Меню

Қашқадарё

23.12.2017 2431

ТЎЙКУРАШДАГИ “ТОМОША”ЛАР

Яқинда бир дўстимм қишлоқда тўй бўлаётгани, катта кураш берилишини айтиб, томошага чорлади. Ўйлаб кўрсам, кураш ўйинини жонли томошақилмаганимга ҳам анча бўлибди. Шу боис барча ишларни четга суриб,қишлоққа ошиқдим. Кураш бўладиган майдонга узоқ-яқин қишлоқлар, қўшни туманлар, ҳатто бошқа вилоятлардан ҳам ишқибозлар келишган, тумонат одам. Болалигимда ҳам бу ерда ана шундай курашлар бўлган.

Полвон кўп, давра талаш

Билагида кучи бор ҳарқандай киши ҳам юрак ютиб даврага чиқа олмайди. Чунки кураш мағлубиятсиз бўлмайди. Ғурури, орияти баланд инсоннинг мағлубиятни тан олиши эсақийин кечади. Катта-катта полвонларнинг ҳам бир бор рақибидан енгилиб, йиллаб кураш тушмай кетганлари ҳақида кўп эшитганмиз.

Ҳозир эса ўзини полвон санагувчидан кўпи йўқ экан. Тўйда ёш болалар ўртасидаги курашлар якунланиб, навбат ўсмир ёшдаги полвонларга келгач,   соврин ҳам шунга яраша дадил-дадил айтила бошланди. Буни кўриб 40-50 чоғлик полвон йигитлар баковулни ўраб олиб, “мен курашаман”, “мени палончи билан туширинг”, “палончига мен чиқай” каби талабларни бошлаб юборишди. Уларга гап уқтира олмаган баковул ҳам охири иккита-иккитасини бирқилиб, “ана кураш” деб юбораверди. Қаранг, бир давранинг ўзида беш-олти жуфт полвон кураш тушаяпти. Энг қизиғи, ғолиб полвон тўй эгаларидан соврин (мукофот)ни оладию, яна даврага югуради. Йиқилган полвон ҳам  кийимининг чангини қоқа-қоқа баковулга қараб талпинади: “яна бошқа бирортаси билан туширинг”.

- Бу ёшларнинг кўзига совриндан бошқа ҳеч нарса кўринаётгани йўқ, - дейди ўз вақтида тўйкурашларда ном таратган, ҳозир эса кексалик гаштини сураётган Носир полвон. – Даврага чопиб чиқиб, биттасини йиқитадию, уч юз, тўрт юз минг сўм олади. Ҳатто, биттаси йиқилиб бериб, четга ўтиб совринни бўлишадиганлари ҳам бор, бундайларни кўп эшитаяпмиз.  

Ўзимизнинг полвон ютади

Илгари тўйкурашларга бегона жойдан, нотаниш полвонлар ҳам келибқолар, агар зўр бўлса, ҳеч ким танимаган ана шу полвон даврада номқозониб, совринни ҳам, томошабинларнинг олқишию раҳматларини ҳам олиб кетарди. Ҳозир эса бу иш унча-мунча полвоннинг қўлидан келмас экан. Тўғрироғи, маҳаллий полвонлар бунга йўл қўйишмас экан.

Навбат янаям каттароқ полвонларга етиб келди. Даврага сурхондарёлик  Бобур полвон вақўшниқишлоқлик Аъзам полвонлар тушди. Совринга бир ҳўкиз, бирқўчқор ва бир “қизил туя” (тилла тақинчоқ)қўйилди.

- Аъзам меҳмонга совринни бермаслиги аниқ, - деди ёнимда ўтирган Носир полвон. – Болапақир “палон жойда кураш бор экан” деса, яктакни қўлтиқлаб келаверибди-да.

- Аъзам полвон шунчалик кучлими? - дедим уни яхши билмаганим учун. Носир полвон эсақараб тур, ўзинг кўрасан, дегандек даврага ишора қилиб қўйди. Шундан сўнг яна эътиборимни даврага қададим.

Полвонлар бир-бирини синовдан ўтказиб олишгач, Аъзам полвон ҳайқириб рақибини олдинга тортди. Меҳмон полвон эса чўккалабқолди. Ана шу пайт одамлар орасидан бир киши югуриб чиқиб, Азам полвонни елкасига кўтариб олди ва давра айланиб югура бошлади. Кейин эсақутловга яна 50 чоғлик тарафкашлари қўшилиб кетишди. Томошабинларнинг орасида бу ҳолатга норозилик билдираётганлари ҳам кўп, лекин шунчаки ўз полвониниқўллаб, бундан завқ олаётгани, “Аъзам ҳалол йиқитди, совринни беринглар” дея бақираётганлари ҳам кам эмас. Хуллас, тумонат одамнинг ғала-ғовурида ким нима деяётганини тушунишнинг иложи йўқ. Баковул ҳам, тўй эгаси ҳам ҳайрон. Ҳалол йиқитмади, бошқатдан курашсин, дегани билан Аъзам полвоннинг тарафкашлари тинглашни исташмайди, жанжал чиқиб, тўй бузилади. Охири совринни бериб қутулишди. Ҳеч кимга гап уқтира олмаган меҳмон полвон эса яктагини ерга улоқтириб, даврадан чиқиб кетди. Носир полвоннинг айтишича, ўз элида бўладиган тўйкурашларда ана шундай устунликлардан  фойдаланиш, рақибга турли йўллар билан босим ўтказиш ҳам айрим “полвон”ларимиз учун одатга айланиб бораётган экан. Бунга томошабинлар ҳам кўникибқолишибди.

Бир даврада иккита тенгсиз полвон

 Тўйкурашларнинг энгқизиган жойи халқ тилида айтганда “товоқ олиш” бўлади. Товоқ деганимиз, баковул совринга бериладиган пул ва бошқа   буюмларни бир қоғозчага ёзиб, уни ўқиб эшиттиради ва  кейин давра ўртасига ташлайди. Шу даврадаги ҳар қандай полвон билан бел олишишга тайёр бўлган киши бориб “товоқ”ни олиши мумкин. Сўнг даврадан унга талабгор чиқади. “Товоқ” олган полвоннинг бу билан курашмайман, палончининг тажрибаси катта, пистончи билан кучимиз тенг эмас каби баҳоналарни қилишга ҳаққи йўқ.

Баковул биринчи “товоқ”қа бир той, бирқўчқор ва икки гилам қўйилганини айтиб, қоғозни давра ўртасига ташлади. Кўп ўтмай уни ҳамма кутаётган полвонлардан бири – Элбек полвон чиқиб олди. Баковул унинг қўлидан тутиб, уч марта давра айлантирди. Даврадан Элбек полвонга рақиблик қиладигани чиқмади. Шундан сўнг полвоннинг соврини берилди. Иккинчи “товоқ”қа эса бир туя, бир ҳўкиз ва каттагина миқдорда пулқўйилди. Бу “товоқ”қа  халқ таниган полвонлардан яна бири – Зариф полвон чиқди. Энгқизиғи, баковул Зариф полвоннинг ҳамқўлидан тутиб, уч марта давра айлантирди ҳамки, унга рақиб топилмади. Шундан сўнг мухлислар “Зариф зўр бўлса, боя Элбекка нега чиқмаган? Элбек полвон ана энди чиқсин...” дея норозилик билдира бошлади. Баковул ҳам ортига бурилиб, Элбек полвонни чақирди, аллақачон ўз “улуши”ни олиб бўлган Элбек полвон эса айрим сабабларга кўра Зариф полвон билан курашмаслигини маълумқилди. Яна чорасизқолган тўй эгалари Зариф полвонга ҳам совринни беришга мажбур бўлди. Шу даврадаги кишиларнинг айтишича, бу ҳам бир-бирини яхши биладиган “катта полвонлар”нинг жон койитмай туриб соврин олиш учун ишлатадиган усулларидан бири эмиш. Яна баъзи полвонлар эса даврага чиқиб, рақиб билан номигагина кураш тушар, ҳеч даврани қиздиравермагач, охири баковул уларнинг кучлари тенг келганини тан олиб,   совринни бўлиб берар экан. Бунга полвонлар рози, албатта. Бироқ томошабин-чи?

Спортча принциплар керак

Хуллас, тўрт соат давом этган курашда шунга ўхшаш бир нечта дилни хира қиладиган ҳолатларнинг гувоҳига айландик. Тўйкураш нега аввалги довруғини йўқотиб бораётгани, одамларнинг бундай томошадан нега кўнгли совиб кетаётганлиги сабабини ҳам англагандек бўлдим. Чунки асрлар давомида тўйкурашларни томоша қилиб, ундан завқ олиб келган халқимиз полвонларнинг даврадаги ҳалол ва муросасиз баҳсларини, нафақат соврин, балки томошабин олқиши, меҳри, ўз элининг ғурур ва орияти учун қиладиган курашини исташади. Ана шу истак уларни тўйкураш томошасига етаклаб боради. Айрим тўйлардаги юқоридаги каби ҳолатлар эса одамларнинг курашга бўлган меҳрини совутиб, бу томошага иштиёқини сўндирмоқда, холос. Шахсан ўзимда бундай ноҳалол, ғирром мусобақани қайта кўришга ҳечқандай қизиқиш қолмади.

Курашдан қайтар эканмиз, давра атрофида қўша-қўша ҳўкиз, қўчқор етаклаган, той, туя минган полвонларнинг кўплигини кўриб,   Носир полвон ўз ёшлигини эслаб қолди. Унинг айтишича, кучга тўлиб, унча-мунча давранинг зўри бўлиб юрган вақтларида ҳам олиб келган энг катта соврини бир қўчқор бўлган экан. Бугун эса тўйкурашлар анчайин дабдабавор кўриниш касб этган. Ҳатто тўйида кимўзарга кураш бераётган, миллионлаб пулларни тўкиб-сочаётган кишилар ҳам бор. Эҳтимол, юқоридаги каби ҳолатларнинг авж олишига, ёш-ёш йигитларнинг пул учун даврага чиқиб, полвонликка хос ҳалоллик, орият ва ғурур каби фазилатларни унутиб қўяётганига ҳам ана шу совринларнинг катталиги сабаб бўлаётгандир.

Яна бир жиҳати, авваллари тўйкурашларнинг ёзилмаган қоидаси бўлган. Полвон ҳам, баковул ҳам, ташкилотчи ҳам ана шу қоидаларга қатъий амалқилишган. Даврада халқ назари энг асосий ҳакам бўлган. Улар бу “ҳакам”нинг таъсиридан чиқиб кета олишмаган. Бугун биз кўраётган тўйкурашларда эса бу ҳолатни кўпам кузатмаймиз. Шундай экан, тўйкурашларда ҳам спорт принциплари, тартиб-қоидалари сўзсиз амал қилиши, бунинг учун унинг устидан маҳалла ёки бошқа жамоатчилик назоратлари ўрнатилиши лозим. Токи,қадим-қадимдан ёшларимизни ҳалоллик, рақибга ҳурмат, юксак ғурур ва орият руҳида тарбиялаш воситаси бўлиб келаётган миллий курашимиз  мавқеига путур етмасин. Полвон дегани қийматли совринга орини, ғурурини, ҳалолликни алишмасин. Кураш моддийлик манбаига айланиб қолмасин.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!