Меню
Қашқадарё
ТЎҒРИ КЕЛГАНИНИ ЭМАС, ТАНЛАБ ЎҚИШ ЗАРУР
Жумладан, Қуръони каримнинг 740 ўрнида илм, ҳикмат ва маърифат тўғрисида оят келтирилган. Аллоҳ таоло ўзининг охирги ва мукаммал китоби бўлган муқаддас Қуръони каримни ҳам айнан "Ўқи!" сўзи билан бошлагани бежиз эмас.
Демак, ҳар бир мусулмон имкони борича ўрганишга уриниши лозим. Чунки ҳадиси шарифда ҳам бешикдан қабргача илм ўрганишга буюрилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилган одам улкан савобларга эга бўлади ва икки дунёнинг бахту саодатига эришади.
Илм бор ерда китоб кўпаяди. Китоб бор ерда илм ривожланади. Илм ривожланган ерда тараққиёт бўлади, халқ фаровон яшайди, мамлакат обод бўлади.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, китоб, айниқса, диний манбаларни ўқиш учун ҳам киши аввало унинг қандайлигини англаб етмоғи керак. Чунки ҳадиси шарифларда "Албатта бу дин илмидир. Уни кимдан ўқиётганингизга эътибор беринг" дейилган.
Биз қайси китобни ўқишимизга, унинг муаллифига ҳам диққат бермоғимиз керак бўлади. Хусусан, диний китобларда бу нарса ўта муҳимдир. Бунинг учун аҳли сунна вал жамоа ақидасига тўғри келадиган, ҳанафий мазҳабида ёзилган асарлар кифоядир. Билиб-билмай кераксиз китобларни ўқиб, ақидада ёки мазҳабда адашиб қолишдан сақланиш зарур.
Ҳозирги глобаллашув замонида кимдир интернет орқали, яна кимдир динга оид маърузаси билан одамларни чалғитишга, эътиқодидан буришга, турли низоларни келтириб чиқаришга уринаётгани ҳеч кимга сир эмас. Яна кимлардир азалдан ота-боболаримиз эътиқод қилиб келган мотуридия йўналиши ҳамда Ер юзи мусулмонларининг аксарини ташкил этадиган ҳанафий мазҳаби ғояларига зид тушунчаларни тарқатиб, ёш авлоднинг бошини гангитиб, мусулмонлар ўртасида турли ғаразликларни, фитна ва зиддиятларни урчитишга ҳаракат қилмоқда.
Бу йўлда адашмаслик учун дуч келган нарсани ўқийвермасдан, ўзимизнинг алломаларнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тасдиғидан ўтган, юртимиз нашриётларида босиб чиқарилган китобларни мутолаа қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Аллоҳ таоло илмга бўлган меҳримизни, китобга бўлган рағбатимизни кучайтирсин. Аждодларимизнинг асарларини ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ қилишни барчамизга бирдек насиб айласин.
Раҳматилло УСМОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили