қуёшга эргашганлар", "Йўқлик симфонияси", "Қирмизи йўл" каби фаслларни ўз ичига олади. Унда грин-карта ютиб, Америкага борган оила кечмишлари, моддий неъматлари мўл сеҳрли диёрнинг ахлоқан залолатга ботиб бораётгани, ҳар ернинг ўз тошу тарозуси борлиги, аммо ўзимиздаги муҳит ҳам икир-чикирларга ўралашиб ётгани рамзий услубда, гоҳ фалсафий, гоҳ киноявий баён қилинади. Мутолаа жараёнида эса худди Америкада юргандай, кўчаларда, хиёбонларда сайр этаётгандай бўласиз - тасвир шу қадар тиниқ, теран.
Энг қизиғи, китобни ўқиб тугатаркансиз, қайта мутолаага эҳтиёж сезилади. Билсангиз, математик Жон Нэш ҳақида томирида ўзбек қони оқаётган ва бугун америкаликка айланиб улгурган Зулфия Назар "Тафаккур ўйинлари" номли асар ёзган, у асосида фильм ҳам ишланган, ўшанда кўп воқеалар бош қаҳрамон хаёлида содир бўларди. "Танҳолик тантанаси"да ҳам ана шундай услубдан фойдаланилган - Америкага бориб, буткул ўзгача, ғайриҳаётий воқеалар ичра юрган, фикрлари ҳеч бир қолипга тўғри келмайдиган Жаббор ҳам асар сўнгида шизофреник бўлиб чиқади, ўша аснода тасаввурга сиғмайдиган воқеаларнинг сабаби ойдинлашади. Қайси одамлар, ҳодисалар фақат Жабборнинг кўзига кўринарди, буни аниқлаб олиш учун китобни қайта варақлай бошлаганингизни сезмай қоласиз.
Ўйлаймизки, "Танҳолик тантанаси" мутолаасидан сўнг ўзингиз учун янги ижодкор, бадиий бақувват асар кашф қиласиз.
* * *
Коинотнинг чексизлигини англаш орқали дунёқарашимиз ўз-ўзидан кенгайиб кетганида эди, теварагимизни қуршаб турган майда-чуйда тушунчалар учун вақт сарфлашимизга ҳожат ҳам қолмасди. Ҳолбуки, энг буюк тасаввурлар энг майда тушунчалар билан озиқланади!
* * *
Мастлик - телбаликнинг маданий кўриниши, устма-уст маст бўлмоқлик эса телбаликнинг ўзидир.
* * *
Дарё ўз ўзанини тўлдириб оқаркан, ўз манзили томон бир дақиқа ҳам тўхтамай, илдамлайди. Тошдан-тошга ҳар қанча урилмасин, барча тўсиқ ва тўғонларни ошиб олға интилаверади. Қирғоқларида ҳаёт кўкартиради. Шовуллаган дарёлар борки, қайноқ ҳаёт муқаррар. Инсон ҳаёти ҳам худди шундай. Фақат катта ҳаёт ўзанида унинг орзулари оқади, холос. Умидсиз киши бамисоли сувсиз дарё. Умид ва хотиралар! Бу - аслида, инсон умрининг мазмуни. Бу - бизнинг аввалимиз ва сўнгимиздир. Инсон худди мана шу икки тушунча оралиғида шовуллаб оқишга маҳкум этилган дарёдир.
* * *
Таҳдид бор жойда ривожланиш ўта суст кечади. Худди сирлар кўпайгач, овқат еб ҳам эт ололмаётган вужуд каби!
* * *
Хоҳиш-истак юракка қанчалик чуқур илдиз отса, қалбдаги ҳаловат шунчалик тез қуриб битади. Афсуски, инсонда орзу-ҳаваснинг чеки йўқ.
* * *
Ҳаётда инсон учун омад улашувчи бўлган дақиқалар шу қадар кўпки, аммо биз уларнинг ҳаммасини ҳам ўз вақтида илғайвермаймиз. Эҳ-ҳе, бундай онларни тўла-тўкис англаб олаверганимизда борми, бу ҳаётда биздан бахтли, биздан ўтари бўлмасди.
* * *
Агарда дунёда хоинлар бўлмаганида эди, ҳеч қачон шоҳ Улуғбекнинг қисмати ҳам бу қадар аянчли якун топмаган бўларди. чунки у шоҳ бўлиши билан бирга, қудратли шахс ҳам эди... Шамол учун энг қизиқ машғулот емиришдир. Чўққи тепасидаги харсангни қай йўсинда бўлмасин, бир кун пастга қулатажак. Қуйига ғилдираб кетган тошнинг эса ҳечам аҳамияти йўқ. Харсанг қанча тез ғилдираса, шамол ундан шунча қувват олади. Оо! Елвизаклар кучайса, ҳатто бўронга айлана олиши мумкин. Қўним билмай, чўққилар аро учиб юрган енгил-елпи шамолларни биз иғвогарлару хоинларга, оғир ва сокин, ҳатто бир кун келиб юмалаганда ҳам фалокатларга сабаб бўлгувчи катта харсангларни эса шоҳларга, буюк кишиларга менгзаймиз. Улуғбек эса ана ўша фитна бўронлари ичида қирқ йил чидам ва матонат билан тура олган шахсдир. Йўқ, у емирилмади. Бўронларга дош беролмаган тош унинг синиқ парчаси, Абдуллатиф эди.
* * *
Биз одамлар шунақамиз... Кимдан кўпроқ қўрқсак, ўша одамни мўлроқ ҳурмат қиламиз, эъзозлаймиз. Ўлганида эса шунчалик тез унутамизки, ҳатто эслашни ҳам истамаймиз. Охирги манзилига етар-етмас, иложи бўлса, гўрининг тепасига чиқиб рақсга тушишдан ҳам тоймайдиган бир тўда шайтонваччаларга айланиб қолганмиз.
* * *
Худонинг инояти ўлароқ, ақлли одамлар, бордию, қандайдир сабаблар билан бу оламга келиб қолган тақдирда ҳам ўзларини ҳеч қачон бу дунёнинг муаммоларига кўмиб хароб қилмайдилар. Улар бу гирдоблардан анча олисда, ҳаётнинг майда-чуйда ғалваларидан анча баландда туришади.
* * *
Пул - инсон вужуди сира қонмайдиган ягона оғу. Қанча кўп бўлса, шунча кам туюлиши билан қалбингга қутқу солади. Киши онгини илон заҳридан секинроқ, бироқ ундан минг карра кўпроқ қисмини забт этади. Пул билан заҳарланган миянинг давоси йўқ. Заҳарландингми, ақлдан озишинг муқаррар.
* * *
Аҳмоқгарчилик ҳукм сурган даврада кимнинг саси баланд келса, шу ғолиб.
* * *
Жасорат фидойиликдан туғилади. Бунинг учун эса от миниб жанг қилиш шарт эмас. Ҳа, айнан шунақа. Тарих, фақат фидойи кишиларнигина қаҳрамон дея хотирасига муҳрлайди. Тўғри, туғиш ва туғилиш жараёни ҳеч қачон оғриқларсиз бўлмаганидек ўзингни фидо қилмай туриб, ичингдаги жасоратни намоён қилишни ёки тарих саҳифаларида қаҳрамонлар сафида бўлишни хаёлингга ҳам келтирма. Ахир, Широқ қўй боқарди. Бутун умри давомида қурол эмас, хипчин кўтарган. Лекин то бугунгача унинг қилган ишини бонг уриб мақташади. Ҳа, у ўз қабиласи учун арзигулик ишни қила олди. Эҳтимол, бу бир афсонадир, балки, ҳақиқат. Бироқ мени доим ўйга солиб келадиган нарса бу эмас. Масалан, Широқ асли ким эди? Оддий подачи!.. Унинг ақлига шундай бир буюк ҳийла қаёқдан келган экан? Бир ўзи бутун бир душман қўшинини енга олган-а? Ёлғиз ҳийлакор! Бугун-чи? Бутун бир ҳийлакорлар армиясини тузиб ташлайдиган қаҳрамонлар бору, бироқ ҳеч бири қулоқ-бурнидан ажралар қадар фидойи эмас.
* * *
Барча буюкликлар, аслида биз кўпам эътибор беравермайдиган, тирноқ кирларидек майда-чуйда унсурларнинг бир жойга йиғилишидан бошланади. Йўқ, бу дунёда майда-чуйдаларга эътибор бермай, хотиржам яшаш мумкин, лекин кези келса атиги битта микроб бутун бошли сулолани қуритиб юбориши мумкин.
* * *
Тавба! Одам қачон бир жиддийроқ ишга бел боғласа, ҳамиша унинг ёнига халал берувчи нимадир эш бўлади-я.
* * *
Баъзан атрофдагиларга ўзингни оппоқ қилиб кўрсатишга уринасан, барчанинг кўзини пардалаб, "одамлар, ёшлигимда қилган хатоларим учун юзимни шувут қилманг. У пайтлар ҳали ақли-бошини йиғиб ололмаган гўдак эдим. Ёшимга кўра маънан тенглашмаган бола эдим" дея ҳайқиргинг келади. Ҳатто исён қилиб, кимларгадир ўз ҳақлигингни исботлашнинг уддасидан ҳам чиқарсан... Бироқ минг ҳайқирганинг билан, улар сен ҳақингда аллақачон бир фикрга келиб бўлишгани алам қилиб кетади-да.
* * *
Ёлғону чиндир, асосийси, ичингдаги фикрни ҳаммага бирдек англата олиш - бу бир санъат. Аммо ҳам сўзлаб, ҳам инонтира олиш эса бу буюк санъатдир! Ҳақиқий нотиққина бутун жамоа фикрини ўзи томон оғдиришга қодир. Маълум бир доира, маълум бир табақа ёки маълум бир қатлам учунгина сўзлаётганлар эса ғирт сафсатабозлардир. Бир бурчакка тикилиб, дудмолланиб қолдингми, бошқа бурчакдагилар, албатта, корингни қилади.
* * *
Инсон борар йўли ҳали мутлақо қоронғи ва мавҳум бўлгани ҳолда ҳам яхшидир-ёмондир ўз кўнглига йўл топиб кира олган одамнинг ортидан эргашишга мойил жонзот. Бироқ, афсуски, кўпчилик бутун умрини ана шундай эргаштирувчи одамларни қидириш билан ўтказиб юборади.
* * *
Панд емаслик учун ўта доно бўлиш шарт эмас, вазиятга қараб қайси фикр ортидан эргашишни билиш кифоя.
* * *
Вужуд ва руҳнинг номутаносиблигидан туғилаётган ва айни дамда инсоният томонидан ўта даҳшатли сифатида эътироф этилиб келинаётган ҳар қандай тушунча ўлим қаршисида ҳечдир!
Б.ЎКТАМ тайёрлади.