Меню

Қашқадарё

16.08.2016 2112

СУРИЯ МОЖАРОСИ: КИМ КИМГА ҚАРШИ УРУШМОҚДА?

Шу ўринда ҳозирги зиддият иштирокчилари, улар ўз олдига қўйган мақсадлар ҳақида манбаларга таянган ҳолда имкон қадар сўз юритсак.

Бугун Сурияда курашаётган кучларнинг аксар қисми мазкур мамлакат президенти Башар Асад бошчилик қилаётган амалдаги ҳокимиятни ағдаришни ният қилган.  Сурия армиясининг Асадга содиқ зобитлари эса мазкур ҳокимиятни сақлаб қолишга уринмоқда. Бироқ президентни қўллаб-қувватлаётган бошқа томонлар ҳам йўқ эмас. Бу ҳақда  кейинроқ.

Қайд этиш жоиз, Башар Асад 2000 йилда отаси Ҳафиз Асаднинг вафотидан сўнг президентлик курсисини эгаллаган. Зиддият бошланганидан сўнг у бир қатор ён беришларга тайёрлигини билдирганди. Мисол учун, Башар Асад 2013 йилнинг 6 январида мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштиришга доир режасини эълон қилди. Унингча, чет давлатлар томонидан террорчиларни моддий қўллаб-қувватлашга чек қўйиш, миллий мулоқот бўйича ҳукумат анжуманини ўтказиш, умумий авф эълон қилиш ва янги ҳукуматни ташкил этиш орқали инқироздан чиқиш мумкин. Лекин унинг бу режасини на БМТ бош котиби, на Ғарб мамлакатлари ва на мухолифат қўллаб-қувватлади.

2013 йилнинг иккинчи ярми келиб Асад тарафдорлари учун жиддий йўқотишлар билан бошланди. Ҳукумат кўплаб аҳоли пунктлари, ҳарбий базалар, муҳим аҳамиятга эга магистралларни бой беради. Мана шу пайтда Асаднинг жонига Ливандаги "Ҳизбуллоҳ" террорчи гуруҳи жангарилари ора кирди. "Ҳизбуллоҳ"нинг урушга қўшилиши билан вазият ўзгарди. Шиа мазҳабининг манфаатларини ифодаловчи бу гуруҳ Асад армиясининг артиллерия ва ҳаводан берган зарбалари кўмагида мухолифат қўшинларидан устун кела бошлади.

"Ҳизбуллоҳ"нинг аралашуви бу заминга чет эллик "жиҳодчилар"ни янада кўпроқ жалб этди. Ироқдан сунний, шиа, ҳатто курд жангарилари Сурияга оқиб келди. Можарога энди қўшни давлатлар ҳам у ёки бу даражада аралаша бошлади. Исроил авиацияси Суриядаги бир неча ҳарбий объектни бомбардимон қилган бўлса, махсус қисмлар Жўлон тепаликларининг Сурияга қарашли ҳудудида ҳарбий операциялар ўтказишга киришди. Туркия ҳам мухолифатдаги кучлар учун фронт орти базалари очиб берди, чегара ҳудуддаги нишонларга артиллерия зарбалари бера бошлади. Иорданияда эса мухолифат кучлари учун тайёргарлик лагерлари ташкил этишди.

Натижада Сурия бўйлаб ҳукумат армияси, мўътадил мусулмонлар, радикал кайфиятдаги "жиҳодчилар", курд кўнгилли аскарлари, ғарбпараст гуруҳлар ўртасида аёвсиз уруш бормоқда. Ҳамма ҳаммага қарши! Қирғинбаротларнинг охири кўринмайди.

Сурияда уруш олиб бораётган томонларни санаб ўтиш жуда қийин. Маълумотларга қараганда, уларнинг сони юздан ортиқ ва ҳар бир жамоат ёки гуруҳ ўзининг алоҳида йўналишига эга. Улар орасида ўзаро иттифоқ тузганлари ва умуман, ўз ҳолича кураш олиб бораётганлари ҳам кўп.

Эътиборли жиҳати, инқироз бошланган даврда Сурия армияси шахсий таркиби 320 минг бўлган бўлса, уруш ҳаракатларида берилган қурбонлар, ҳарбийлар орасида хизматдан бўйин товлаб қочиш, мухолифат томонига ўтиб кетиш ҳолатларининг кўпайгани натижасида бугунги кунда тахминан 180 минг нафарни ташкил этади. Бундан ташқари Башар Асад томонда (Россиядан ташқари) уни қўллаб-қувватловчи нусайрий аҳолидан ташкил топган 80 минг кўнгилли, "Ҳизбуллоҳ" аъзолари, Эрон ва ироқлик шиалардан тузилган жангарилар уруш олиб бормоқда.

Суриядаги мухолифат ва инқилобий кучлар коалициясига Ғарб давлатларидан ташқари Қатар, Саудия Арабистони, Қувайт ва Туркия кўмак бериб келмоқда. Инқирознинг дастлабки босқичларида собиқ аскарлар ва оддий аҳолидан ташкил топган "Сурия Озодлик Армияси" муҳим роль ўйнаган бўлса, 2013 йилга келиб "Жабҳат ал-Нусра" деган ном остида бирлашган гуруҳлар мухолифатдаги асосий кучга айланди.

2013 йилнинг ёзига келиб, Сурия заминида мақсад-муддаоси ва танлаган йўлига кўра, Афғонистондаги "Толибон" ҳаракатини эслатувчи кучли ҳарбий гуруҳ - "Ироқ ва Шом ислом давлати" (ИШИД)нинг пайдо бўлиши вазиятни янаям мураккаблаштириб юборди. Энди Асад тарафдорлари ва унинг мухолифлари ўзаро кураш асносида ИШИДга ҳам қарши туришга мажбур.

Маълумотларда ИШИД дастлаб Ироқнинг Сурияга чегарадош Анбар вилоятида фаолият бошлагани айтилади. Қисқа муддат ичида унинг таркиби дунёнинг турли нуқталаридан оқиб келаётган жангарилар ҳисобига кенгайиб борди. Улар Сурияда ҳозир бўлишлари билан ҳукуматга мухолиф бўлган барча кучлардан сўзсиз бўйсунишни талаб қилишди. Бўйин товлаганларнинг бўйни узилди. Муроса нималигини билмайдиган бу кучдан ҳатто ашаддий "Ал-Қоида" ҳам юз ўгирди.

ИШИД ва унинг раҳнамоларининг иддаолари шу билангина чеклангани йўқ. Унинг ташкил топиши-ю ҳамон мавжудлиги, уруш саҳнасига қайси кучлар томонидан, қандай вазифани бажариш учун олиб чиқилгани соғлом тафаккур эгаларида шубҳа уйғотиши табиий.

Эсингизда бўлса, 2014 йилнинг охирларидан АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция ИШИД жангариларига авиазарбалар бера бошлаган эди. Бу ҳолат ниманидир ўзгартирди, дея айтиш қийин.

Ўтган йилнинг 30 сентябрида Россия ҳаво-космик кучлари расман Суриядаги террорчи кучларга - мухолифат ва ИШИДга қарши урушга кирди. Қизиқ ҳолат: бошқа "буюк" давлатлардан фарқли равишда Россия СССР даврида ҳам, ундан илгари ҳам араблар билан урушмаган.

Баъзи таҳлилчилар Россиянинг бу урушдаги бевосита иштирокини Украина инқирози сабабли қўлланаётган санкциялар билан ҳам боғлаётган бўлса, баъзилар буни Россия рақобатчиларига ҳарбий қудратини кўрсатиб қўйиш учун имкониятдан фойдаланмоқда, дея баҳолашмоқда.

Суриядаги вазиятни кўриб чиқар эканмиз, яна бир этник гуруҳ - курдлар мавзусини четлаб ўтолмаймиз.

Курдлар Сурия аҳолисининг тахминан 10 фоизини ташкил қилади ва асосан мамлакатнинг шимолий вилоятларида, Туркияга чегарадош ҳудудларда яшайди. Шунингдек, мамлакатнинг барча йирик шаҳарларида ҳам курд жамоалари бор.

Улар қисқа муддат ичида "Халқ ҳимояси қўшинлари" деб ном берилган мунтазам армияни шакллантиришди. Дарвоқе, ҳозир мазкур армия Ғарбнинг ёрдамида ИШИДга муносиб қаршилик кўрсатиб келмоқда.

Асад ҳукуматига мухолиф сифатида ташкил этилган "Сурия озодлик армияси" тарқаб кетгач, Ғарб давлатлари нисбатан ишончли кураш олиб бораётган курд армиясини қувватлай бошлади. Бу ҳол Туркиянинг ҳам урушга тортилишига олиб келди. Чунки жанубий чегараларида мустақил курд давлатининг пайдо бўлиши Туркия манфаатларига зид. Агар  Сурия парчаланиб кетадиган бўлса унинг шимолида Курдистон давлати пайдо бўлиши мумкин. Бу эса шундоқ ҳам "Курдистон ишчи партияси"нинг қилмишларидан чарчаган Туркияга ёқмаслиги аниқ.

Талотўпдан фойдаланган курдлар Ғарб ёрдамида шимолдаги ҳудудларни ўз назоратига олиб, мустаҳкам ўрнашиб олишди. ИШИДга қарши курашиш асносида муқаддам ҳеч қандай кучга эга бўлмаган суриялик ва ироқлик курдлар энг замонавий қурол-аслаҳаларга эга бўлишди. Баъзи мутахассислар буни АҚШнинг "Курд лойиҳаси" билан изоҳлашмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, бир замонлар европаликлар, хусусан, французлар "Левант", араблар, уларга тақлидан ажам халқлари ҳам "Шом" деб атаган ҳозирги Сурия ва унга қўшни ҳудудларда азалдан йирик империялар манфаати тўқнаш келган. Бугун ҳам "буюк" давлатлар манфаати шу ерда тўқнаш келиб турибди.

Сурияни назорат қилган Ўрта Шарқни назорат қилади. Шунисиям борки, Осиё, хусусан Форс кўрфазида қазиб олинадиган углеводородни Европа бозорига олиб чиқиш учун энг қисқа ва муҳим транспорт йўлаги айнан Сурия заминидан ўтади. Бу эса энергоресурслар устидан назоратни орзу қилаётган давлатларни ўртаб келаётган масала. Демак, "буюк" давлатларнинг ҳеч бири бу урушни бой беришни истамайди.

Сурия инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш учун саъй-ҳаракатлар бошланганига анча бўлган. Афсуски, натижа кўринмаяпти. Сабаби - манфаатлар турлича, ёндашувлар ҳар хил.

Бунга ўтган йилнинг 14 ноябрида Вена шаҳрида АҚШ, Россия, ЕИ ва Ўрта Шарқ давлатлари томонидан имзоланган Сурия инқирози ечимига доир келишув ҳам мисол бўлади. Мазкур шартноманинг сайловларга қадар президент Башар Асад Сурия бошқарувини муваққат ҳукуматга топширишига оид моддасини Россия, Эрон ва Ироқ маъқулламади…

Шундоқ ҳам муаммо газак олиб кетди: зиддият ўчоғи ҳисобланган ҳудудларда бегуноҳлар қонини тўкиш, инсонни хўрлаш одатий ҳолга айланди. Халқаро террорчилар ин қуриб, заҳарли ўргимчакдай тўр тўқиётган макон пайдо бўлди.

Нима бўлганда ҳам, Сурия муаммосига яқин орада ечим топиш шарт. Бу соғлом фикрли инсонлар, биринчи галда жафокаш Сурия халқининг истаги. Чунки уруш туфайли чорак миллион сурияликнинг ёстиғи қуриди, миллионлаб одам сарсон-саргардон. Мамлакат иқтисоди ва ижтимоий тизим буткул издан чиқди. Қисмат ўйинига ташлаб қўйилган баъзи ҳудудлар аҳолиси очликдан нобуд бўлмоқда.

Биз нафақат юртимизда, бутун дунёда фақат тинчлик ҳукмрон бўлишини истаймиз. Бунинг учун эса ҳушёрлик ва бохабарлик талаб этилади. Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, "Тинч-осойишта ҳаёт, барқарорликнинг энг муҳим шарти шуки, беғамлик ва бепарволикка йўл қўймасдан, доимо огоҳ, ҳар томонлама сезгир ва уйғоқ бўлиш, тарихдан, ҳаётдан хулоса чиқариб яшаш керак".

Интернет маълумотлари асосида Мирзоҳид ЖЎРАЕВ тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!