Меню
Қашқадарё
ТЎХТАГАН ПОЕЗД, ТЎХТАТИЛГАН ТАРFИБОТ
Флешка, қўл телефони ёки дискка ўнлаб, юзлаб материаллар жо бўлишини инобатга олсак, бунга қарши кураш катта эътибор ва масъулиятни талаб қилади. Бу борада ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамкорлигида мунтазам равишда чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Хусусан, чет давлатларда тайёрланган ва юртимиз ҳудудига олиб кириш тақиқланган диний адабиётларни республикамиз божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтишга уриниш билан боғлиқ қонунбузарликларга қарши курашиш натижасида 2017 йилнинг ўтган даврида 38 та ҳолат аниқланди. Олинган материалларнинг 280 таси диний мазмундаги аудио ва видеомаҳсулот, 4 таси ақидапарастликни тарғиб қилувчи манба ва 1 та зўравонликка қаратилган фильмдан иборат.
"Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасида чет элда нашр этилган диний адабиётларни олиб келиш ва тарқатиш, уларнинг мазмуни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилганидан кейингина амалга оширилиши белгиланган. Бундай адабиётларни олиб келиш, сотиш ва тарқатиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг рухсати билан амалга оширилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузуми, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш, уруш, зўравонлик, терроризм, шунингдек, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғояларини тарғиб этиш, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборотни тарқатиш, диний эътиқодни ўзгартиришга даъват қилиш, диндорларнинг диний туйғуларини ҳақорат қилиш ёки камситиш, фуқароларни ўз конституциявий мажбуриятларини бажармасликка чақириш каби ғаразли ниятни кўзлаган материалларни тарқатишга йўл қўйилмайди.
Бу каби тартиб-қоидаларни касбилик Иномбек Одилов (исм-фамилия ўзгартирилган) четлаб ўтишга уринди. У 2017 йил 23 февраль куни Москва-Қарши йўналишидаги авиарейс билан Қарши халқаро аэропортида парвозини якунлади. Ўзи томонидан тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси асосида божхона назоратидан ўтказилганда, декларацияда кўрсатилмаган қўл телефони хотирасида 2 дона МP3 форматдаги диний мазмундаги маъруза борлиги аниқланди. Якунда Иномбек Одиловга нисбатан юритилган маъмурий иш материаллари асосида ЖИБ Қарши шаҳар судининг қарори билан 748 минг 875 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди. Далилий ашё сифатида олинган қўл телефони тозаланиб, давлат эгалигига ўтказилди.
Яна бир ҳолатда жорий йилнинг 7 февраль куни Нишон туманидаги темир йўл разъездида 319-сонли Душанбе-Москва йўналишидаги йўловчи поезди ҳамда йўловчилар божхона назоратидан ўтказилди. Натижа шу бўлдики, ушбу поезднинг 7-вагонида йўловчи сифатида кетаётган қўшни давлат фуқароси Дилшод Саъдуллаевнинг хатти-ҳаракатлари шубҳа остига олиниб, унга тегишли юклар божхона назоратидан ўтказилганда, “Samsung” маркали қўл телефони хотирасида 67 дона диний мазмундаги материал мавжудлиги аниқланди ва белгиланган тартибда баённома расмийлаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита хулосасига кўра, Дилшод Саъдуллаевдан ашёвий далил сифатида олинган уяли телефон хотирасидаги материаллар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва бузғунчиликни тарғиб этувчи, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланган материаллар сирасига кириши маълум бўлди.
Жиноят ишлари бўйича Касби туман судининг ҳукмига кўра, қўшни давлат фуқароси Дилшод Саъдуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилди ва жиноий жавобгарликка тортилди.
Шуни билиш лозимки, бу каби материаллар энг бебаҳо неъмат - тинчлик-осойишталигимизни бузишга, кишилар орасида ихтилоф чиқаришга қаратилгани билан хатарлидир. Хавфли қилмишнинг вақтида олди олинди. Бузғунчиликни тарғиб этмоқчи бўлган одам ўзининг ҳаётини, тақдирини, келажагини бузди, холос.
Собир ХОЛМУРОДОВ, вилоят божхона бошқармаси катта инспектори