Меню

Қашқадарё

03.03.2023 7016

Тўқимачиликка ихтисослашган КСЗга қаердан ва қанча ер майдони ажратилди?

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши Косон туманида тўқимачиликка ихтисослашган кичик саноат зонасини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Мамлакатимиз Президентининг шу йил 10 январдаги тегишли фармони ижросини таъминлашга қаратилган мазкур ҳужжатга мувофиқ тўқимачиликка ихтисослашган КСЗ Косон тумани Дўстлик ва Гулбоғ маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги 30 гектар ер майдонида фаолият юритади. Бунда 1,3 гектар ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасига, 19,2 гектар эса “Бунёдкор” МЧЖга тегишли эканлиги инобатга олинган.

Янги КСЗ фаолияти ташкил этилишини таъминлаш вилоят кичик саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекцияси ва Косон тумани ҳокимлигига топширилган.

Шу ўринда эслатиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган фармонида пахта тўқимачилик кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда соҳанинг экспорт салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари жамланган. Жумладан, жорий йил якунига қадар Андижон, Наманган ва Қашқадарё вилоятларида тўқимачиликка ихтисослашган кичик саноат зоналари, Тошкент вилоятида эса тўқимачилик ва чарм саноати маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга ихтисослашган индустриал технопарк ташкил этилиши белгиланган.

Фармонга кўра, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини давлат томонидан кенг миқёсда қўллаб-қувватлаш орқали 2023 йил якуни билан соҳанинг экспорт салоҳиятини 5 миллиард АҚШ долларига етказиш, тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини 65 фоиздан 81 фоизга ошириш, 35 мингта бўш иш ўринларини тўлдириш, жумладан ижтимоий дафтарларга кирган аҳолини иш билан таъминлаш назарда тутилган.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!