Меню
Қашқадарё
ТЎРТ АТЛЕТНИНГ БАРЧАСИ МЕДАЛЛИ БЎЛДИ
Оғир атлетика
Тошкент шаҳрида бир неча кун давом этган Осиё чемпионатида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган вилоятимиз спортчиларининг барчаси шоҳсупадан ўрин эгаллади.
Мусобақанинг сўнгги кунларида таниқли атлетимиз Турсуной Жабборова қитъада тенгсиз эканлигини ўз натижалари билан яна бир бор исботлади. У даст ва силтаб кўтаришда ҳамда умумий натижаларига кўра рақибаларини катта фарқ билан ортда қолдириб, 3 та олтин медалга сазовор бўлди.
Эслатиб ўтамиз, кеча якунланган Осиё чемпионатида вилоятимиздан 4 нафар оғир атлетикачи иштирок этди ва уларнинг барчаси медалли бўлди. Жумладан, қамашилик Бобур Умидов 67 килограмм вазн тоифасидаги ўсмирлар баҳсида даст кўтариш ва икки кураш баҳсларида эришган натижаларига кўра, 2 та бронза медални қўлга киритди. Қамаши туманидан яна бир спортчи Зиёда Худойқулова ҳам ўсмир қизлар ўртасида 47 килограмм вазнда бронза медаль билан тақдирланди.
Бундан ташқари, ўсмир қизлар ўртасида 71 килограмм вазн тоифасида Дилноза Файзуллаева даст кўтаришда кумуш ва умумий натижаси бўйича бронза медалга сазовор бўлди. Чироқчилик ушбу спортчи қитъа биринчилигининг энг ёш иштирокчиси сифатида эътироф этилди. Дилноза 15 ёшда бўлишига қарамай, ўзидан катта рақибалари билан тенг кураш олиб борди.
Маълумот ўрнида, биз спортчи ўсмирларнинг туғилиб-ўсган ҳудудини бежиз келтирмадик. Оғир атлетика Олимпиада ўйинлари таркибига киритилганлиги ва Осиё чемпионатида совриндор бўлиш катта меҳнат маҳсули эканлигини инобатга олиб, ёш спортчиларни ҳар томонлама рағбатлантириш келгусида бундан-да юқори натижалар қўлга киритилишига ёрдам беради, деб ишонамиз. Зеро, қамашилик таниқли мураббий Тоир Пармонов таъбири билан айтганда, бугун биз кўп-да эътиборга олмайдиган ана шу болалар эртага Ўзбекистонни дунёга танитади. Дарҳақиқат, бунга биргина Турсуной Жабборованинг қитъа ва жаҳон чемпионатларидаги олтин медаллари ёрқин мисол бўлади.
Ёдингизда бўлса, ўтган ойда Турсуной Жабборова Грецияда ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида олтин медаллар эгаси бўлгани учун вилоят ҳокими Муротжон Азимов томонидан 30 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланган эди. Бу – яхши ташаббус. Бу – ёш спортчиларга катта куч ва ишонч бахш этади.
Бизнингча, “Энг асосийси – эътибор” қабилида “Фахрий ёрлиқ” ва эсдалик совғалари билан “сийлаш”нинг вақти ўтди-ёв...
Абдураззоқ ДАВРОН