Меню

Қашқадарё

26.05.2020 1975

ТЎҒРИ ЙЎНАЛТИРИЛГАН САРМОЯ - МУВАФФАҚИЯТ АСОСИ

Тадбиркор - элга мададкор

Статистик маълумотларга кўра, ривожланган давлатларда мавжуд корхоналарнинг 90 фоиздан зиёди тадбиркорларга тегишли, меҳнатга лаёқатли аҳолининг қарийб 60 фоизи хусусий секторда иш билан банд.

Шунга монанд, мамлакатимизда ҳам тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонларга турли имтиёзлар бериш орқали фаолиятини қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Мақсад аниқ - тадбиркор бойиса, ривожланса, яна янги-янги ташаббусларни амалга оширади, пировард натижада эса қўшимча иш ўринлари яратилади, ҳудудларда ишлаб чиқариш салмоғи ортади, хизмат кўрсатиш сифати яхшиланади.

Буни Деҳқонобод туманида фаолият юритаётган тадбиркор Ваҳоб Норсафаров фаолияти мисолида кўрайлик. Фаолиятини бошлаганига унчалик ҳам кўп бўлмаган ишбилармон бугунги кунда қишлоқ хўжалиги, савдо ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ўнлаб ташаббусларни амалга оширган. У ва оила аъзолари томонидан таъсис этилган "Реал Комфорт"  ҳамда "Эко комфорт" хусусий корхоналари тасарруфида бугун икки қаватли замонавий савдо мажмуаси, уч юлдузли меҳмонхона, 168 ўринга мўлжалланган хусусий боғча, йилига 200 тонна гўшт етиштиришга ихтисослашган бўрдоқичилик комплекси, бир гектар майдонга эга писта ва яна бир гектар грек ёнғоғи боғи, иккита сунъий қопламали спорт майдончаси, ўнлаб кичик савдо,   овқатланиш ва спорт-соғломлаштириш мажмуалари фаолият юритмоқда. Ушбу шохобчаларда юзга яқин кишининг иш билан бандлиги таъминланган.

Жорий йилда эса тадбиркор яна бир  йирик ташаббусни амалга оширди.  Бу лойиҳа доирасида туманнинг Бешбулоқ маҳалласи ҳудудида 270 гектарлик янги писта плантацияси ташкил этилиб, 57 минг дона кўчат, орасига эса Кўҳистон ковраги экилди. Ҳудудни чорва молларидан ҳимоя қилиш учун майдон тўлиқ темир панжаралар билан ўралиб, 11 километр масофадан электр тармоғи, 6 километр йўл тортиб келинди.

- Шунингдек, учта артезиан қудуғи, учта ҳар бири 250 тонна сиғимга эга ҳовуз қуриб, экинни сувлашни йўлга қўйдик, - дейди тадбиркор. - Бу ишлар учун жами 8 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфладик. Лекин тўрт-беш йилдан сўнг йилига бундан бир неча маротаба кўп даромад олишни бошлаймиз. Бунга ишончимиз комил.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, Кўҳистон ковраги яна тўрт йилдан сўнг доривор шира беришни бошлайди. Яхши ривожланган ўн-ўн бешта ковракдан бир кило доривор хом ашё олиш мумкин. Ҳозирги кунда эса экспортёр корхоналар бундай маҳсулот килосини 800-900 минг сўмдан харид қилмоқда. Энди 270 гектар майдондаги коврагу ундан олинадиган тонна-тонна шира ва келадиган даромадни ўзингиз ҳисоб-китоб қилиб кўраверинг. 

Экилган писта буталари эса яна 7-8 йилдан сўнг мева туга бошлайди ва 700-800 йил давомида ҳосил беради. Ҳар гектар  пистазордан 1 тоннага қадар сара маҳсулот олиш имкони мавжуд. Бугунги кунда бир килограмм пистанинг улгуржи савдодаги энг арзон баҳоси 100 минг сўм эканлигини ҳисобга олсак, тадбиркор 270 гектар пистазордан йилига 200 тоннадан маҳсулот олганида ҳам фақат шунинг ўзидан келадиган йиллик даромад 20 миллиард сўмни ташкил этади.

Хўш, тадбиркор эртага бу пулни нима қилади? Албатта, иқтисодий имкониятидан унумли фойдаланиб, яна янги лойиҳаларни амалга оширади, катта-катта завод-фабрикаларни қуради. Натижада эса яна     юзлаб иш ўринлари яратилади, ҳудуд фаровонлиги ошади. Шунинг учун ҳам айтади-да "Тадбиркор - элга мададкор" деб.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!