Меню
Қашқадарё
ТЎҚСОНИНЧИ БАҲОР
Бу – Руқия опанинг тўқсонинчи баҳори. Апрелнинг 26-санасида болалари жамулжам бўлиб таваллуд кунини нишонлашди. Тошкентдан Тўлқин, Шаҳрисабздан Феруза бола-чақалари билан келишди. ўткир, Илҳом, Эркини эса ён-атрофида. 17 набира, 18 чевара, 1 эвара – ўзиникилар билан ҳовли тўлди. Ҳаво очиқ бўлгани учун ташқарида жой қилишди. Болалар Руқия опани тўрга ўтирғизиб, бири қўйиб, бири атрофида парвона бўлди. Қувонганидан Руқия опа оёқларидаги оғриқни ҳам унутди.
Аслида Руқия опани кўрган киши тўқсон ёш бермайди. Фикрлари теран, хотираси тиниқ, кўзлари равшан, юзидан нур ёғилиб туради. Одамлар билан суҳбатлашиб тўймайди. Қўлидан газета-журнал тушмайди. ўғли Эркин ҳафтада уларни янгилаб туради. “Менинг ош-ноним газета”, дейди опа ҳамсуҳбатларига ҳазил аралаш.
Аммо оёқлари панд бериб, у ёқ-бу ёққа юролмай қолди. Набираси Яшиннинг тўйига ҳам бормайман, деб турганди, болалари қўйишмади, креслоси билан даст кўтариб тўйхонага олиб киришди. Ҳам уялди, ҳам қувонди Руқия опа. Оқибатли фарзандлар учун Оллоҳга ҳамду санолар айтди. “Бир онага ҳурмат-иззат шунчалик бўлар-да”, деб шукур қилди.
Туғилган кунида эса юбилей юбилейдай бўлсин, дея кўксига медалларини ҳам тақиб қўйишди: “Ғалабанинг 30 йиллиги”, 40 йиллиги”, “...50 йиллиги”, “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 70 йиллиги”, “Меҳнат ветерани” медаллари. “Халқ таълими аълочиси” нишони ва унга жудаям қадрли бўлган, мустақиллик йилларида олинган “Шуҳрат” медали.
Ҳаммаси тўкис-у, фақат ёнида турмуш ўртоғи – Ҳусниддин Қамариддиновнинг йўқлиги барибир билинди. Асли бухоролик бўлган Ҳусниддин ака 1949 йил йўлланма билан 4-мактабга директор бўлиб келди-ю, Руқия опа билан тақдир ришталари боғланди. 46 йил бирга умргузаронлик қилишди. Беш болани ўқитиб, касбли қилди. Эр-хотин муштни бир жойга қўйиб, урушдан кейинги йиллар азобларини енгиб ўтишди. Кейинчалик Ҳусниддин ака маданият бўлимига раҳбар бўлди ва сўнг узоқ йиллар “Қашқадарё ҳақиқати” газетаси таҳририятида фотомухбир бўлиб ишлади. Остида “Ҳусниддин Қамариддинов олган сурат” деб ёзилган юзлаб суратлар орқали замондошлари сиймолари, жўшқин иш жараёнлари, биною иншоотларни газета саҳифаларида бир умрга муҳрлади. Кейинчалик унинг ишини ўғли Тўлқин Қамариддинов давом эттириб, Китоб туман газетасида фотомухбирлик қилди...
...Руқия опа деразадан кўз узмай ана шулар ҳақида ўйлади. Соат саккизга яқинлашган, шекилли, ҳалигина сукунатга чўмиб ётган кўчадан одамлар ўтаяпти. Кимдир ишга, кимдир бозорга, бошқа биров боғчага шошилаяпти. Оқ кофта, қора юбкали ўқувчи қизлар, оппоқ кўйлак устидан чиройли костюмчалар кийиб олган ўғил болалар мактабга ошиқишаяпти. “Кечикмайлик”, деган маънода бир-бирларини нуқиб қўйишади. Ҳаммасининг қўлида сумка. Дарсдан бошқа ташвишлари йўқлиги шундоққина юзларида зоҳир. “Қандай бахтли болалик! Қандай бахтиёр болалар!” пичирлайди Руқия опа уларга ҳавас қилиб, сўнг беихтиёр ўзининг сарсон-саргардонликда ўтган болалигини эслайди. Эҳҳе, бунақа кўйлаклар, бунақа сумкалар қаёқда, эгниларида унниқиб кетган гулдор кийимлар кийиб, “жилд” деб аталган латта сумкачаларга бор-будларини солиб олишарди. Дафтар-ку анқонинг уруғи, учраб қолган қоғоз ёинки китоб четига ёзиб савод чиқаришди.
Илк бор ўзи туғилган Волгограднинг Латашенко қишлоғидаги мактабнинг биринчи синфига ўқишга боргани кечагидай ёдида. Касалманд онаси Мусаввара опа паймонаси яқинлигини сезган, шекилли, меҳмон бўлиб борган синглиси Мастуранинг қўлига ёлғиз қизини кўзлари тўла ёш билан топширди: “Отасининг умри шахтада ўтади, менинг аҳволим бу. Соғайиб кетсам, Руқия бир йиллик меҳмонинг, ўлсам, фарзандинг бўлади”.
Шу-шу Руқия опа Мастура холасининг фарзандига айланиб қолди. Алғов-далғов замонлар эди. Улар Қашқадарёнинг Косон туманида яшашарди. Ёшлар ташкилотида ишлаб юрган поччаси Холбой ака “халқ душмани” деб қамоққа олингач, холасини ҳам кутубхонадаги ишидан бўшатишди. Бир бурда нонга зор қолишди. Очдан ўлмаслик учун Самарқанднинг Пахтачисидан бошпана топдилар. Энди ўқишини шу ердаги мактабда давом эттирди. Икки йилдан сўнг поччаси оқлангач, яна Косонга қайтишди. Кейин уруш бошланиб, Холбой ака фронтга кетди. Хола-жиян Китобга кўчиб келишди. Саргардонликда Руқия опа бир синфда икки йиллаб ўқиган пайтлари бўлди. Шунинг учун Китобдаги 2-мактабнинг 6-синфини битирганида 16 ёшда эди.
Эркаклар урушга кетиб, ўқитувчилар етишмаганидан 1943 йилда хат-саводи чиққан Руқия опа 6 ойлик муаллимлар тайёрлаш курсида ўқиб, Паландара қишлоғидаги мактабга ишга юборилди. Кейин унга 9-синфни битирган, деган маълумотнома бериб, Бухоро педагогика институтининг Қарши филиалига ўқишга жўнатишди. 2 йил институтда ўқиб, олий маълумот олгач, Китобдаги 4-мактабда иш фаолиятини давом эттирди...
...Руқия опа ҳануз нигоҳларини кўчадан узмаганди. Қаторлашиб ўтаётган болаларга қараб ўзича фикр қилди: қорни тўқ, усти бут мана бу болаларга ўша кунлар ҳақида ҳикоя қилиб берса ишонишармикин? Ишонган тақдирда ҳам тасаввурларига сиғдира олишармикин? Кун бўйи насибаси атиги 500 грамм нон бўлганини, ярмини еса қорни тўймаслиги, ҳаммасини еса кун бўйи оч юришини, ойлаб тариқ ёрмали ёвғон шўрвадан бошқа овқатни татиб кўришмагани, қанчадан-қанча гўдаклар очликдан шишиб ўлгани, авжи баҳор пайти гуруҳ-гуруҳ бўлиб тутнинг тагидан нари кетишмагани, кузда мева билан қорин тўқлашгани, юртнинг дов-дарахтлари минглаб кишини очликдан сақлаб қолганини айтса тушунишармикин?..
Руқия опанинг кўз ўнгидан набиралари, чеваралари ўтди. Туғилган кунида улар бувижонларига бағишлаб махсус концерт дастури тайёрлашганини, бири шеър айтса, бошқаси қўшиқ айтганини, кичкиналари рақсга тушганини, уларнинг юзларидаги қувончу шодумонликни эслади. Юраги орзиқиб кетди. Унинг набиралари ҳам, кўчани тўлдириб ўтаётган мана бу кичкинтойлар ҳам у палак ёзган, қатор-қатор медаллар билан тақдирланган, 34 йил мактабларда ишлаб, юзлаб шогирдларига алифбодан бошлаб билим берган, уларнинг муаллима онасига айланган ва эл орасида Руқия Амирова бўлиб танилган мана шу юртнинг болалари, шу юртнинг эртанги кунлари. “Илоё уларнинг бахтига кўз тегмасин. Илоё осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч, элимиз фаровон бўлсин”, пичирлади яна у.
...Руқия опа хаёлларга берилгандан берилди. Келини столига нонушта қўйиб кетганини ҳам пайқамабди. Нонушта қилиб олгач, шундоққина ёнида турган газеталардан бирини қўлига олди. 9 Май – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Президент фармони эълон қилинибди. Кўзларида ёш қалқиди. ўзининг ҳам юзлаб, минглаб уруш ва уруш орти меҳнат фахрийлари қатори нафақат фарзандлари, набиралари, балки юрт ва Юртбоши эъзозида эканини яна бир бор ҳис этди...
Шу топда шукроналик туйғуси бутун вужудини қамраб олган эди унинг.
Лола ЎРОҚОВА,
Китоб тумани