Меню

Қашқадарё

20.03.2018 1787

ТЎЙ ВА МАРОСИМЛАР – ШАХСИЙ ИШ ЭМАС

Жиддий мулоҳаза қиладиган бўлсак, бугун ҳаётимизда кўпайиб бораётган оилавий можаролар, низо-жанжаллар, ажралишлар, қудалар ўртасидаги совуқчилик сабаблари ҳам аксарият ҳолларда айнан серхаражат тўйларга, улар билан боғлиқ беҳад ортиқча сарф-харажатларга бориб тақалади.

Айни масалани Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган 2017 йилнинг  3 августида мамлакатимиз зиёлилари билан учрашувда ҳам ўртага ташлаган, “Мана, ўзинглар кўряпсизлар, соппа-соғ юрган айрим одамлар элликка кирмасдан туриб тўсатдан инсульт бўляпти,  инфаркт бўляпти. Сабабини суриштирсангиз, бошқалардан қолмасликка тиришиб, катта тўй қиламан, деб қарзга ботган бўлади...

Энг ёмони, айрим пул топиб ақл топмаган, маънавий савияси паст кимсалар тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли-туман янги одатларни ўйлаб топяпти. Буларни эшитиб, баъзан одам ҳайратдан ёқасини ушлаб қолади”, деган эди. Ўтган давр ичида шу нарса ойдинлашдики, тўйларимизни аниқ бир ҳужжат, қонун билан тартибга солмаса бўлмас экан.

Шу ўринда жадид маърифатпарвари Ҳожи Муин 
1919 йилда “Тўй ва аза маросими ҳақинда” номли мақоласида билдирган фикрларга қулоқ тутинг: “...илмсизлигимиз сабабли турли маросим ва одатлар юки остинда эзилиб, мунинг учун ахлоқий ва молий жиҳатдан ғоят кўб зарарлар кўрмакда бўлғон бир миллатмиз. Бизнинг халқ “мол ва жон кетса кетсун, обрўи кетмасун”, деб хатна ёки никоҳ ва ё аза маросимини ўрунға кетурмак учун қўлларинда бор нарсаларини 1-2 кунда барбод этадилар, қарздор бўлалар. Қарзларини адо эта олмағач, охири, “молни одам топар, одамни мол топмас”, деб ўз боғ ва ҳовлиларини сотиб, қарзлариға бералар”.

Бироқ афсуски, йиллар ўтса-да, замон ўзгариб бораётган бўлса-да, миллий тараққиётимизга катта тўсиқ ва ғов бўлиб келаётган бу иллатга  барҳам бериш, тўй-маъракаларни   ихчам, замонавий кўринишда ўтказиш ўрнига, тўйдан олдин ва кейин бўладиган керакли-кераксиз тадбирларни ўйлаб топиш, дабдабабозлик қилиб, ҳаддан зиёд исрофгарчиликка йўл қўйиш ҳолатлари тобора кучайиб бормоқда.

Мисол учун, Чироқчи туманида ўтадиган тўйларни олайлик. Тўй олди жараёнининг ўзи ақлни шоширади. Биламизки, Чироқчи туманининг аксарият ҳудудларида тўйлар “маслаҳат оши”дан бошланади. Баъзида маслаҳат оши кичикроқ тўйдан ҳам ўтиб кетади. Харажат борасида ҳам тўй эгаси бор топган-тутганини ана шу маросимдан аямайди. Қоидага кўра, “маслаҳат оши”га келганлар тўй куни хизматда бўлишади ва шунинг учун уларга айнан “маслаҳат оши”да зиёфат берилади. Яна бир томони эса, тўй спиртли ичимликсиз ўтиши мумкин, бироқ “маслаҳат оши” усиз ўтмайди. Боз устига 50 килограмм ош дамланиб, 50 килограмм гўштдан шўрва пиширилади.

Аслида ушбу маросимнинг моҳияти қариндош-уруғ йиғилиб, тўйни қандай ўтказиш, кимларни чақириш, ташкиллаштириш, кунини белгилаш борасида келишиб олишдан иборат бўлса-да, бугунги кунда у камида юзлаб кишилар йиғиладиган ва фақат базму жамшиддан иборат тадбирга айланиб қолганини қандай изоҳлаш мумкин? Бунча харажатнинг кимга, нимага кераги бор?

Туманда тўйлар одатда кунузоғи давом этади. Чунки бу – тартибга солинмаган, қачон бошланишию қачон тугаши билан биров қизиқмаган. Шунинг учун ҳамма хоҳлаган вақтида  келади. Бу тўй эгасини, айниқса, уй бекаларини хурсанд қилади, дейсизми? Тўйга деб куннинг исталган вақтида келган меҳмон қўшимча ташвишни келтириб чиқаришини англаб олиш қийин эмас. Айниқса, буни, бировга дардини айтмаса-да, бошидан ўтганлар яхши билади.

Айрим қишлоқлардаги тўйларда эса “бошланиб ўтар” деган ибора бор. Яқин инсонларга берилган таклифномада албатта, шу сўз бўлади. Мисол учун, тўй 25 март куни бўлса, таклифномага “24 март куни бошланиб,   25 март куни ўтади” деб ёзилади.   Ўз-ўзидан аёнки, икки соатда тугайдиган тўйнинг икки кун давом этиши тўй эгасининг ҳам руҳий, ҳам моддий тинкасини қуритади.

Кўпни кўрган, кайвони отахон ва онахонлар бош бўлиб, тўйларни ихчам, камчиқим, замонавий қилиб ўтказиш бўйича таклифлар беришса, кейин унга амал қилинса, бундан халқимизга фақат фойда бўлмайдими?

Бироқ тўйдаги харажатларнинг ўзи бир бало бўлса, тўй олди сарфлари ҳам ундан қолишмайди. Кейинги вақтда яна бир бемаъни одат пайдо бўлибдики, куёв бўлмиш бўлажак келинга “эгалик” қилиб қўйиши учун албатта зирак, узук ёки тилла занжир олиб берармиш. Қаердан чиқди бундай қилиқлар? Совчилар бориб, фотиҳа ўқилгандир, нон синдирилгандир, шу-да – эгалик, ортиқча лаш-лушга нима бор?

Ота-боболаримиз азал-азалдан икки ёш унаштирилдими, уларнинг бошини битта қилишга асосий мақсад сифатида қараган, дабдабали тўй эмас, чиройли турмуш ҳақида қайғуришган. Ҳозир-чи? Турмуш, рўзғорни юритиш ҳақида ҳеч ким ўйлаб кўрмаётгандай, қандай қилиб бўлмасин, ҳашаматга, бошқаларга ўзини кўрсатиб қўйишга интилиш кучайгандай.

Мисол учун, бўлажак келин-куёв томонидан бир-бирига то тўй ўтгунга қадар ҳар байрам, туғилган кунда фалон миллион сўмлик совға-салом юборишнинг нима зарурати бор? Одатда бундай совға-саломлар конфету шоколадлар, қимматбаҳо кийимлардан иборат бўлишини ҳисобга олсак, улар икки ёшга кейинги ҳаётида нима наф берарди? Моддийлик инсонга тўла-тўкис бахт олиб келганини ким кўрибдики, тўйларда маънавият эмас моддият бирламчи аҳамият касб этиб қолди?!

Аксарият ҳолларда фотиҳа тўйлари катта тўйлардан умуман қолишмайди. Бундай тўйларга камида уч-тўртта жонлиқ сўйилади, 400-500 одамга зиёфат берилади. Нима, шуни фотиҳа тўй деб атамасдан бирданига, битта тўй қилиб ўтказиб юборса бўлмайдими? Бинобарин, одамлар ўзига кўпроқ ташвиш  орттиришни, ортиқча харажатни хуш кўрса, ана унда савоб ишлар, саховат қилсин - эҳтиёжманд, таъминотида қийинчилиги бор оилаларга ёрдам берсин, мактабга, боғчага китоб совға қилсин. Ахир мана шундай ишларгина ҳақиқий эътирофга лойиқ эмасми?

Буям етмагандай, фотиҳа тўйида аёллар тўйга келувчиларнинг деярли ҳаммасига сарпо-суруғ тайёрлашади. Айниқса, қуда томонга 3-4 кийимлик қиммат мато, рўмол ва бошқа устки кийимлар, яна 20-30 аёлга кийимлик матолар совға қилинади.

Аслида сарпо, буюм йиғишга ружу қўйиш, ортиқча орзу-ҳавасга берилиш нафақат оила бюджетига, балки ёш оилалар маънавиятига ҳам жиддий путур етказишини унутмаслик лозим. Бу масалада кўп нарса аёлларга боғлиқ.

Албатта, тўй дастурхонларининг тўкин-сочинлиги аҳолининг турмуш даражаси тобора яхшиланиб бораётганидан ҳам далолат. Аммо исрофгарчилик, увол ёмон. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, айни пайтда тўйхоналарда бир нафар меҳмон учун харажатлар ўртача 40-50 минг сўмни ташкил этаркан. Никоҳ тўйларига ўртача 400-500 нафар (айримларида бундан ҳам кўп) меҳмон келади. Бу дегани тўй эгаси 15-20 миллион сўм (санъаткорлар ва шунга ўхшаш хизматларни ҳисобламаганда) сарфлайди дегани. Шу билан харажатлар тугаса қани. Ҳали олдинда “келин салом”, “ота кўрди”, “куёв оши”, “келин чақирди” сингари маросимлар бор. Тўй куни келолмаганлар “қуллуқ бўлсин”га келади, оқибатда уй эгаси қайтадан дастурхон тузаган, жонлиқ сўйган. Кўриниб турибдики, битта тўйга сарф бўладиган пул камхаржроқ оилани тубсиз жарга улоқтиради.

Хўш, дабдабали тўй қилган одамнинг топгани нимаю йўқотганлари нима? Топгани – қулоқ эшитмаган, кўз кўрмаган амаллар орқали келадиган бир кунлик “обрў”. Йўқотганларининг эса санаб адоғига етиб бўлмайди. Кўраяпмиз. Тўйдан кейин ойлаб қора қозоннинг қайнаши қийин кечаётган, жанжалу низодан боши чиқмай қолган оилалар ҳам бор, афсуски. Буларга ким  айбдор? Аввало, ўзимиз. Чунки ортиқча дабдабабозликни, исрофгарчиликни ўзимиз хоҳладик, ўзимиз шунга йўл қўяяпмиз.

Тўю маракаларни тартибга солиш борасида тарғибот тадбирлари тўхтаб қолган эмас. Айрим учраётган салбий ҳолатлар жойига бориб ўрганилган, ортиқча дабдабага берилган кишиларга қилаётган ишлари тўғри эмаслиги бўйича тушунтиришлар берилган. Бироқ камхарж, ихчам тўйлар ҳақида одамларнинг ўзида тўғри, онгли муносабат шаклланмаса, бу борада ижобий натижаларга эришиб бўлмас экан. Натижада тўйларни ихчамлаштириш меъёрий ҳужжат асосида тартибга  солинишига зарурат туғилганди.

Тўй-маъракалар миллатимизнинг азалий қадриятлари ва анъаналарини намоён этадиган кўзгу экан, уларни юксак маънавий мезонларга муносиб тарзда ўтказайлик. Бу эзгу ишга ҳамма бирдай бош қўшиши лозим, ҳеч ким ўзини четга олиши, менга бунинг дахли йўқ, деб лоқайд бўлиши мумкин эмас. Зеро, тўй ва маросимлар шахсий иш эмас, мамлакат ва миллат тақдирига дахлдор ижтимоий аҳамиятга эга масаладир.

Зафар РЎЗИЕВ, вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!