Меню
Қашқадарё
Сув ресурсларини бошқариш тизими Қашқадарё тажрибаси асосида такомиллаштирилади
Қарор ва шарҳ
Республика ҳукумати Қашқадарё вилояти тажрибаси асосида сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида қарор қабул қилди.
Мазкур ҳужжатнинг мақсади нафақат сув ресурсларини самарали бошқариш, балки замонавий технологиялар асосида уларнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш ҳамда сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида бошқаришга хусусий сектор даромадининг бир қисмини ажратишда воҳамиз тажрибасини кенг жорий қилишдан иборатдир.
- Қашқадарё вилоятида қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотлар йилдан-йилга чуқурлашиб, бугунги кунда агрокластерлар ижара ҳуқуқи асосида берилган 34,5 минг гектар, шунингдек, фьючерс шартномаси асосида 258,7 минг гектар майдонда фаолият кўрсатиб, уларнинг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришидаги ўрни ортиб бормоқда, - дейилади Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 декабрдаги қарорида. - Вилоятда сув ресурсларини самарали бошқариш жараёнига агрокластерлар даромадининг бир қисми ажратилиб, сув хўжалиги объектлари давлат-хусусий шериклик асосида бошқаришга берилмоқда, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш, сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш, сувни бошқариш, унинг ҳисоби ва ҳисоботини замонавий технологиялар асосида юритиш йўлга қўйилмоқда, шунингдек, сув таъминоти оғир бўлган ҳудудлардаги носоз ва яроқсиз лотокли ва бошқа суғориш тармоқлари ўрнига қувурли суғориш тармоғи ташкил этилмоқда.
Айни пайтда бу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатда республикада сув ресурсларини бошқариш, унинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш жараёнига хусусий секторни жалб қилиш даражаси пастлигича қолаётгани қайд этилиб, бир қатор вазирликлар, "Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари" уюшмаси ва маҳаллий ижроия ҳокимият органлари томонидан илгари сурилган таклифлар маъқулланди. Уларга кўра, агрокластерлар ҳудудидаги давлат сув хўжалиги объектлари давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш натижалари бўйича Сув хўжалиги вазирлиги ва агрокластер ўртасида тузиладиган битим тузган ҳолда бошқарувга берилади. Бундан ташқари, барча ички суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари ернинг ижара муддатига мос даврга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликларининг қарорлари билан текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида мақсадли фойдаланишга топширилади ва шу орқали уларни сақлаш, таъмирлаш-тиклаш, реконструкция ва модернизация қилиш ишлари агрокластерлар маблағининг бир қисмини жалб қилган ҳолда амалга оширилади.
Қарор билан тасдиқланган кўрсаткичларга асосан, мамлакатимиз ҳудудларида фаолият кўрсатаётган агрокластерларга давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ернинг ижара муддатига мос даврга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида кўплаб давлат сув хўжалиги объектлари, шу жумладан, 1 минг 920 километр узунликдаги каналлар, 19 минг 154 километр масофадаги коллектор-дренаж тармоқлари, 66 та насос станцияси ва 108 та вертикал суғориш қудуғи бошқарувга берилади. Хусусан, Қашқадарёда бундай объектлар сирасига 2 минг 407 километр коллектор-дренаж тармоқлари ва 4 та насос станцияси киради.
Шу билан бирга юртимиздаги агрокластерларга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида мақсадли фойдаланиш учун 60 минг 376 километр ички суғориш ҳамда 74 минг 153 километр коллектор-дренаж тармоқлари ҳам берилиб, Қашқадарёда мазкур кўрсаткичлар тегишли тартибда 14 минг 424 ва 5 минг 50 километрга тенг бўлади.
Яна бир эътиборли жиҳати, агрокластерларга бошқарувга бериладиган давлат ирригация тизими каналларининг 1 минг 903,5 километрлик қисмида сув сарфини онлайн мониторинг қилиш ва масофадан бошқариш тизими жорий этилади. Бунда бириктирилган суғориладиган майдон 394 минг 253,1 гектарни, ўрнатиладиган қурилмалар сони эса 169 тани ташкил қилади.
Қарорда жамланган барча тадбирлар уларни амалга ошириш механизми ва муддатлари, молиялаштириш манбалари ва масъул ижрочилари билан бирга тегишли "йўл харитаси"да акс эттирилди.
Ўз мухбиримиз