Меню

Қашқадарё

02.07.2020 1139

Сурат ва видеони тарқатмаслик эвазига минг доллар талаб қилди

Қинғир ишнинг қийиғи

Кейинги вақтларда ижтимоий тармоқлар орқали қизлар билан танишиб, маълум муддатдан сўнг уларнинг турли сурат ва видеоларини қўлга киритгач, элга овоза қилиш билан қўрқитадиган, бунинг эвазига пул талаб қиладиган товламачилар тез-тез учраяпти.

33 ёшли Х.Н.нинг вилоят ИИБга ёзган аризасида ҳам ана шундай ҳолат акс этган.  Унда айтилишича, Х.Н. ҳозирги пайтда Россия Федерацияси Уфа шаҳрида ишлайди. Шу йилнинг февраль ойида Telegram ижтимоий тармоғи орқали С. исмли шахс билан танишиб, ўзаро ёзишиб, гаплашиб туради.

Шу вақт оралиғида ўзининг бир нечта фотосурат ва видеоларини ҳам юборади. Орадан вақт ўтиб С. ушбу фотосурат ва видеоларни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб юборишини айтиб қўрқитади ва уларни тарқатиб юбормаслик эвазига 1000 АҚШ доллари талаб қилади.

Мазкур ариза юзасидан жорий йилнинг 28 июнь куни соат 14:40 да ИИБ ходимлари томонидан Қарши шаҳар Ислом Каримов кўчасида жойлашган “Шарқ зиёкори” савдо шохобчаси яқинида ўтказилган тезкор тадбир давомида, Қамаши туманида яшовчи 24 ёшли С.А. тадбирда иштирок этаётган У.О.дан кимёвий ишлов берилган 900 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағини олиб, эвазига фотосурат ва видеоларни ўчириб юбориш учун ўзига тегишли “Samsung J8” русумли уяли алоқа воситасини тақдим қилган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.  

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги тергов департаментининг хабар беришича, ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан С.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!