Меню

Қашқадарё

23.06.2020 2434

ТЎРТ ЙИЛЛИКНИНГ ЭНГ НУФУЗЛИ МУСОБАҚАСИ НЕЧА МАРТА ЎТКАЗИЛМАЙ ҚОЛГАН?

Бугун - Халқаро олимпия куни

Агар коронавирус пандемияси юз бермаганда, айни пайтда Япониянинг Токио шаҳрида дунёнинг энг йирик спорт мусобақаси - Халқаро ёзги олимпиада ўйинлари бошланаётган бўларди. Афсуски, вирус билан боғлиқ таҳликали вазият сабаб кўплаб спорт мусобақалари қаторида Токио олимпиадаси ҳам бир йилга кечиктирилди. Энди мусобақа  агар вазият барқарорлашса, 2021 йилнинг 23 июлидан 8 августигача, паралимпия ўйинлари эса 24 августидан 5 сентябригача вақт оралиғида бўлиб ўтади.

Хўш, олимпиада ўйинлари тарихида бундан олдин ҳам шу каби ҳолатлар бўлганми? Мусобақа бутунлай бекор қилинган, умуман ўтказилмаган вақтлар-чи? Саҳифада замонавий олимпиада ўйинлари тарихида рўй берган  қизиқарли воқеликлар ҳақида ўқийсиз.

Дастлаб юнонлар бошлашган

Олимпиада ўйинларининг тарихи қадимги Юнонистон билан боғлиқ. Биринчи олимпия ўйинлари милоддан аввалги 776 йилда айнан шу давлатда бўлиб ўтган. Бироқ кўпчилик тарихчиларнинг фикрича, олимпиада ундан олдин ҳам ўтказилган бўлиши мумкин.

 Ўша вақтларда олимпиада фақат бир кун давом этган. Маълум муддат ўтгач, бу вақт 5 кунгача чўзилган. Ҳар кун маълум бир мусобақа учун ажратилган.  Дастлабки олимпия ўйинларида фақатгина битта мусобақа - югуриш бўлган, аста-секин мусобақа дастурларига диск улоқтириш, кураш, аравачалар пойгаси, узоққа сакраш ва куч синашиш каби янги-янги ўйинлар киритиб борилган.

Қадимги Юнонистонда ўтган олимпия ўйинлари ўзига хос миллий руҳда ташкил этилган. Бундан ташқари, фақат озод туғилган юнонларгина мусобақаларда қатнашиш ва уларни томоша қилиш ҳуқуқига эга бўлган. Олимпиада мусобақаларига аёл кишилар кириши ва иштирок этиши қатъиян тақиқланган. Фақатгина битта аёл - Деметра ибодатхонасининг хизматчиси кириши мумкин бўлган, бунинг учун унга алоҳида жой ҳозирланган.

Янги форматдаги мусобақа

Замонавий олимпиада ўйинларини ташкил этиш ғояси француз жамоат арбоби, тарихчи, ёзувчи Пьер де Кубертенга тегишли. 1894 йил июнь ойида айнан Пьер де Кубертен ташаббуси билан Парижда Халқаро конгресс бўлиб ўтди.

Конгрессда иштирокчилар қадимги ўйинлардан намуна олиб, халқаро даражадаги спорт мусобақаси ўтказиш,  Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ)ни ташкил этиш масалаларини муҳокама этишди.

Ниҳоят, 1894 йил 23 июнь ҲОҚ ташкил этилиб, ташкилотнинг биринчи президенти этиб грециялик тадбиркор, шоир, таржимон ва филолог Деметриус Викелас тайинланди. Олимпия ҳаракатининг асосий принциплари белгиланган Олимпия хартияси қабул қилинди. Мусобақаларни ташкил этиш, ўтказиш тартиблари белгилаб олинди. Барча томонларнинг таклифига асосан, илк мусобақа олимпиада ўйинларининг ватани бўлган Грецияда ўтказилиши белгиланди. Орадан икки йил ўтиб, яъни 1896 йилнинг 6 апрелидан 15 апрелигача Aфинада бўлиб ўтди. Унда 13 мамлакатдан 311 спортчи иштирок этди. Уларнинг барчаси эркаклар эди. Мусобақада аёллар қатнашишига рухсат берилмаган.  

Аввал олимпиадани фақат урушларгина тўхтатган

Жорий йилда замонавий олимпиада ўйинлари ўтган 124 йил давомида тўртинчи маротаба бошқа муддатга кўчирилди.

Аввалги учта мусобақа жаҳон урушлари сабаб бекор қилинган. Яъни, 1916 йили ушбу йирик мусобақа Германиянинг Берлин шаҳрида бўлиб ўтиши керак эди. Биринчи жаҳон уруши сабаб олимпиада қолдирилганди. 1940 йили Хельсинкида, 1944 йили эса Лондонда бўлиб ўтиши керак бўлган олимпиада Иккинчи жаҳон уруши сабаб бекор қилинди. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, 1948 йили ушбу халқаро мусобақа Лондон шаҳрида ўтказилган.

Олимпиаданинг тўртинчи бор қолдирилишига коронавирус пандемияси сабаб бўлди.

Учиб кетган АҚШ байроғи

Олимпиада мусобақалари давомида кўплаб қизиқарли воқеалар бўлиб туриши бор гап. Улардан бири "Лондон-2012" олимпия ўйинларида рўй берган.

Аёллар ўртасида теннис бўйича яккалик беллашувида америкалик Серена Уильямс финалда азалий рақибаси россиялик Мария Шараповани мағлуб этиб, мусобақанинг олтин медалига, беларуслик Виктория Азаренко эса бронза медалига сазовор бўлган эди.

Анъанага мувофиқ, ғолиб мамлакат мадҳияси остида 3 давлат байроғи кўтарила бошлайди. АҚШ давлат мадҳияси янграётган пайт кучли шамол таъсирида мамлакат байроғи флагштокдан чиқиб кетади ва Уимблдон корти узра уча бошлайди. Тепада  эса Россия ва Беларусь мамлакатлари байроғи қолади.

Бу ҳолат бутун стадион бўйлаб кулгига сабаб бўлган, ташкилотчилар эса байроқни қайта илишни лозим топишмаганди.

Ғолибга лавр барги, сурат ёки...

Олимпия ўйинлари тарихида ғолиб спортчиларга бериладиган медаллар, мукофотлар ҳам турли даврларда турли кўринишда бўлган.

Мисол учун, 1896 йили Афинада ўтказилган илк замонавий олимпиада ўйинларида биринчи ўринни эгаллаган атлетлар лавр барги ва кумуш медаллар билан тақдирланган. Қизиғи, иккинчи ўрин эгаларига бронза медаллари топширилган бўлиб, учинчи ўрин соҳибларига ҳеч қандай соврин берилмаган.

1900 йили Парижда ўтказилган олимпиада ўйинларида биринчи ўринни қўлга киритган спортчилар эса олтин медаль ўрнига суратлар билан тақдирланган эди. Ўша пайтлар бундай соврин жуда қимматбаҳо саналган.

1904 йилда Сент-Луис шаҳрида ўтказилган мусобақа эса олимпиада тарихида биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларга мувофиқ ҳолда олтин, кумуш ва бронза медаллари тақдим этилган илк мусобақа бўлган. Аммо соф олтиндан ясалган медалларни бериш ҳам узоқ давом этмаган. Сўнгги бор бундай медаллар 1912 йили Стокгольмда ўтказилган олимпиада ўйинларида берилганди. Шундан сўнг ҳозиргача  мусобақа ғолибларига юзасига тилла суви юритилган медаллар топширилади.

Олимпиада ўйинлари  ва ўзбек спорти

1993 йилда Ўзбекистон Халқаро олимпия қўмитаси аъзолигига қабул қилинди. 1994 йилнинг қишида эса Норвегиянинг Лиллехаммер шаҳрида бўлиб ўтган қишки олимпиадада Лина Черязова фристайл спорт туридан мустақил Ўзбекистон тарихидаги биринчи олтин медални юртимизга олиб келган эди.

Ёзги олимпиада ўйинларининг илк олтин медалини эса 2000 йилги Сидней олимпиадасида Муҳаммадқодир Абдуллаев бокс бўйича қўлга киритган.

Олимпиада ўйинларида энг кўп иштирок этган спортчи ҳам ўзбекистонлик. Гимнастикачимиз Оксана Чусовитина олимпиада ўйинларида 7 марта иштирок этиб, бу борада Гиннесснинг рекордлари китобидан жой олган.

Рио-2016 ўйинларида мамлакатимиз спортчилари умумий ҳисобда 13 та медални қўлга киритишди. Бу олимпиададаги энг яхши натижамиз ҳисобланади. Ушбу медалларнинг 7 тасини қўлга киритган боксчиларимиз спортнинг ушбу турида умумжамоа ҳисобида Россия, Қозоғистон ҳамда кубалик рақибларини ортда қолдирган ҳолда биринчи ўринни эгаллашди.

ЖАҲОНГИР тайёрлади.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!