Меню
Қашқадарё
СУМАЛАК УЧУН БУҒДОЙ ЎСТИРИШДА МИНГ ЙИЛЛАР ДАВОМИДА ҚЎЛЛАНГАН "ИННОВАЦИЯ"ЛАР
бугун ҳам гидропоника усулидан фойдаланаётган тадбиркорларга жуда асқатаяпти
Тажриба
Шаҳрисабз туманидаги "Носиров Тўра Улашович" хусусий корхонасида гидропоника усулида витаминларга бой чорва озуқасининг етиштирилиши корхонага катта иқтисодий самара келтираяпти.
2009 йилда ташкил этилиб, дастлаб асосан сутни қайта ишлашга ихтисослашган бу тадбиркорлик субъекти бугунги кунда нафақат туман, балки бутун Қашқадарё миқёсида ҳам энг кўп сут маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган бизнес тузилмаларидан бири ҳисобланади. Қуввати бир кеча-кундузда 10 тоннагача хомашё қайта ишлашга мўлжалланган бу корхона истеъмолчиларга "Kesh milk" бренди туширилган бир неча ўнлаб турдаги маҳсулотлар етказиб беради. Вилоятимизнинг кўплаб шаҳар ва туманлари ҳамда Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё ва Наманган вилояти, шунингдек, пойтахтда кўплаб дилерлари ва доимий мижозлари бор.
- Хомашё таъминотини яхшилаш ва маҳсулотлар таннархини пасайтириш мақсадида 2020-2021 йилларда Германия ва Австриядан 120 бошдан ортиқ сут йўналишидаги зотдор сигирлар олиб келиб, чорвачилик комплексини ташкил қилгандик, - дейди корхона бош ҳисобчиси Ҳолида Инатова. - Шунинг ҳисобидан ҳозир цехларимизда қайта ишланаётган сутнинг бир қисми (20-25 фоизи) корхонанинг ўзидан чиқаяпти. Бу сарф-харажатларнинг камайиши, ишлаб чиқариш жараёнининг барқарорлигини таъминлаяпти.
Янги комплекс ташкил этилгач, корхонада чорва озуқаси таъминоти долзарб масалага айланди ва уни ишончли ҳал қилиш учун Баҳром Носиров раҳбарлигидаги жамоа аъзолари кўп вақт ва маблағ талаб қилмайдиган усулни қўллай бошлашди. Моллар учун анъанавий ем-хашаклар сотиб олиш ва тайёрлаш билан бир қаторда буғдойни патнисларга ўхшаган махсус контейнерларда тупроқсиз, махсус жиҳозланган ва нам шароитда ўстириш, яъни гидропоника усулида кўк масса етиштириш йўлга қўйилди.
- Кимдир бу усулни "илғор технологиялар" деб аташи мумкин, лекин аслида бундай "инновация"лардан халқимиз сумалак учун буғдой ўстиришда минг-минг йиллардан буён фойдаланиб келаяпти, - дейди Ҳолида Инатова. - Чорвачилик комплексининг мутахассислари эса бу технологияларни юртимиздаги бир қатор фермер хўжаликларида самара берганини кўриб, корхонамизда ҳам жорий қилишди. Биргина фарқи - хориждан гидропоника учун келтирилган қиммат ускуналар ўрнига маҳаллий усталар томонидан ясалган қурилма ва мосламалар ўрнатилди. Ва бу усул мана бир неча ойдирки корхонага ҳар томонлама фойда келтираяпти. Чунки 1 килограмм буғдойнинг гидропоника усулида ўстирилиши натижасида пайдо бўлган массанинг озуқа қиймати молга қуруқ ҳолида берилган 5-6 килограмм донники билан тенгдир. Энг муҳими, бундай "кўкат"ларни истеъмол қилган соғин сигирларнинг сути кўпроқ ва ёғлироқ бўлади.
Олимларнинг таъкидлашича, мазкур технология асосида етиштирилган озуқа витаминлар, ферментлар, биологик фаол моддалар, ёғли кислоталар ва енгил ўзлаштириладиган протеинга бой бўлгани учун ҳам уни еган молларнинг маҳсулдорлиги (сифат жиҳатдан ҳам, ҳажм жиҳатдан ҳам) анча юқори бўлади.
- Айни пайтда рационида гидропоника усулида етиштирилган кўк масса бўлган қорамоллар специфик касалликларга камроқ чалинади, соғлом ва бақувват насл беради, - дея тушунтиради чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институтининг Қашқадарё илмий-тажриба станцияси директори, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Бурхон Бойбулов. - Бузоқларнинг бундай озиқланиши эса иммунитети кучайиши, тезроқ ўсиши ва етилишига ёрдам беради. Бу усулнинг иқтисодий томондан ҳам фойдали жиҳатлари талайгина. Озуқа таннархининг пасайиши, витаминлар, дори-дармонлар ва турли қўшимчаларга сарф-харажатларнинг камайиши, иқлим шароитлари билан боғлиқ таваккалчиликларнинг йўқолиши ва катта омборхоналарга зарурат қолмаслиги шулар жумласидан.
Гидропоника усулида чорва озуқаси етиштиришнинг яна бир устун томони - у кўп вақт ва жой талаб қилмайди. Бир квадрат метрдан 7 кун ичида 25 килограмм атрофида кўк масса олиш мумкин экан, демак, бир йилда шу зайлда 52 марта ҳосил ёки умумий ҳисобда 1,3 тонна озуқа етиштириш имкони туғилади.
Темур НИЗОМОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.