Меню

Қашқадарё

12.05.2022 831

ТЎРИНГГА БАЛИҚ ИЛИНМАСА, ҚИСҚИЧБАҚА ҲАМ БАЛИҚ ЎРНИГА ЎТАДИ

Сараланган сатрлар

"Бутун дунёнинг ўзи бир театр, ундаги аёллар ҳам, эркаклар ҳам, ҳаммаси актёрлардир". Бироқ ҳозир мана шу равоқлар ортидан кузатиб ўтирганларимизнинг ҳаммаси бор-йўғи ёлғон, иллюзия, яъни рўё, холос. Бу дунёда фақат биз, яъни артистлар ҳаққонийдирмиз. Дунёдаги барча одамлар - бизнинг, артистларнинг хомашёсидир".

Машҳур инглиз адиби Сомерсет Моэм қаламига мансуб "Театр" романида шундай фикрлар келтирилади. Дарҳақиқат, бу ҳаётда актёрлик қилма(йди)ган одамни топиш қийин - ҳамманинг ўзига мос роли бор: кимдир бош ролда, кимдир иккинчи планда, яна кимдир суфлёр...

"Театр" романида машҳур актёр ва актрисаларнинг ҳаётда ҳам ўз ролини қойилмақом ижро этишига гувоҳ бўласиз. Артистлик ниқоби ортида чинакам инсоний қиёфа йўқолиб кетгани эса ачинарлидир. Таниқли актрисага ўғли бу ҳақда шундай дейди: "Агар сиз бирорта бўш хонага кирсангизу, ортингиздан кимдир бориб эшикни очса, у ерда ҳеч ким бўлмаслиги ҳам мумкин. Сабаби, сиз, аслида, шахс сифатида мавжуд эмассиз".

Қуйида асардан сара иқтибосларни жамладик. Ишонамизки, теран фикрлар роман мутолаасига дебоча бўлади.

*  *  *

Саҳнада табиийликка ўрин йўқ. Бунда - ҳамма нарса, шартлиликка, сохтакорликка ҳамда ўйинга асосланади. Лекин бир нарсани ҳам унутмангки, ана шу барча сохталиклар табиий эканлигига сиз томошабинни ишонтиришингиз керак.

*  *  *

Бемаъни роль бўлмайди, мен сизга айтсам, актёрларгина бемаъни бўлиши мумкин.

*  *  *

Ҳадеб ўтмишини қўмсайверадиганларнинг келажаги бўлмайди, деган гап бор.

*  *  *

Инсон фақат ўз манфаатини, сафосини ўйлаши керак эмас, тўғрими? Бошқалар ҳақида ҳам фикр юритиши лозим, улар ҳам инсоний муносабатларга лойиқлигини унутмаслик керак...

*  *  *

Қарздор одамлар ҳеч қачон ўзлари қарз бўлиб қолган пул миқдорини бошқаларга аниқ айтишмайди.

*  *  *

Аслида одамларнинг у ёки бу ишни қилишлари учун арзигулик сабаб эмас, балки шу ишни нега қилганликларини оқловчи баҳона керак.

*  *  *

Эркаклар табиатан ўз одатларининг қулларидир ва бундан аёллар уларни ўзларига боғлаб олишда жуда маҳорат билан фойдаланадилар.

*  *  *

Аёл кишининг қўлидан ҳар қандай макру ҳийлалар келиши мумкинлиги хусусида, фақат аёлгина ҳақ гапни айтиши мумкин.

*  *  *

Умуман, эркак зоти ўзи шунақа - сал аҳмоқроқ қавм бўлади шекилли, улар баъзида ўзи сув ичиб турган қудуққа ҳам тупуриши мумкин.

*  *  *

Муҳаббат бу - бир пайтнинг ўзида изтироб ва азоб, андиша ва уят, фараҳли ҳаяжон, жаннат ва дўзах, бу шундай бир илоҳий туйғуки, унинг бағрида сен одатдагидан-да юз карра, балки минг каррадир кучлироқ босим остида яшайсан. У туфайли сен сўз билан ифодалаб бўлмас соғинчни, эркинликни ва қулликни, роҳат-фароғатни ва хавотирни ҳис қиласан.

*  *  *

Буюк актриса Жанна Тэбудан эшитган бир ҳикматли сўзини эслади: "Аввало, саҳнада беҳуда танаффус қилма, модомики қилдингми, уни имкон қадар узоқроқ тутиб туришга интил".

*  *  *

Агар инсоннинг ўзида истеъдод бўлса, албатта, ҳар қандай шароитда ҳам уни юзага чиқара олади.

*  *  *

Бу ҳаётдаги муайян бир сабаб доим ҳам ўзига мувофиқ натижани келтириши шарт эмас.

*  *  *

Томошабин дегани - оломон. Агар сен саҳнадан туриб ғайриоддий    тарзда бақириб-чақирсанг, айюҳаннос солсанг ёки қўлларингни ҳар тарафга чўзиб чийилласанг, албатта, уларнинг орасидан овози бўғилиб қолгунча сени олқишлаб қичқирадиган бирорта аҳмоқ топилади.

*  *  *

Ҳа, одамлар ҳеч қачон борига шукур қилиб ўтиришмаган, уларга нуқул янгидан-янги нарсалар қизиқ туюлаверади-да.

*  *  *

"Хўп ғалати дунёда яшаяпмиз-да, - дея хаёлидан ўтказди Жулия. - Бунда актёрлар жонини жабборга бериб жентльменлардек бўлишга ҳаракат қилишса, жентльменлар аксинча, ўзларини актёрлардек кўрсатмоқчи бўладилар-а".

*  *  *

Эркакларнинг бариси ҳам баъзан қатъиятли. Лекин уларнинг бор айби ҳам айни қатъийлигида.

*  *  *

Агар Эверестни бўйсундиришга анчадан буён интилиб, заҳматлар чекиб, бунинг уддасидан чиқа олмай келаётган энг қатъиятли альпинистлар ҳам кутилмаганда чўққига осонгина олиб борадиган нарвонни кўриб қолсалар, ўз кўзларига сира ишонмай: "Бундай бўлиши мумкин эмас, бу ерда қандайдир тузоқ бор", деган бўлардилар.

*  *  *

Дунёдаги буюк актрисаларнинг бирортаси ҳам хурилиқо бўлмаган.

*  *  *

"Тўрингга балиқ илинмаса, қисқичбақа ҳам балиқ ўрнига ўтади", деган гап бор.

*  *  *

"Сиз ҳамиша роль ўйнайсиз. Бу сизнинг одатингиз, феъл-атворингизга айланган. Уйга меҳмон чақирганингизда ҳам роль ўйнайсиз. Масалан, менинг олдимда сиз жудаям назокатли, меҳрибон, шу билан бирга, ҳаммага таниқли ва машҳур она ролини ижро қиласиз. Ўзингиз, шахс сифатида аслида мавжуд эмассиз. Сиз назаримда, ўзингиз ижро этган сон-саноқсиз ролларнинг йиғиндисисиз, холос. Мени бот-бот бир иштибоҳ қийнайди. У ҳам бўлса: "Менинг онам қачондир ўзи, ўзлигига эга, алоҳида шахс сифатида мавжуд бўлганмикан ёки у бутун умр саҳнада яратган персонажларини намоён этиш воситаси бўлиб хизмат қилиб келдимикан?" деган саволдир".

*  *  *

Феъл-атворимиздаги фазилатлар эмас, балки ожизлик ва камчиликлар бизни яқинларимиз учун қадрли қилади.

*  *  *

Ёшларнинг ҳар хил хурмача қилиқларига, бемаъни қилмишларига эътиборсизлик билан қараш жуда ноўрин иш. Илло, улар кутилмаганда гўё биз учун янгилик бўлади, деган хаёлда икки карра икки тўрт бўлиши ҳақида айтиб қолишади, баъзан уларнинг товуқ тухум туғиши борасидаги ҳайратларига шерик бўла олмасак ҳам бизлардан хафа бўлиб, араз-қураз қилиб юришади.

*  *  *

Ёшлик, навқиронлик палласида юз берадиган айрим можаролар, баъзан ўта шафқатсиз бўлади, баъзан ана шундай дамларда бу қийинчиликларни бошдан кечираётган ёшларимизга бирор-бир йўл билан кўмак беришни ҳам уддалай олмаймиз.

*  *  *

Рожер учун дипломатик хизмат айни муддао бўлур эди. Зеро, мазкур соҳада ҳазил-мазахдан йироқ бўлиш айб эмас, аксинча, фазилат саналади.

*  *  *

Баъзан одамлар: "Аёл зоти жуда шуҳратпараст бўлади-да", деган гапларни айтишади. Бекор гап, бу борада эркакларнинг қошида аёллар камтарликнинг тимсоли, дейиш мумкин.

*  *  *

Ўз юрагинг буткул ўзингники эканини ҳис қилиш қандай роҳат, бу кишининг ўзига бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди, қалбига эркинлик, ҳурлик бахш этиб, бутун вужудини ғурур ва ифтихорга тўлдиради.

*  *  *

Аслида, туйғуларни саҳнада ҳаққоний ижро этишинг учун уларни аллақачон яшаб ўтган, ортингда қолдирган бўлишинг лозим экан. Жулия шу ўринда, бир пайтлар Чарлз шеърият тўғрисида фикр юритиб, айтган бир гапни эслади: "Шеърият одатда ўзинг бошингдан кечириб бўлган ва мазмун-моҳиятини аллақачон  англаб етган ва айни пайтда сени ҳаяжонга солмай қўйган ҳиссиётларингдан туғилади".

*  *  *

Одамлар ҳақида хулоса чиқаришда шошма-шошарлик қилиш ярамайди. Кўпинча биз оқсуяк аслзодалар деганда - бир тўда ярамас, бекорчи олифталарни хаёлга келтирамиз, аммо ана шу ярамасларнинг орасидан ҳам лоп этиб биттаси чиқади-да, шундай оламшумул бир фикр айтиб, ҳамманинг ақлини шошириб қўяди. Зеро, бу фикр мазмунининг теранлиги, ҳаққонийлиги билан барчага бирдек манзур бўлади.

*  *  *

Сиз турли музей ва галереяларга ташриф буюрар экансиз, баъзан ўзингизча, эҳ, бунча зерикарли бўлмаса, шунча вақтимни беҳуда кетказдим, дея ўйлайсиз. Аммо кутилмаганда, ўша ерда кўрганларингиздан ниманингдир қай бир ишингизга, албатта, фойдаси тегиб қолади.

*  *  *

Баъзан саҳнадаги ижро - мунофиқлик, риёкорлик дейилади. Аслида эса айнан ана шу мунофиқлик ҳаётдаги ягона ҳақиқатдир.

НАСРИДДИН тайёрлади.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!