Меню

Қашқадарё

29.10.2019 2102

ТЎҒРИ ЙЎЛ ТУТГАН ПАЙТИНГДА БУЙРУҚСИЗ ҲАМ ОРТИНГДАН ЭРГАШАДИЛАР...

 

Мутолаа учун тавсия

Барчамиз ҳар куни турли кишилар билан ҳуқуқий, иқтисодий ҳамда ижтимоий муносабатларда бўламиз. Бу жараёнда чинакам инсоний хислатларни намоён қилиш муҳим аҳамиятга эга. Шу ҳақда яратилган асарлар, мутафаккирларнинг фикр ва қарашлари эса бу борада бизга муҳим дастуриламал бўла олади.

Милоддан аввалги 551-471 йилларда яшаган Хитой файласуфи Конфуцийнинг ўгитлари, ҳикматлари, панду насиҳатлари ҳанузга қадар эъзозланиб, қадрланиб келади. Конфуцийнинг фалсафий ва социологик қарашларида ахлоқий масалалар марказий ўринда туради. Унинг таълимотида донолик, ота-она ва катталарга ҳурмат кўрсатиш, ўзида олижаноб фазилатларни шакллантирган, халққа мурувватли, бутун куч ва қобилиятини жамият олдидаги бурчини бажаришга, миллий урф-одат ва анъаналар бажарилишини таъминлашга сарф этувчи инсон ғояси ётади. Конфуций таълимоти Хитой сиёсий-ҳуқуқий ва фалсафий таълимотининг асоси ҳисобланиб, Бобил, Миср ва бошқа мамлакатларда ҳам кенг тарқалган.

Конфуцийнинг "Ҳикматлар"и ана шу "олий одам"нинг юксак фазилатларини акс эттиради. Асарда пок инсоннинг бешта хислатга эга бўлиши кераклиги таъкидланган. Биринчи хислат - одамларга муҳаббат ва меҳрибонлик кўрсатиш. Иккинчиси - ҳақиқатгўй инсонларга адолатли бўлиш ва яхшилик қилиш. Учинчиси - миллий урф-одатлар ва анъаналарга содиқ бўлиш. Тўртинчи хислат - соғлом фикр юритиш, оқиллик, ўз ҳаракатлари оқибатини англаш ва ўзини танқидий баҳолай олиш. Бешинчиси - самимийлик ва пок ният билан яшаш, ҳур фикрли ва виждонли бўлиш.

Конфуцийнинг "Суҳбат ва мулоҳазалар" ("Лунь Юй") асари унинг вафотидан кейин шогирдлари томонидан сабоқ чоғи эшитганларини тўплаб бунёд этилган. "Элни куч билан итоатга кўндирсанг ҳам, куч билан илм отига миндиролмайсан", "Тўғри йўл тутган пайтингда буйруқсиз ҳам ортингдан эргашадилар, нотўғри йўл тутган пайтингда буйруқ берсанг ҳам қулоқ солишмайди" каби мулоҳазалар инсоният бор экан, ҳамиша жаранглаб туради.

Мутафаккир "Янгини билиш учун - эскини ўрганиш керак" ва "Мулоҳазасиз таълимот фойдасиздир, таълимотсиз мулоҳаза бўлмайди", деб уқтирган. Унинг фикрича, халққа раҳбарлик қилишга даъво қилувчилар равшан кўриш, аниқ эшитиш, истараси иссиқ, ишига бошқалар ҳавас қилиши, сўзлари самимий, ҳаракатлари эҳтиётликка асосланиши, гумон пайдо бўлганда бошқалардан сўраш, қаҳрининг оқибатларини ўйлаш, фойда олиш имконияти юзага келса ҳалолликни афзал кўриш каби фазилатларга эга бўлиши керак. Раҳбарлар ва яхши кишиларга майда ишларига қараб баҳо бериш ярамайди.

Конфуций ҳар бир инсон ҳамиша ўқиш ва ўрганишда бўлиши зарурлигини кўп бора таъкидлаган. Унинг фикрича, "Энг доно ва энг тентак инсонларнигина ўқитиб бўлмайди". Одамлар билан очиқ кўнгил ва мулойим бўлиш уқтирилади: "Ўзингга нисбатан қаттиққўл, бошқаларга мулойим бўл. Бу билан сен ўзингни инсонларнинг     нафратидан ҳимоя қиласан".

Улуғ аллома Абу Али ибн Сино 980-1037 йилларда яшаб, тиббиёт, мантиқ ва ҳуқуқ соҳасида бир қанча асарлар ёзган. Ғарбда Авиценна номи билан шуҳрат қозонган. Унинг "Тиб қонунлари" асари  машҳурдир. Ибн Сино илғор фикрлари учун доимо тазйиққа учраган. У маълум муддат Беруний, Масиҳий каби олимлар билан Хоразмдаги Маъмун академиясида фаолият кўрсатган. Маҳмуд Ғазнавий саройида хизмат қилишдан қочиб Ҳамадонга келган ва вазирлик қилган. Ҳасад ва ғийбат туфайли саройдан кетиб, табиблик қилган ва ижод билан шуғулланган. Унинг сиёсат, давлат ва ижтимоий табақаларга оид қарашлари Форобийникига ўхшашдир.

Ибн Сино давлат, ҳуқуқ, қонун ва қоидалар ҳақида "Рисолаи тадбири манзил", "Кўрсатмалар ва ўгитлар", "Юсуф қиссаси" каби асарларида бир қатор фикрларни билдирган. У жамиятни давлатсиз, қонун-қоидасиз тасаввур қила олмайди. Инсонларни жамиятда тутган ўрни ва вазифаларига қараб 3 гуруҳга, яъни давлат ишлари билан шуғулланувчилар, ишлаб чиқарувчилар ва давлатни қўриқловчи ҳарбийларга ажратган. Жамият аъзоларининг барчаси фойдали меҳнат билан шуғулланиши шарт, яъни бугунги кун сўзи билан айтганда, ишсизлар, дангасалар ва бефарқу лоқайдлар бўлмаслиги керак. Аллома фикрича, ҳар бир инсон ўзининг хусусий мулкига эга бўлиши, уни тасарруф этиши ва шу орқали жамиятда ўз ўрнини топиши лозим.

Улуғ ҳаким идеал давлат, маърифатпарвар шоҳ ва адолатли қонунлар бўлиши зарурлиги ҳақидаги ғояларни илгари сурган. Жамият аъзоларининг ниҳоятда бойиб ва аксинча ниҳоятда камбағаллашиб кетишини қоралайди. У одамларни ўзаро ҳамжиҳатликда, бир-бирига ёрдам кўрсатиш қоидаларига асосланиб яшашга даъват қилади. Жамиятда илм-фанни ривожлантиришни энг долзарб вазифа деб билади. Давлат халқ томонидан сайлаб қўйиладиган ҳоким томонидан бошқарилиши керак. Ибн Синонинг фикрича: "Аъзолари учун умумий қонунлар қарор топган мамлакатда адолатсизлик бўлиши мумкин эмас. Жамият аъзосининг адолатсизи жазоланиши керак. Агар ҳукмдорнинг ўзи адолатсиз бўлса, унга қарши ғалаён жамият томонидан маъқулланиши ва қўллаб-қувватланиши керак".

Ибн Сино ўзининг "Кўрсатмалар ва ўгитлар" асарида қабул қилинаётган қонунлар асрлар давомида халққа сингиб кетган яхши одат ва анъаналарга мос келиши кераклигини таъкидлайди. Унингча, қонунларни яратишда оила ва никоҳ масалаларига алоҳида эътибор берилиши керак. Жамиятда оила-никоҳ масалалари қанча мустаҳкам бўлса, бошқа масалаларда иллату муаммолар шунча кам бўлади. Халқнинг қонунларга бўлган ишончи уларнинг ижросига замин яратади. Ҳукмдор қонунларга риоя этишда халққа ўрнак бўлиши керак.

1897-1938 йилларда яшаб, аждодларимиз асрай олмаган, яъни озодлик, мустақиллик, давлат ва тилга оид ҳур фикрлари учун отиб ташланган    Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон маърифатпарварликка оид асарлари билан ўзбек адабиёти тараққиётига муносиб ҳисса қўшган. Замондошларининг таърифича, Чўлпон камтарин, самимий, ростгўй, мулойим, олижаноб ва ўзгалар дарди билан яшовчи инсон бўлган. У шоир, драматург ва очеркнавис сифатида ижод қилган. Юрт мустақиллигининг қўрқмас куйчиси, озодлик ва адолат, илм ва маърифатнинг бош тарғиботчиси сифатида майдонга чиққан.

Чўлпоннинг "Кеча ва кундуз" романи, "Баҳор овуллари", "Шарқ уйғонган", "Йўл эсдалиги", "Қутурган мустамлакачилар", "Уйғониш", "Булоқлар", "Соз" каби асарлари диққатга сазовор.

"Амирнинг ўлими" шеърида "Кўнглимда йиғлаган малаклар кимлар, Шарқнинг оналари жувонларими? Қаршимда инграган бу жонлар кимлар, Қуллар ўлкасининг инсонларими?" деб фарёд чекади. Чўлпон Мунаввар қори, Беҳбудий, Қодирий, Фитрат каби замондошлари билан биргаликда шахсий ҳаёти, манфаатини ўйламасдан элу халқнинг ҳақиқий зиёлиси сифатида тил, миллат ва Ватан ҳақида қайғуриб, ўлимига қадар озодлик, эрк ва ҳурликни тарғиб қилди. Халқи оёқларидаги кишанларни парчалаб ташлашни орзу қилиб яшади ва шу йўлда ижод қилди.

Абдулҳамид Чўлпоннинг ҳаётини ўрганиб, Қодирий тили билан айтганда, у даврларнинг ҳақиқатан ҳам "тарихимизнинг энг кир, қора кунлари" бўлганини ҳис этасан. Жадид боболаримиз, ҳақиқий халқпарвару ватанпарварларнинг "миллатчи, халқ ва ватан душмани" эканлигига гувоҳлик берган, ҳануз номи ошкор қилинмаган "зиёли" миллатдошларимизга лаънатлар айтгинг келади. Ўйлаймизки, вақтлар келиб тарихимизга оид бу сирларни ошкор қиладиган мардлар топилади.

Чўлпон Шекспирнинг "Ҳамлет" ва Горькийнинг "Она" романларини таржима қилган. Ўнлаб драмалар ёзган ва уларни ўз вақтида саҳналаштиришга бош-қош бўлган. Унинг "Замона хотини" пьесасида аёллар эрки ва уларнинг жамиятни бошқаришдаги иштироки масаласи кўтарилиши билан бирга, адолатли тузум, ҳақиқатпарвар ва инсонпарвар жамият ғояси илгари сурилган.

Муаллиф "Кеча ва кундуз" романининг "Кеча" қисмида ўтмишнинг қоронғи манзарасини чизган бўлса, ёзилмаган ёки ёзилган бўлса-да, топилмаган "Кундуз" қисмида халқнинг келажакдаги бахту саодати ҳақидаги орзуларини баён қилмоқчи бўлгандир. Романнинг "Кеча" қисмида ўша тузумни "кишанли жамият" ва "қоронғи муҳит" сифатида таърифлайди. Халқни ғафлат уйқусидан уйғотмоқчи бўлади. Асар воқеалари Раззоқ сўфи, Қурвонбиби, Зеби, Акбарали мингбоши каби образлар орқали ишончли тасвирланган. Ушбу асар Абдулла Қодирийнинг "Ўтган кунлар" ва "Меҳробдан чаён" романлари қаторида ўзбек адабиётидаги етук романлардан бири бўлиб қолди.

Абдишукур ОМОНОВ

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!