Меню

Қашқадарё

24.10.2017 2420

СУЮЛТИРИЛГАН ГАЗ БАЛЛОНЛАРИ

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда вилоятимизда 61 та сервис маркази мавжуд бўлиб, улар орқали аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш хизматлари кўрсатилаяпти. Ҳар йили янги, зарур талаб асосида жиҳозланган, хизмат кўрсатишда қатор қулайликларга эга бўлган марказларнинг қуриб фойдаланишга топширилиши натижасида чекка ҳудудларнинг газ билан таъминланганлик даражаси тубдан яхшиланмоқда.

Мисол учун, бундан бир неча йил аввал Китоб туманининг аксарият қишлоқ ва маҳаллаларига на табиий, на суюлтирилган газ етиб борганди. Ҳудуддаги истеъмолчиларни суюлтирилган газ билан таъминлаш самарадорлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилиши натижасида ўтган даврда туманда 13 та суюлтирилган газ баллонларини тарқатиш сервис маркази фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур марказлар тумандаги 59 маҳалла аҳлига хизмат кўрсатмоқда.

- Сервис марказимиз ўтган йили қурилиб, фойдаланишга топширилди, - дейди Ҳамид Олимжон маҳалласида жойлашган аҳолига суюлтирилган газ тарқатиш сервис маркази мутахассиси Бекзод Жўраев. – Ҳозирги кунда учта маҳаллага хизмат кўрсатаяпмиз. Ҳар бир оилага бир ойда 10 литрдан суюлтирилган газ тарқатилади. Шу атрофдаги хонадонлар газ баллонларини ўзлари келтириб беришади ва яна қайтариб олиб кетишади. Узоқроқ  хонадонларга эса махсус машинада ташиб элтиб берилади. Бўшаган газ баллонлари бизга топширилгач, уларни икки иш куни ичида Шаҳрисабз туманидаги газ қуйиш шохобчасидан тўлдириб, ўз эгаларига топширамиз. Барча оилалар ўзларининг абонент дафтарчасига эга. Унда абонентнинг қайси ой учун газ олгани ёки олмаганининг аниқ ҳисоб-китоби юритилади.

Албатта, яратилган бундай қулайлик аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш билан бир қаторда, таъминотчи ва истеъмолчи ўртасидаги хизмат сифати, нархлар мутаносиблиги ва тўлов интизомини таъминлашда ҳам муҳим омил бўлмоқда.

Ж.БОЙМУРОДОВ

* * *

Суратда: Китоб тумани Ҳамид Олимжон маҳалласидаги аҳолига суюлтирилган газ тарқатиш сервис маркази фаолиятидан лавҳа.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!