Меню

Қашқадарё

13.01.2022 1518

Сунъий идрок ўттизга яқин касб эгаларини ишидан айиради

Швециянинг меҳнат бозорини баҳолаш ва таълим сиёсати институти тадқиқот ўтказиб, яқин вақтларда ўрнини сунъий идрок эгаллаши кутилаётган бир неча ўнлаб касбларни аниқлади, деб ёзади Dagens Nyheter манбаси.

Мақолада қайд этилишича, сунъий идрокка асосланган технологиялар аста-секин кўпроқ ва янада кўпроқ вазифаларни бажаришни бошлайди. Бу эса келгусида жамият фаолиятнинг турли соҳаларидаги меҳнатга ҳақ тўлаш даражаси бўйича табақаланишига олиб келади.

- Эътиборли томони шундаки, янги технология нафақат муайян мутахассисликка эга бўлмаган ходимларни, балки айрим врачлар, масалан рентгенологларни ҳам алмаштиради, - дейди Дандерюд шифохонаси ортопеди Макс Гордон. - Сунъий идрок аллақачон ҳар хил турдаги синишларни аниқлаш илмини ўрганиб олган, келгусида уларни даволаш турини тавсия этиш имкониятига ҳам эга бўлади.

"Сунъий идрок бу ишни бир лаҳзада бажаришга қодир, шу жиҳат соҳада ҳозир кадрлар етишмовчилиги кузатилаётган сермашаққат вазифали иш ўринларини қисқартиришга ёрдам беради", дея қўшимча қилади Гордон.

Унинг аниқлик киритишича, сунъий идрокка асосланган технологияларни ортопедиядан ташқари, шошилинч тиббий ёрдам ва гинекология каби йўналишларда ҳам жорий қилиш мумкин. Шунингдек, бу ҳамширалар етишмаслиги муаммосини юмшатишда асқатади.

Бундан ташқари, сунъий идрок бошқа бир қанча ўнлаб касбларда ҳам инсон ўрнини эгаллай олади. Гап ҳисобчи, фотомодель, саноатнинг полиграфия, ёғочни қайта ишлаш, кимё ва металлургия тармоқлари дастгоҳлари операторлари, кассир, сотувчи, фаррош, машинист, монтёр, маъмурият кичик ходими, пайвандчи, қурувчи, агент, ҳайдовчи, ўрмончи ва хабарчи каби мутахассисликлар ҳақида бораяпти.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!