Меню

Қашқадарё

05.10.2017 1959

СУВНИ СОВУРГАНГА ҲАМ ЖАЗО БОР

Шу билан биргаликда, мамлакатимизда фойдаланилаётган мавжуд сув лимити барча экин майдонларини тўла-тўкис суғориш учун етарли эмас. Қолаверса, сўнгги йилларда аҳоли сонининг ошиб бориши ҳамда янги экин майдонларининг ўзлаштирилиши сувга бўлган талабни янада оширмоқда. Қишлоқ хўжалиги кенг ривожланган ҳамда суғориш тизими мураккаб ҳудудларда сув  танқислиги доимо сезилади.

Вилоятимиз ҳам сувга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлардан биридир. Ҳозирги кунда вилоятда суғориш ишлари учун 6,5-7 миллиард куб сув лимити ажратилиб, унинг ҳам қарийб 83 фоизи қўшни давлатлар тоғ ва дарё ирмоқларида шаклланади ва катта машаққат ва маблағ эвазига экин далаларига олиб келинади. Оддий қилиб айтганда, сувнинг  деҳқон даласига етиб келгунига қадар қиймати олтинга тенг бўлиб улгуради. Шу боисдан ҳам, Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисида”ги Низом ва бошқа ҳужжатларга асосан, истеъмолчилардан сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сувнинг мақсадсиз истеъмол қилинишига йўл қўймаслик, уни тежаб-тергаб сарфлаш талаб этилади. Мавжуд тартиб ва қоидаларга амал қилмаслик эса маъмурий чора кўрилишига сабаб бўлади. Бу борада тегишли ташкилотлар томонидан белгиланган равишда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаяпти. Шунга қарамай, хўжасизларча иш кўраётган, катта миқдордаги сув исрофгарчилигига йўл қўяётган хўжалик ёки шахсларнинг ҳам учраши ачинарлидир.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида вилоят “Сувназорат” инспекцияси ходимлари томонидан олиб борилган ўрганишлар жараёнида кўплаб қишлоқ хўжалиги сув истеъмолчилари томонидан сувни исроф қилиш, яъни экин далаларини сувга бостириш, олинаётган сувни беҳуда коллектор-дренаж тармоқларига оқизиб қўйиш каби ҳолатлар аниқланди.

Бу борада энг кўп кўрсаткич Нишон тумани ҳиссасига тўғри келади. Ушбу туманда ўтказилган рейдлар давомида сув исрофгарчилигига йўл қўйиш билан боғлиқ 68 ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, айбдор шахсларга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий таъсир чоралари ёки иқтисодий жарималар қўлланилди. Вилоят миқёсида эса 384 та ҳолатда деҳқончиликдаги сув истеъмоли билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар фош этилган. Бу борада айбдор шахсларга нисбатан умумий ҳисобда 33 миллион сўмдан ортиқ жарималар қўлланилди. Ҳозирги пайтда 334 нафар сув итеъмолчисига нисбатан белгиланган жарималар ундирилиб, давлат бюджетига йўналтирилган бўлса, яна 23 нафар қоидабузардан жаримани ундириш ишлари мажбурий ижрога қаратилган.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, куз ҳам вилоятимизда сувга эҳтиёж ошадиган фасл ҳисобланади. Бир томондан, экин майдонларидан бўшаган ерларни кейинги экишга тайёрлаш, шўрланган ерларни ювиш учун катта миқдорда сув ресурслари сарф этилса, иккинчи томондан, айни вақтда экилаётган тўқсонбости экинлар, шунингдек, кузги ғалла учун сув зарур бўлади. Бу вақтда кимнингдир сувни ортиқча сарфлаши, исроф қилиши эса яна  бошқа бир хўжалик учун жабр бўлиши, экинларнинг ўз вақтида ривожланмаслигига олиб келиши муқаррар. Оқибатда бундан мамлакат иқтисодиёти зарар кўради.

Шундай экан, сувнинг ҳар томчисини асраш, уни тежамкорлик билан ишлатиш, ариқ ва зовурларни ифлослантирмаслик ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Зеро, сув она заминимизнинг бебаҳо хазинаси, табиат мўъжизаси бўлиш баробарида ҳаётимиз манбаи ҳамдир.

Жамшид НОРМЎМИНОВ,

вилоят “Сувназорат” инспекцияси мутахассиси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!