Меню
Қашқадарё
СУВ ЙЎЛИ – БАРАКА ЙЎЛИ
Яқинда Қарши туманидаги Чарағил қишлоғи ҳудудида вилоят ҳокими Зафар Рўзиев ташаббуси ва бевосита кўмаги асосида ҳашар йўли билан қуриб битказилган ирригация иншоотининг фойдаланишга топширилишини, ҳеч шубҳасиз, ана шу эътиборнинг самараси дейиш мумкин. 2,5 километр масофага чўзилган кўтарма ариқ (лоток) “Жанубий” коллектор ва Чарағил ариғини бир-бирига боғлайди. Йирик ҳажмли насос лотокка “Жанубий” коллектордан секундига 800 литр сув узатиб туради.
- Рамазон ойида бу жуда хайрли иш бўлди, - дейди чарағиллик Қосим бобо Мейлиев. – Қишлоғимизга келадиган ариқ Нишон туманидаги иккита йирик қишлоқнинг ичидан ўтади. Қолаверса, бир қанча фермер хўжаликларининг даласи бор. Натижада томорқаларимиздан тузукроқ фойдаланиш имкони йўқ эди. Энди сув ҳақида қайғурмасак ҳам бўлаверади. Бу йилгидек қурғоқчил келган пайтларда ҳам коллектордан олинаётган сув ҳам аҳолига, ҳам фермерларимизга қўшимча имконият беради.
Мазкур объектнинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда сўзга чиққанлар амалга оширилган ишларнинг ҳудуддаги фермер хўжаликлари ва аҳоли учун аҳамияти жуда катта эканлигини, бу Чарағилнинг янада гуллаб-яшнаши, обод гўшага айланиши учун хизмат қилишини, уни асраб-авайлаб сақлаган ҳолда ишлатиш лозимлигини алоҳида таъкидладилар.
Айтиш керакки, қуриб битказилган сув иншооти ҳудуддаги 39 та фермер хўжалигига қарашли 2200 гектардан ортиқ ернинг сув таъминотини яхшилашга хизмат қилади. Қолаверса, Чарағил муқобил машина-трактор парки раиси Шерали Қиёмовнинг айтишича, мазкур ирригация объекти қўшимча 500 гектар суғорилмайдиган ерни ўзлаштириш имконини беради.
- Айни пайтда фермерларимиз 5 гектар ерда экспортбоп аччиқ қалампир етиштиришмоқда, - дейди у. – Маълумки, аччиқ қалампир тайёр бўлгунга қадар 7 марта суғориш талаб этилади. Сув иншоотининг қурилиши бу жиҳатдан ҳам ҳаммамизга яхши бўлди. Янги объект ҳаётимиз тўкис бўлиши, хирмонимизга барака эниши учун хизмат қилади.
Т.ТЕМИРОВ