Меню
Қашқадарё
“ТЎҚСОНБОСТИ” ЭКИНЛАР:
Ёз ўрталарида ҳосили йиғиб олинган айрим экинлар ўрнига такрорий экилиб, етиштирилган сабзавоту полиз маҳсулотларини кузга келиб йиғиштириб олган деҳқонлар эндиги бор диққат-эътиборини “тўқсонбости” деб номланган усулда етиштириладиган сабзавотлар уруғини ерга қадашга қаратишган. Бу усулдан самарали фойдаланишнинг аҳамияти катта. Ёз арафасида рўзғорга ора кирадиган сархил эртачи сабзавотлар: картошкаю пиёз, лавлагию сабзи-шолғом аслида “тўқсонбости” усулининг шарофати эканини уста деҳқонлар яхши билишади.
- Нега бу усул “тўқсонбости” деб юритилишининг ўзига хос сабаблари бор, - дейди қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Исматулла Эрназаров. – Маълумки, бу усулни ота-боболаримиз қадимдан қўллаб келишган. Одатда, росмана қиш бизнинг ўлка табиатида 15 декабрдан бошланади ва то 15 мартга қадар уч ой – 90 кун давом этади. То қиш киргунигача ерга қадалган уруғ 90 кун тупроқ остида туради, эрта баҳорда кун исиши билан эса дарров униб чиқади. Доно халқимиз бу жараённи образли қилиб, “90 кунни босиб ўтди” маъносида шундай атаган.
Бу усулда экин экиш ишлари одатда кузнинг биринчи ойиданоқ бошланади ва ноябрнинг охири – декабрнинг бошларигача тугалланиши лозим. Такрорий экинлардан бўшаган далалар обдон шудгорланиши шарт, шундагина “тўқсонбости” экин уруғи ерга айтилганидай “ўрнашади”. Қолаверса, уруғ етарли чуқурликка тушсагина, қишки қаттиқ совуқ таъсиридан омон қолади. Натижада эрта баҳорда бирмунча эртачи, кўкламда экилганидан камида 25-30 кунча аввал униб чиқади ва ҳосилдорлиги юқори бўлади.
Мутахассислар тавсиясига кўра, уруғ қадалган эгатлар плёнка билан қопланса, уруғлар ёғин, ҳаводаги намлик таъсирида аста-секин бўртади ва совуққа чиниқади. Ҳам бу усул эрта баҳорда ҳаво ҳарорати ноқулай, паст бўлишига қарамай униб чиққан майсаларнинг жадал ўсиб-ривожланишини таъминлар экан. Қолаверса, юқорида айтилганидай, уруғ ерга керакли чуқурликда тушиши: нўхат 8 сантиметр, картошка 10-15 сантиметр чуқурликда экилиши лозим. Сабзи, шолғом, турп, лавлаги ва бошқа илдизмевалилар уруғи юзасини 4-5 сантиметр қалинликда тупроқ билан кўмиш ва устига органик қолдиқлар сепиб қўйиш яхши самара беради.
Вилоятимиз далаларида айни кунларда “тўқсонбости” экинларни экиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Биргина Қамаши туманида жорий йилда 1477,2 гектар майдон шу усулда экин етиштиришга ажратилган бўлиб, қамашилик деҳқонлар 195 гектар ерда пиёз, 175 гектар ерда сабзи, 28,2 гектар майдонда саримсоқпиёз, 194 гектар майдонда ошлавлаги етиштиришни мўлжаллашган. Ҳудуд далаларининг 819,1 гектарида турли кўкатлар уруғи экилса, яна 65,9 гектар майдон гулкарам экиш учун ажратилган. Туман ҳокимлигидан олинган маълумотларга қараганда, ҳозирга қадар жами 500 гектардан зиёд майдонда “тўқсонбости” экинлари экиб бўлинди.
- Вилоятимизда жорий йилда жами 26 минг 989 гектар ер майдонида “тўқсонбости” экинлари етиштирилиши режалаштирилган, - дейди вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси масъул ходими Шерали Мирзаев. – Ҳозирга қадар 15 минг 325 гектар майдонда экиш ишлари якунланди. Шундан 3 минг 855 гектар майдонда сабзи, шунча ерда ошлавлаги экилди. 1341 гектар ерда гулкарам, 1990 гектар майдонда турли кўкатлар, 2 минг 562 гектар ерда пиёз, 386 гектар майдонда эса саримсоқпиёз экиб бўлинди.
Албатта, айни кунларда об-ҳаво қиш-қировли кунлар яқинлигидан дарак бериб, бирмунча салқинлашаяпти. Бу эса экин-тикин ишларини жадаллаштиришни тақозо этади. Ўз вақтида амалга оширилиб, “тўқсонга бостирилган” экиш тадбирлари эртанги фаровон ҳаёт, обод турмуш учун асқатади. Зеро, эртанинг тараддуди бугундан бошланади.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА