Меню
Қашқадарё
СУРАТЛАР САРҒАЙИШИ МУМКИН...
Умбар Саломов ҳали ўн еттига ҳам тўлиб улгурмасдан Иккинчи Украина фронтининг танк қўшинлари бригадасида жангга кирган. Украина, Болтиқбўйи давлатлари, Венгрия, Польша, собиқ Чехословакия ва Германиядаги жангларда қатнашган. 1945 йилда, ғалабага бир неча ой қолганида немислар танкини портлатиб, оғир жароҳатланган. Портлаш оқибатида тупроқ остида қолиб кетиб, англашилмовчилик туфайли уйига қорахат ҳам жўнатилган.
Пешонасида бор экан, оғир жароҳатларни енгиб, оёққа турди. Яна жангга кирди. Япония билан бўлган жангларда ҳам қатнашди. Собиқ иттифоқ ҳудудида урушдан кейинги тозалаш ва тиклаш ишларида қатнашиб, 1949 йилдагина қишлоғига қайтди. 1950 йилда ички ишлар тизимига ишга кириб, тоғли ҳудудда эл осойишталигини сақлашга ҳисса қўшди. Жангларда ҳалок бўлган деб ҳисоблангани боис унга аталган "Қизил юлдуз" ордени Россиядаги музейда сақланар экан. Раҳбарлар хабар топиб, 1978 йилда орденни эгасига топширишади.
- Умбар бобонинг кураш ва ғалабаларга тўла мураккаб ҳаёт йўли барчамиз, айниқса, ёшларимиз учун ибрат мактабидир, - дейди вилоят ИИБ кадрлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Баҳриддин Шоймардонов. - Жасоратга йўғрилган бу ҳаёт йўли хусусида тизимда меҳнат қилаётган ходимларга қайта-қайта гапиришдан чарчамаймиз. Зеро, бу жасорат уларни Ватан осойишталиги йўлида фидойилик кўрсатиб меҳнат қилишга ундайди.
Умбар бобо Саломов ўтган йили, табаррук 96 ёшида вафот этди. Отахон яшаган уйда унинг азиз хотираси ёд этилди. Бу ерда жам бўлган ички ишлар тизими мутасаддилари, қўни-қўшни, маҳалладошлар узоқ гурунглашдилар. Эски альбомлар, етмиш тўрт йил муқаддам олинган, шонли аскарлик ҳаёти акс этган сарғайган суратлар ва ҳужжатлар қўлма-қўл ўтди. Матонат, жасорат ва эзгулик йўлини тутган фидойи инсон ҳақида кечди самимий гурунглар. Йиллар ҳукми билан ҳужжатлар, суратлар сарғайиши мумкин. Фидойи инсонларнинг азиз сиймолари қалбларда абадий яшайверади.
Бу каби хайрли тадбирлар давом этаяпти. Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари ҳамда самарали меҳнат қилган фахрийлар йўқланиб, совға-саломлар топширилмоқда.
Н.ХЎЖАЕВ