Меню
Қашқадарё
СУЯК ЕМИРИЛИШИ НИМАДАН?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугун дунёда онкологик касалликлар тарқалиши бўйича биринчи ўринда турса, жароҳатлар ва бошқа сабаблар билан суяк емирилиши касалликларини орттириб олиш натижасида бир умрга мажруҳ бўлиб қолиш 2-ўринга чиқиб улгурган.
Шифокорларнинг сўзларига кўра, суяк тўқимаси доимий равишда алмашиниб туради. Болалар ва ўсмирларда 18 ёшгача суяк емирилишига нисбатан янги суяк пайдо бўлиши тезроқ кечади. 30 ёшга киргунча суяклар турли туз ва микроэлементлар билан тўйиниб мустаҳкамланади. Кейинчалик бу жараён секинлашади ва 40 ёшдан сўнг суякнинг юпқалашиши, яъни емирилиши кучаяди.
ОСТЕОПОРОЗ - АЁЛЛАР КАСАЛЛИГИМИ?
- Ушбу касаллик айниқса аёлларда кўп учрайди, - дейди олий тоифали травматолог Рухсора Норова. - Чунки хотин-қизларда тухумдонларнинг олиб ташланиши, туғруқ вақтидаги жароҳатлар, климакснинг барвақт бошланиши, узоқ вақт гормонал дори воситаларини қабул қилиш кўпроқ суяк емирилишини келтириб чиқаради. Айниқса озғин, кичик жуссали аёлларда остеопороз кўп кузатилади. Сабаби, семиз ва тўла одамларда оғирликни кўтариш учун суяклар бақувватлиги ҳам шунга мос равишда ошади.
Касаллик баъзан кўп чекувчи, спиртли ичимликлар ичувчи кишиларда ҳам учрайди. Шунингдек, эндокрин бузилишлар, юқумли касалликлар, суяк синиши, ҳаракатсизлик, бўғимларда қон айланишининг бузилиши ҳамда бўғимлардаги туғма нуқсонлар, қон айланиш тизими ишининг издан чиқиши оқибатида ҳам суяк ҳажми камая бошлайди. Бу ҳолатлар ҳам остеопорозга олиб келади.
Халқ орасида суяк касалликлари суяк суради, деган гап бор. Аммо остеопороз касаллиги ирсий бўлмайди, фақат ҳомиладор аёлга суяк инфекцияси юқиши ёки бирор модда етишмаслиги оқибатида она қорнидаёқ боланинг суяклари бўшашиши мумкин. Бола шу аҳволда туғилса, суяклари мўрт бўлиб, арзимаган ҳаракат, қоқилиб кетиш натижасида ҳам синиши мумкин.
ХАСТАЛИК САБАБЛАРИ...
- Остеопороз кўпинча организмда кальций ионларининг суякларга яхши сингмаслиги туфайли вужудга келади, - дейди Қарши давлат университети ўқитувчиси, биотехнолог Муродулла Халилов. - Чунки организмда доимий равишда кальций ионлари емирилиб, улар ўрнига янгилари алмашиниш жараёни кечади. Ана шу мувозанат бузилса ва емирилган кальций ионлари ўрнига янгилари келиб тушмаса ёки кам тушса, суяк зичлиги камаяди.
Бунга камҳаракатлилик ҳам сабаб бўлади. Кундалик ҳаётимизда транспорт воситаларидан фойдаланиш даражаси ортмоқда. Бу қулайликлар пиёда юришимизни чеклаб, ҳаракатни камайтиради ва бизни остеопороз, ҳазм аъзолари хасталиклари, юрак қон-томир, бўғим хасталиклари томон етаклайди. Аксинча, инсон қанчалик кўп ҳаракат қилса, яёв юрса, суяклар ҳам қаттиқлашиб, мустаҳкамланиб бораверади. Остеопороз касаллиги ойлаб ётиб қолган беморларда ва суяги жароҳатланган одамларда кузатилади. Чунки ҳаракатсиз ётган беморлар дори-дармонларни истеъмол қилиши, бу дориларнинг баданга яхши сингмаслиги суяк емирилишини тезлаштиради.
Шу билан бирга касалликка, Д витамини етишмаслиги, оқсил ва фосфатларга бой егуликларни кўп истеъмол қилиш ҳам сабаб бўлади. Шунингдек, чекиш ичакларда кальций сўрилишини, эстроген ишлаб чиқарилиши ва суяк оғирлигини камайтирса, қаҳва ва ош тузини кўп истеъмол қилиш кальцийнинг пешоб орқали чиқиб кетишини кучайтиради.
ТАБИИЙ ДАВО – ЭНГ МАҚБУЛ
Биологлар организмни керакли кальций моддаси билан таъминловчи, таркибида Д дармондориси бор, рух, мис ҳамда марганец минераллари мавжуд маҳсулотларни истеъмол қилишни тавсия этишади. Айниқса, кекса кишиларнинг кальцийга бўлган эҳтиёжи юқорилигини эътиборга олиб таомномани шунга мос тузиш лозим. Бир кеча-кундузда кексалар организмининг 1500 миллиграмм кальцийга эҳтиёжи бор экан. Буни сут ва сут маҳсулотлари, балиқ, жигар, сабзавотлар, қуруқ ва ҳўл мевалар, ерёнғоқ, кунжут, бодом, ёнғоқ билан қоплаш мумкин. Умуман кундалик истеъмолдан қовурилган, дудланган гўшт маҳсулотлари, шўр, аччиқ егуликлар миқдорини камайтириш лозим. Биз севиб истеъмол қиладиган кўк чой, шоколад ва кўп миқдордаги илдизли мевалар, полиз маҳсулотлари кальцийнинг сўрилишини камайтиради.
Травматолог-ортопед шифокорлар остеопороз, остеомиелит ва шунга ўхшаш суяк ва бўғим касалликлари билан оғриганларга, умуман соғлом кишиларга ҳам қуйидаги маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилишни тавсия этишади. Булғор қалампири таркибида тоғай (кемирчак)ни озиқлантирувчи майда томирлар фаоллигини оширадиган аскорбин ва бошқа кислоталар кўп. Саримсоқпиёз - организмдаги яллиғланишни бартараф этадиган фитонцидларга бой. Исмалоқ ва петрушка таркибида К дармондориси бўлиб, у тўқима ва ҳужайралар янгиланишига ёрдам беради. Олча таркибидаги фаол моддалар эса организмдан тузларни чиқариб юборади. Бу айниқса, подаградан азият чекувчилар учун асқатади. Эчки ва сигир сути таркибидаги кальций организмга тез сингиши ва бизнинг бу моддага бўлган эҳтиёжимизни қоплаши билан аҳамиятли.
- Суяк тизими ва бўғимларида касалликлари бор беморлар помидор ва қовурилган мол гўшти, консерва маҳсулотлари еганда оғриқ кучайишидан шикоят қилишади, - дейди Рухсора Норова. – Бундай маҳсулотлар суякни мўртлаштириб, тоғайларнинг емирилишига сабаб бўлади ва оғриқни кучайтиради. Бу пайтда организмда бириктирувчи моддаларга эҳтиёж ошади. Бу эҳтиёжни холодец, илик шўрва, пишган калла-поча, товуқ ва балиқ маҳсулотлари истеъмол қилиш билан қоплаш мумкин. Айтиш жоизки, бундай таомлар кўпгина дори маҳсулотларидан кўра самарали таъсирга эга.
Остеопорозга чалинмай десангиз, кундалик бадантарбия, жисмоний машқлар билан мунтазам шуғулланинг. Қуёшда етарлича тобланиб, жароҳатланишдан сақланинг, спиртли ичимликлар ичиш, чекиш ва қаҳвани камайтириш, ҳомиладорлик даврида кальцийга бой маҳсулотларни истеъмол қилиш шарт.
Сожида АЛЛАЁРОВА тайёрлади.