Меню

Қашқадарё

13.07.2017 1996

ТЎЙГА АТАЛГАН КОНЬЯК

Шуни ҳам айтиш жоизки, мазкур ҳолатда божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 5 августда рўйхатдан ўтказилган Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақидаги қарор асосида йўловчи божхона декларациясини тўлдиришда, ўзлари билан олиб ўтаётган барча буюмлар қаторида алкоголь маҳсулотларини ҳам қайд этишлари шарт. Белгиланган бу каби тартиб-қоидаларга риоя қилмаганларга нисбатан амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ тегишли  чоралар кўрилади.

Айнан шу қоидани Москва-Қарши йўналишидаги 995-сонли авиарейс билан Қарши халқаро аэропортида парвозини якунлаган ота-бола Авлақул ҳамда Баҳодир Эшназаровлар (исм-фамилиялар ўзгартирилган) унутиб қўйишди. Улар амалдаги тартибга кўра, 1 нафар жисмоний шахс ўзи билан 2 литр миқдорида алкоголли маҳсулотларни божхона тўловларисиз олиб ўтиш мумкинлигини билса-да, белгиланган миқдордан ортиқча бўлган 4 литр ҳажмдаги 2 дона коньяк ва яна шунча вискини йўловчи божхона декларациясида қайд этмасдан кийим-кечаклари орасига яширинча жойлаштириб, ноқонуний  тарзда олиб ўтаётганида, тўхтатиб қолинди. Қизиғи шундаки, ҳуқуқбузарларнинг маълум қилишича, мазкур алкоголли ичимликлар Баҳодирнинг  уйланиш тўйи учун олиб келинган экан.

Яна бир ҳолатда, Нишон тумани ҳудудида жойлашган 154-сонли темир йўл разъездига келиб тўхтаган 320-сонли Москва-Душанбе йўналишидаги йўловчи поезди божхона назоратидан ўтказилганда, ушбу поезднинг 8-вагонида йўловчи сифатида кетаётган қўшни давлат фуқароси Сафарали Нуровга тегишли юклар орасида йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган 10 дона ароқ борлиги маълум бўлди.

Якунда ушбу ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича мазкур фуқароларга нисбатан тегишли суд органларининг қарорлари билан жарима жазолари тайинланди ва ашёвий далил сифатида олинган алкоголли маҳсулотлар белгиланган тартибда йўқ қилиниши таъминланди.

Шуни айтиш жоизки, ўрнатилган мазкур тартиб-қоидаларнинг мавжудлиги иқтисодий барқарорликни таъминлаш билан бирга, четдан сифатсиз турли хилдаги маҳсулотлар ноқонуний кириб келишининг олдини олишга ҳам хизмат қилади.

Собир ХОЛМУРОДОВ,

вилоят божхона бошқармаси катта инспектори

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!