Меню

Қашқадарё

21.07.2022 3143

Тўғилиш кўрсаткичи ўсди, ўлимлар сони эса камайган

Тожикистонда жорий йилнинг биринчи ярмида туғилиш кўрсаткичи 6 фоизга ўсди, йил якуни билан аҳоли сони 10 миллион нафарга етади, дея маълум қилган мамлакат адлия вазири Музаффар Ашуриён журналистларга.

"Жорий йилнинг олти ойида Тожикистонда 111 минг 500 нафар бола туғилди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6 фоизга кўп.  Охирги 30 йил ичида мамлакат аҳолиси сони 5,5 миллион нафардан 9,8 миллион кишига кўпайди, яъни 1,8 мартага ошди ва 2022 йил охирида 10 миллионга етади" деган у.

Вазирнинг сўзларига кўра, ўтган ярим йил давомида 16 минг 300 нафар фуқаро вафот этган, бу кўрсаткич 2021 йилнинг январь-июнь ойларида қайд этилган ўлимларга нисбатан 5 фоизга камроқ. 

"Мутахассислар мамлакатдаги ўртача умр кўриш давомийлиги ортишини иқтисодий тараққиёт, болалар ва меҳнатга лаёқатли аҳоли ўлими ҳамда қотиллик ва ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг камайиши, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмоли пасайиши, юрак-қон томир касалликлари, жумладан, инсультга қарши самарали кураш натижалари билан боғламоқда", дея қўшимча қилган Музаффар Ашуриён.  

У, шунингдек, оилалар ўртасидаги ажримлар сонининг ўсиш тенденцияси ҳақида ҳам маълумот берган: "мамлакатда жорий йилнинг олти ойида 7 минг 265 та ажрим қайд этилган, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12 фоизга кўп".

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!