Меню
Қашқадарё
ТЎМАРИС ИЗДОШЛАРИ
Кўрик-танлов
Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг Қарши шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмида "Тўмарис издошлари" кўрик-танловининг минтақавий босқичи бўлиб ўтди.
Унда чегара қўшинларида фаолият олиб бораётган ҳарбий хизматчи аёллар иштирок этди.
- Танловнинг илк босқичи чегара қўшинлари тасарруфидаги ҳарбий қисм ва муассасаларда ташкил этилган эди, - дейди чегара қўшинлари офицери, майор Айбек Даулетмуратов. - Ўз ҳарбий қисмида ғолибликни қўлга киритган 4 нафар иштирокчи, жумладан Қашқадарё, Бухоро, Навоий вилоятлари вакиллари республика босқичига йўлланма олиш учун баҳс олиб борди.
Иштирокчилар ўзини таништириш, пазандалик санъати, саф тайёргарлиги ва ҳарбийча қад ростлаш, ақл-заковат баҳси ҳамда санъат йўналишида ўз билим ва қобилиятларини намоён этишди. Уларнинг ҳар бир шарт бўйича кўрсатган натижалари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Якуний натижаларга кўра, энг кўп балл жамғарган Қарши шаҳридаги ҳарбий қисм вакили Элеонора Иванова ғолибликни қўлга киритиб, танловнинг якуний босқичида иштирок этадиган бўлди.
Барча иштирокчиларга танлов ташкилотчилари томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир якунида танлов қатнашчилари ва уларнинг яқинлари Қарши шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишишди.
Ж.ҚИЛИЧЕВ