Меню

Қашқадарё

12.05.2021 2293

СУРАТЛАРИНГИЗ ВА МОЛУ ДУНЁЛАРИНГИЗГА ЭМАС, БАЛКИ ҚАЛБИНГИЗ ВА АМАЛИНГИЗГА ҚАРАЛАДИ

Сараланган сатрлар

Бугун мўмин-мусулмонлар учун катта айём, нафсдан устун келинган, қалблар покланган, сабр-тоқат, ирода синалганининг ифодаси сифатида Рамазон ҳайитини нишонламоқдамиз. Уламолар муқаддас ойда амали қабул бўлган инсон Рамазондан кейин ҳам солиҳ ишларда бардавом бўлади, дейишади (боиси, рўза тамом бўлиши биланоқ ичиш, чекиш, турли бузуқ ишларни давом эттирадиганлар ҳам учрайди, улар юқоридаги гапни эсда тутишлари зарур).

Шундай экан, ибодатларда бардавом, тақвода собитқадам бўлиш умидида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб "Васатия - ҳаёт йўли" китобидан лавҳаларни эътиборингизга ҳавола этаяпмиз.

Китобда қайд этилишича, васат сўзи "ўрта", "мўътадил", "тўғри", "адолатли", "энг яхши" каби маъноларни мужассам этади. Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Дурайд ал-Аздий ўзининг "Жамҳаратул Луғати" номли китобида келтиради: "Васат ҳар бир нарсанинг ўртасидир. Фалончи ўз қавмининг васатидан,  дейилгани уларнинг аъёнларидан деганидир. Сирғанинг васати, дегани унинг энг қимматли гавҳари ёпиштирилган еридир. Одамларнинг васати, дегани уларнинг яхшиси деганидир".

Кувайтлик уламолардан шайх Аҳмад Муҳаммад "Ал-Васатия ва ҳазоратул Исломи" номли илмий баҳсларида васатияни қуйидагича таърифлайди: "Васатия мусулмон киши ўзига қабул қилиб оладиган исломий сифатлардан бир сифат эмас. Васатия, ҳақиқатни айтадиган бўлсак, айни исломнинг ўзидир. Васатия исломдир. Ислом васатиядир.

Васатия адолат ва мўътадилликдир. Қайнаб тошиш ҳам, дангаса бўлиб ётиш ҳам эмас. Чунки, васат дегани турли чеккалардан бир хил даражадаги узоқликни, доиранинг марказий нуқтасини билдиради. Шунинг учун, бу лафзни ҳаддан ошиш ва ҳаддан тушишдан холис бўлган мақтовли сифатларда ишлатиш одат бўлган".

***

Чад давлатида бўлиб ўтган катта илмий анжуманда минбарга чиқиб, ўша пайтгача бўлиб ўтган ва бўлаётган қуролли ҳаракатлар мусулмонларга нима фойда берди, деган маънода ҳиссиёт билан гапирдим. Афғонистон, Чеченистон, Босния, Сомали ва бошқа ерларни мисол келтирдим. "Нима учун мусулмонларнинг қони тўкилмоқда?", "Нима учун мусулмонларнинг моли нобуд бўлмоқда?", "Нима учун мусулмонлар қувғинга учрамоқда?", "Нима учун мусулмонлар хатони яна такрорламоқда?" каби саволларни ўртага ташладим. Биров жавоб бермади. Танаффусда кўпчилик олдимга келиб сиз берган саволларга жавоб топиш қийин. Уларнинг жавобини кўпчилик бўлиб излашимиз керак, деган гапларни айтдилар. Аммо, айтиб ўтилган муаммоли саволларнинг энг салмоқли жавобларидан бири мусулмонларда васатия - мўътадиллик тушунчасининг етишмаслигида эканини биров айтмади.

***

Аллоҳ таоло "Фурқон" сурасида "Улар инфоқ қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар", деган.

Мусулмон киши мол-пул сарфлашда доимо мўътадил бўлиши керак. Ҳеч қачон мол-дунёни исроф ҳам қилмаслиги керак ва ҳаддан   ташқари хасис бўлиб, зарур жойга ва керакли миқдорда сарфлашдан бош тортмаслиги ҳам керак.

***

Аллоҳ таоло "Луқмон" сурасида "Юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир", деган.

Яъни юришинг ўртача ва мақсадли бўлсин. Бекорчи сохта ҳаракатлар билан куч-қувватни исроф қилиб, кибру ҳаво билан ҳам юрма, жуда лапашанг бўлиб, судралма ҳам.

"...ва овозингни пасайтир".

Ҳанграб, ҳаммаёқни бошингга кўтарма. Бақир-чақир қилиш ёмон нарса.

Юриш-туриш ва ўзни жамиятда қандай тутиш борасидаги олий мисол Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидир. У зот шахдам қадамлар билан мўътадил юрганлар ва овозларини баланд кўтармай, дона-дона гапирганлар.

***

Одамларнинг жуда оз қисми амал қилишда хато қиладилар, яъни, таркидунёчиликка юрадилар. Одамларнинг жуда кўплари эса, амал қилмасликда хато қиладилар. Яъни, исломни таркидунёчилик деб гумон қилиб, ундан ўзларини олиб қочадилар.

Аслида эса, ундай эмас! Дунёда Аллоҳдан энг кўп қўрқадиган банда бўлиш учун ўзини қийнайдиган бирор ишни қилишнинг ҳожати йўқ. Аллоҳга бу дунёда энг кўп тақво қиладиган банда бўлиш учун ўта оғир бирор иш қилиш шарт эмас. Балки, тарки дунё қилмай, дунёдаги ҳалол нарсалардан тўла баҳраманд бўлган ҳолда, меъёрида ухлаб, еб-ичиб, эру хотинлик қилиб юриб ҳам энг тақводор, Аллоҳга энг яқин банда бўлиш мумкин.

***

"Сияри Аъломун нубалаа" китобида қуйидагилар келтирилган:

"Бир киши Умар ибн Абдулазизга:

"Эй, мўминларнинг амири! Аллоҳ сизга бериб қўйибди. Тузукроқ кийинсангиз-чи!" деди унинг олд ва орқа тарафидан ямоғи бор кўйлак кийиб олганини кўриб. Шунда у:

"Тежамкорликнинг афзали топиб тургандагиси. Афвнинг афзали қудрати етиб тургандагиси", деди".

***

Имом Муслим Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

"Фаришталар нурдан яратилгандирлар. Жинлар оловнинг тутунидан яратилгандир. Одам сизга васфи қилинган нарсадан яратилгандир", деганлар.

Фаришталар нурдан яралганини ҳозирги замон илми ҳам тасдиқлади. Уламолар: фаришталар нурдан яратилганлари учун ҳам, нурнинг тезлиги ҳаддан зиёд бўлганидан ҳам кўзга кўринмайдилар, дейишади.

***

Жинлар ҳақиқатда бор мавжудотлар бўлиб, асли ўтдан яратилган. Жин сўзининг луғавий маъноси эса, "тўсилган" дегани, яъни, одамлар кўзидан тўсилган нарса. Шу сабабли ҳам, у инсонларга кўринмайди. Улар ўзлари кўринмай туриб, бизларни ва бошқа нарсаларни кўришлари мумкин. Шу билан бирга, турли шаклларга киришлари ҳам мумкин. Уларнинг ичида ҳам худди одамларга ўхшаб иймонсиз-иймонли, яхши-ёмон, адашган ва ҳидоятда юрганлари, фирибгар ва соддалари бор. Жинлардан ҳам Қуръонга, Пайғамбар алайҳиссаломга иймон келтириб яхши йўлда юрганлари жаннатга, иймонсиз бўлиб ёмон йўлда юрганлари дўзахга тушадилар. Улар одамларга ҳеч қачон ёрдам бера олмайдилар ва ғойиб сирларини билмайдилар, чунки Қуръони карим нозил бўлгандан сўнг улар бу хислатлардан маҳрум бўлганлар. Жинларнинг Аллоҳ таоло билан насаб йўлидаги боғлиқлигига келсак, бу ҳақдаги ҳар қандай фикрлар туҳматдир.

"Сабаъ" сурасида бир гуруҳ жинлар Сулаймон алайҳиссаломга хизматкор бўлганликлари, у зот ҳассага суяниб вафот этганларидан сўнг ҳам "У тирик, бизни кузатиб турибди", деб ўйлаб, машаққатли ишда давом этганликлари ҳақида оятлар бор.

***

Венадаги дорулфунуннинг ҳуқуқшунослик куллияси декани, профессор Шибрил 1927 йилда бўлиб ўтган ҳуқуқ анжуманида қуйидагиларни айтган:

"Башарият Муҳаммад (алайҳиссалом)дек кишининг ўзига мансублигидан фахрланади. У киши, ўқиш-ёзишни ўрганмаганига қарамай, бундан ўн неча аср аввал биз европаликлар икки минг йилдан кейин эришсак ҳам бахтли бўладиган қонунларни келтирган".

Бутун дунёга машҳур адиб ва файласуф Бернард Шоу айтади:

"Мен доимо ислом динини ғоятда эҳтиром қиламан. Чунки бу динда қувват ва ҳаётийлик бордир. Менимча, фақат ушбу дингина ҳаракатлантирувчи кучга эгадир ва барча замонларда башариятнинг фойдасига хизмат қила олади".

Инглиз тарихчиси Вилз ўзининг "Инсоният тарихи ифодалари" китобида:

"Европа ўзининг идорий ва тижорий қонунлари бўйича исломдан қарздордир", дейди.

Француз тарихчиси Сидую:

"Наполеоннинг қонуни имом Молик мазҳабидаги "Шарҳи Дардийр ала матни Халийл" номли фиқҳ китобидан кўчирмадир", деб ёзади.

***

 Имом Аҳмад ва имом Абу Довуд Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади:

"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан мусобақалашган эдилар, мен Ул зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг менинг гўштим оғирлашганда яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва "ҳалиги билан биру бир", дедилар".

Қаранг, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам ўз хотинлари Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан югуриш мусобақаси ўтказган эканлар. Бу югуриш мусобақаси ўтган пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлари эллик учдан ўтган эди. Кейинги, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиздан ўзиб кетган югуриш мусобақасида эса, у зотнинг ёшлари ундан ҳам катта бўлади. Бу, оилавий равишда бадантарбия билан шуғулланишдир. Афсуски, кўпгина мусулмонлар бунга ўхшаш нарсалардан бехабарлар.

***

Еб-ичиш гуноҳ эмаc, исроф қилиш гуноҳдир.

Имом Бухорий келтирган ривоятда ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

"Сени икки хислат - фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер", деганлар.

***

"Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир".

Ер юзида инсонларнинг қадр-қиймати ушбу илоҳий ўлчов билан ўлчангандагина турли низолар, уруш-жанжаллар ва келишмовчиликлар барҳам топади.

Худди шу оятнинг маъносида Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломдан кўплаб ҳадислар келган.

Имом Муслим Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда: "Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу    дунёларингизга қарамайди, балки қалбингиз ва амалингизга қарайди", дейилади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳуга: "Назар сол, сенинг агар тақвода ортиқлигинг бўлмаса, қизилдан ҳам, қорадан ҳам яхши эмассан", деганлар.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!