Меню
Қашқадарё
ТЎЙ ЭМАС, “ТЎЙЧА”ЛАР ЁМОН
- Йўқ, - деди у тўсатдан, - ёлғиз ўғил бўлсам-да, менга отамдан мақташга арзигулик нарса қолгани йўқ. Бори билан ҳам мени тарбиялади, ўқитди, уйлантирди, касб-корли қилди. Ҳа, айтганча, ҳозир ўзим яшаб турган кичкинагина ҳовли отамдан мерос. Бошқа нарса қолган эмас.
- Лекин домла, сиз ўттиз тўққиз кун тўй берганингиз йўқ-ку…
- Нега энди, - ажабланди у. - Яқиндагина ўғлим Сардорбекни уйлантирдим-ку.
- Ҳа, Сардорбекнинг тўйи ресторанда бўлди, узоқ чўзилган бўлса, тўрт соатга боргандир. Нега ўттиз тўққиз кун деяпсиз?
Бу гапимдан сўнг домла жилмайиб, ўз ҳикоясини бошлади:
- Ҳали ёшсиз-да, билмайсиз. Менам ўғлимга қиз танлагунга қадар йиғиб қўйганимни ресторанга элтиб бераман, бир кунда тўй ўтади-кетади, деб ўйлаб юрувдим. Аммо чучварани хом санаган эканман, тўйнинг атрофида кўзга кўринмай туриб, елкангни яғир қиладиган шундай “тўйчалар” бор эканки, тўғриси, ресторандаги тўй ҳам уларнинг олдида ип эшолмай қоларкан.
Масалан, келинимнинг отаси, яъни қудам - ўзимнинг эски танишим. Унга аввалдан сенинг қизингни келин қиламан, деб айтиб юрардим. Бундай олганда, бир киши совчиликка бориб, ишни пишитиб келиши қолганди, холос. Аммо биринчи совчи борадиган куни, уйимга қариндош-уруғлардан иборат каттагина гуруҳ йиғилди. Хотинимга қарасам, ҳозир удум шунақа дейди. Хуллас, эрталабдан ҳали патир ёп, ҳали пишир-куйдир, ел-югур бошланди. Бозор билан уйнинг орасида қатнайвериб, роса силлам қуриди, чўнтак ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Ҳа майли, совчилар ишни битириб келишди, хурсандчилик билан ташвишлар ҳам эсдан чиқиб кетди. Аммо орадан икки кун ўтиб, нон синдириш маросимини ўтказишга тўғри келди. Яна ҳовли тўла қариндош-уруғ, пишир-куйдир, ел-югур. Каминанинг чопгани бозор билан уйнинг ораси. Хуллас, келиннинг бошига рўмол ўралиб, деҳқонча айтганда документлаштириб келинди. Бунисигаям хурсанд бўлдим.
Лекин бир ҳафта ўтмай, хотиним яна янги хабар олиб келди:
- Эртага қуда томон куёвни кўргани келармиш, яхшироқ тайёргарлик кўриб, олдига ўн-ўн бешта одам айтишимиз керак, деди. Миямга бирданига маошим урилди. Аксига олиб, ой тўлган бўлса-да, маош бир-икки кунга чўзилаётганди. Энди кимдан қарз сўрайман?! Жаҳлим чиққанидан хотинга бақирдим.
- Нима, қудаларинг Сардорбекни кўрмай юришибдими? Ана ўзини юбораман эртага, қанча хоҳласа шунча кўришсин.
Хотинимнинг ранги докадек оқариб кетди:
- Вой, секинроқ гапиринг, дадаси, биров эшитиб қолмасин. Уларам ўғлингизни кўраман деб кўзи учиб тургани йўқ. Аммо удум шунақа ҳозир, қиз томон куёв кўргани келиши керак.
- Лекин шароит билан ҳам ҳисоблашиш керак-да, маошни олмаган бўлсам, бир уй одам айтгач, уларнинг олдига қуруқ чой билан нон қўйиб ўтирсам, тўғри келмаса…
- Ҳеч бўлмаса, тўйга деб йиғиб қўйган пулингиздан ишлатиб турармиз, - топағонлик қилди хотиним.
- Унда тўйни сени сотиб қиламанми?
- Вой, нега мени сотасиз, икки-уч кунда маошингизни олсангиз, ўрнига қўямиз-да.
Тўғриси, мен бунга рози эмасдиму, аммо бошқа илож йўқ. Ҳаммаси хотин айтгандек бўлди. Эртасига меҳмондорчилик роса авжига чиқди, лекин Сардорбекни кўриш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келгани йўқ.
Ҳа майли, “куёв кўрди”ни ҳам ўтказиб, елкамдан тоғ ағдарилгандек енгил тортиб юргандим. Аммо хурсандчилигим кўпга бормади. Орадан ўн кун ҳам ўтмасдан, хотиним маслаҳат солиб қолди:
- Дадаси, келаси ҳафта келинингизнинг туғилган куни экан. Нима қиламиз?
Мен бирданига вазиятни кескинлаштирмасдан туриб, ўзимдан узоқлатишга ҳаракат қилдим.
- Туғилган куни бўлса, ўғлинг бориб табриклаб келади-да. Буни менга нега айтасан, у ҳам ишлаяпти, чўнтагидан келинга совға олишга етгулик пул чиқар…
Хотинимнинг юзи бурушди:
- Ўғлингизнинг ғамини сиз еманг, дадажониси, аввал ўзингизни ўйлаб олинг.
- Ҳа, менга нима қипти?
- Ҳозирча келиннинг туғилган кунига еттитадан кам “патнис” безатишмайди. Тайёргарлигингизни кўринг, дейман-да.
Юрагим сиқилиб, қон босимим ошиб бораётган бўлса-да, ўсмоқчилаб сўрадим:
- “Патнис”ни нима билан безатамиз? Сал пастга тушганимдан хотиним жонланиб, санай кетди:
- Еттита “патнис” қилсак, биттаси атир-упа, биттаси юмшоқ ўйинчоқлар дегандек нарсалар билан тўлар. Яна биттасига ширинликлар, биттасига пишириқлар солармиз. Аммо…
Шу ерга келганда хотинимнинг ҳам юзларига ғам соя ташлагандек ҳорғин тус олиб, овози ҳам бўшашиб кетди.
- Барибир битта тилла тросс билан, битта тилла сирға олмасак бўлмайди.
Шу вақтда унга ҳам қийин эканлигини ҳис этдим. Нима қилсин бу бечора ҳам, қўни-қўшнидан кам бўлмасак, дейди-да. Хуллас, бунга ҳам рози бўлмасдан бошқа чорам қолмади. Ундан-бундан қарз олиб, еттита “патнис”ни безадик. Ошиб тушгани эса “патнис” безашнинг ҳам каттагина маросимга айланиб кетгани бўлди. Қўни-қўшни, қиз-келиндан иборат ўн беш чоғлик аёллар роса маслаҳатни қиздиришди. Хотиннинг вақти йўқлиги сабабли, қўлинг ўргилсин домлангизнинг ўзлари ош дамлади. Бир бало қилиб, бунисидан ҳам ўтиб олган вақтимда, уч кун ўтмай, ҳайит байрами кириб келди. Яна битта маросим ва бир дунё совға-салом. Иқтисод кўтарса-ку майли эди, буёғи маошга қараган одам, қарзларнинг салмоғи оша бошлади. Миямда кам-кўстни тезроқ тўғрилаб, тўйни қилиш ва шунақанги “тадбирча”лардан қутулиш фикри айланиб қолди. Аммо ҳали булар бошланиши экан.
Тўрт кундан сўнг хотин бўшашибгина гап бошлади:
- Дадаси, эртага қуда томон қопларингизни қайтаришаркан.
Мен ҳайрон қолдим:
- Қанақа қоп ҳақида гапиряпсан?
- Совчиликка борган куни, танишгани борган куни, келинингизнинг туғилган куни, кейин ҳайит куни оборган совғаларимизнинг идишларини қиз томондан тўрт-беш аёл қайтариб келишади. Бизам қўни-қўшнидан тўрт-бешта аёлни чақирсак, ҳечқурса ўн кишилик меҳмонга тайёргарлик кўриш керак.
Фиғоним фалакка чиқиб кетди:
- Эй барака топгур, айт қудаларингга, мен ўша халта-хулталарингдан аллақачон кечганман, уларни олиб келиб нима қилади? Ҳечқурса отиб юборишсин бирор жойга…
Хотиним кўзига ёш олди:
- Нега ундай дейсиз, дадаси? Қудаларингиз ҳам ошиб-тошганидан қилаётгани йўқ буни. Уларга ҳам қийин. Неча марта борсак, бир уй одам йиғиб, борини тўкиб-сочади. Эртага ҳам қуруқ келади, дейсизми… Камида бир миллион сўм харажат қилишади. Уларга ҳам керак эмас шу томоша, аммо удум шунақа бўлгач…
- Қуриб кетсин ўша удуминг ҳам.
Тилимга келган энг аччиқ гап шу бўлди. Кейин индамай чиқиб кетиб, директорни аванс беришга кўндирдим. Ишқилиб, эртасига меҳмонларнинг олдида уялиб қолмадик. Бироқ яна ўн кунга бормай...
- Дадаси-и-и, - каловланди хотиним.
- Ҳа, нима дейсан?
- Сардорбекнинг туғилган кунига ҳам уч кун қопти, нима қиламиз?
- Йигирма беш йилдан буён ўғлингнинг туғилган кунини нишонлаб, ҳали билмайсанми нима қилишни. Битта ош дамлайсан, шу-да туғилган кун.
Хотиним “уфф” тортиб, гап бошлади:
- Кеча аёл қудани кўриб қолувдим. Бозорда ўғлингизга костюм-шим, яна бир талай кийимлар, совға-саломлар олаётган экан. Иккита синглим билан, учта янгаси бориб, табриклаб келади, деди. Шундай бўлгандан кейин…
Хотиним гапини охирига етказмасдан туриб, индамай ташқарига чиқиб кетдим. Ҳали уч кун муҳлат бор, бир амаллаб пул топишим керак. Ўйлай бошладим.
Шу ерга келганда, домла менга жилмайиб қаради:
- Келинг, қандай пул топганимни айтмай қўя қолай. Қизиғи, Сардорнинг туғилган кунига бир дунё совға-салом қилиб улар келишди, уч кун ўтиб, ташлаб кетган идиш-товоқларини совға-саломга тўлдириб биз бордик. Хуллас, ука, ана-мана деб, тўрт ой ичида тўйни ўтказгунча, қудам билан биз “рўмол берди”, фотиҳа тўйи, қалин жўнатиш, маслаҳат оши, “қиз йиғинди” каби бир нечта тўйчаларни бошдан ўтказдик.
Шу жойда менинг ҳам ҳазиллашгим келиб, дедим:
- Лекин, домла, барибир сиз ўтказган тўйлар ўттиз тўққизтага етиб бормабди.
Бу гапимдан сўнг домланинг ростакамига жаҳли чиқди шекилли, лаб буриб, қўлини силтади:
- Э, ука, ёшсиз-да, сиз қаёқданам биласиз. Домлангизнинг тўйни ўтказганидан буён ҳам тўйдан боши чиққани йўқ. “Бет очар”, “куёв салом”ва яна бир қанча маросимлардан қутулиб олдик.
Шу жойга келганда у оғир хўрсинди:
- Аммо ҳали олдинда чаллари, отакўрди, келинкўрди ва яна номини хотиним биладиган бир қанча тадбирлар бор. Худо хоҳласа, буларни ҳам ўтказиб оламан. Фақат танишлар қарзини сўрамай туришса бас...
Ж.БОЙМУРОДОВ