Меню
Қашқадарё
ТЎТИ ҲАМ СЎЗЛАЙДИ, АММО...
Билгилким, ҳамма ҳунарлардан сўз ҳунари яхши... Сўзни жуда ҳам қимматли деб билгил, чунки (сўз) хор нарса эмасдир...
* * *
Сўз тўрт навъ бўлади: биринчиси билишга, айтишга ҳожати йўқ сўзлар; иккинчиси билишга ва айтиш зарур бўлган сўзлар; учинчиси билишга зарурияти йўқ, аммо айтса бўладиган сўзлар; тўртинчиси билса бўладиган, аммо айтишга ҳожати йўқ сўзлар...
* * *
Сўз маъноли бўлмоғи керак. Эй фарзанд, сўзнинг юз ва орқа томонини билгил, уларга риоя қилгил, сўзлаганингда маъноли гапир, бу нотиқликнинг аломатидир. Агар гапирган вақтингда сўзнинг қандай маънога эга эканини билмасанг, қушга ўхшайсан, бундай қушни тўти дейдилар. Тўти ҳам сўзлайди, аммо сўзнинг маъносини билмайди.
* * *
Амалдорлар билан амалдорлардек, оддий одамлар билан оддий одамлардек сўзлашгил, (бундай вақтда ҳам) донишмандлик чегарасидан чиқма, сенинг сўзинг эшитган кишига оғир туюлмасин, (агар шундай бўлмаса) сенинг сўзингни ҳужжат ва далил билан ҳам эшитмайдилар, (бундай вақтда) уларнинг розилигига қараб сўзлагил, (шу билан сен ўша шароитдан) саломат қоласан. Ҳар кишига гапирмоқчи бўлсанг, қарагилким, у сенинг сўзингга харидорми ёки йўқми. Агар тингловчи сенинг сўзингга харидор бўлса, сўзингни айтгил (агар шу сўзингни харидор хоҳламаса), у сўзни қўйиб, эшитгувчига ёқадиган сўзни гапир, токи сенинг сўзингга харидор бўлсин.
* * *
Агар сўзни ва илмни яхши билсанг ҳам ҳеч бир сўзни бузма, тўғри таърифла. Сўзни бир хил гапир.
* * *
...ҳар кишининг аҳволи ўз сўзи бетида яширинган бўлади. Яъни бир сўзни бир иборат билан айтса бўлади, эшитган кишининг эса кўнгли паришон бўлади, шу сўзни бошқа бир иборат билан айтса, эшитган кишининг кўнгли баҳра олади.
* * *
Илмни яхши ўргангил. Билган илмингни яхши иборалар билан баён қилгил. Бемаъни даъво билан хижолат бўлмагил. Ўзингга маълум бўлган ва яхши билган сўзларингни кўпроқ айтгил. Бемаъни сўзлар билан шарманда бўлмагил.
* * *
Агар сўзнинг юксак (ва таъсирчан) бўлишини истасанг, киноя, истеҳзоли гапни (кўп) сўзлама, мумкин қадар истиораларни ишлатгил.
Агар мунозара қилишни истасанг, душманга қара, агар у билан тортишмоққа қувватинг етса ва сўз чўзилсин десанг, далиллар ва мисоллар билан мунозара қилгил. Бўлмаса сўзни тўхтатиб, бир мисолга қаноат қилгил, бир исбот билан тур, рад қилма, эҳтиёт бўлгилки, аввалги сўзингни кейинги сўзинг бузиб юбормасин”.
* * *
Сўз (нутқ) нафис, кўркам, гўзал бўлмоғи керак. У таъсирчан бўлиб, кишиларда ҳавас, рағбат уйғотиши лозим. Охирги мақсадни аниқ баён қилишга, нафис сўзлашга ҳаракат қил. Жуда ҳам узун ва жуда ҳам қисқа сўзламагил ва бемаъни сўз демагил. Охирги мақсадни аниқ баён қилишга, нафис сўзлашга ҳаракат қил.
* * *
Халқ олдида гапирадиган сўзинг гўзал бўлсин, бу сўзни халқ қабул қилсин. Гўзал тил билан сўзлагил, кийимингни пок тутгил. Таъсирли сўз айтгил, наъра урсинлар ва мажлисни қиздиргил. Халқ йиғласа, сен ҳам гоҳо йиғлагил.
* * *
Эй фарзанд, кўп кишилар дебдурларки, мазах - ёмонликнинг муқаддимасидир. Мазах, яъни хонаки сўз билан кишига дахл қилишдан ҳазар қил. Ҳазилни мастлик вақтингда қилма, чунки ёмонлик ҳазилдан келиб чиқади.
* * *
Минбарда туриш одобини сақлагил, такаббурликдан, ёлғон сўзлашдан ва порадан узоқ бўл. Минбар устида суст, хўмрайиб, совуқ сўз бўлиб ўтирмагил. Ҳамиша ҳаракат қилиб тургил. Сўз айтаётган вақтингда мажлис аҳлига қарагил, агар нутқни тингласалар, сўзлагил, агар афсона эшитишни тиласалар афсона айтгил. Чунки халқ сенга харидор бўлиб, ҳамма сени қабул этгандан сўнг, ҳеч нарсадан қўрқмагил.
СОЖИДА тўплади.