Меню

Қашқадарё

24.02.2022 1875

СУЛТОН АБУ САИД МИРЗО НАВОИЙНИ САМАРҚАНДГА СУРГУН ҚИЛГАНМИ?

Адабиёт

Ҳазрат Мир Алишер Навоий Ҳусайн Бойқаро давригача беш ҳукмдор - Абулқосим Бобур, Султон Маҳмуд, Султон Иброҳим, Султон Абу Саид ва Султон Аҳмад Мирзо саройларида хизмат қилган. Ҳиротлик тарихчи Хондамир "Ҳабиб ус-сияр" асарида ёзишича, буюк шоир "Султон Абу Саид ҳукмронлиги кунлари Ҳиротга келиб, бир неча муддат вақт иқбол ошёни остонаси (султон саройи)нинг мулозаматида бўлган".

Албатта, Султон Абу Саид саройида ҳам Навоий каби қатор шоирлар хизмат қилган. Аммо айрим навоийшунослар "Бобурнома"га асосланиб, Абу Саид Мирзо қандайдир сабаб билан 10-12 ёшидаёқ бутун туркий мамлакатларда машҳур бўлган шоирлар султонини Ҳиротдан Самарқандга сургун қилганини ёзишади. Жумладан, адабиётшунос олим Муҳаммаджон Маҳмуд бунга Навоий ҳукмдор яхши кўрган Шайх Садриддин Равосийнинг суҳбатида бўлганини асос қилиб кўрсатган. Бу билан мутафаккир шоҳнинг шайх мулоқотига ўзидан бошқа ҳеч кимни киритмаслик ҳақидаги фармони талабини бузади ва Самарқандга ихрож қилинади.

Ушбу қарашларга оид изоҳ Иброҳим Ҳаққул асарларида ҳам учрайди. Ёзувчи қайд этганидек, "кўпдан кўп шоҳ, султон ва хонлар сингари Абу Саид ҳам ўз умри, хайрли амалларини тарих зарварақларига муҳрлаш учун шоирлардан фойдаланган...

Хуллас, Абу Саид Мирзо шеърпараст бўлмаса ҳамки, шеъриятнинг кўксига пичоқ санчадиган даражада жоҳил ва гумроҳ ҳам эмас эди.

Устоди Мавлоно Лутфийни  Навоий "ўз замонининг малик ул-каломи эрди", деганини бугун мактаб ўқувчиси ҳам билади. Лекин унинг асарларидан маълум қисми Султон Абу Саид замонида яратилганини ҳамма ҳам билмаслиги мумкин. Худди шунга монанд фикрни султон билан шахсан яқинлиги бўлган форсий адабиётнинг буюк намояндаси Нуриддин Абдураҳмон Жомий ҳақида ҳам айтиш керак бўлади.

Албатта, Навоийнинг миллат ва башар шоири бўлиб камол топиши, дунёга танилган санъаткор мақомини эгаллашида Султон Абу Саид ҳеч вақт  Ҳусайн Бойқаро даражасида эрк ҳам, имкон ҳам  бермасди. Бунга шубҳаланмаслик керак. Бироқ Навоийни улуғлаб, шижоатини шарафлаш учун мутафаккир шоирга Абу Саидни қаттол бир душман қиёфасида кўрсатишнинг ҳам кераги йўқ. Акс ҳолда, Навоийнинг холислиги ва бағрикенглиги камситилади".

Албатта, султон ва буюк шоир ўртасида ўтган гап-сўзлар, келишмовчилик моҳияти бизга қоронғи. Бироқ, филолог олим Саййид Имомхўжа Салимий юқоридаги "сургун" талқинини инкор этиб, шундай ёзган: "Кўпгина навоийшуносларимиз Алишер    Навоийни Султон Абу Саиддан яхшилик кўрмади, деган фикрни илгари суришади. Бунга сабаб Алишер Навоийнинг Султон Ҳусайн Бойқаро билан дўстлигидир, дейишади. Хўш, Султон Абу Саид Алишер  Навоийни ёмон кўрар экан, унда нега Самарқандда ҳукмдор ҳурмат қилган улуғ шахслар - Хожа Аҳрор Вали ва Хожа Фазлуллоҳ Абуллайс даҳо шоиримизни фарзанддай эъзозладилар. Менинг назаримда, Султон Абу Саид Алишер Навоийни Самарқандга Хожа Аҳрор демократиясини англаб етсин, деган маънода ҳам жўнатган бўлиши мумкин. Бу мавҳум тушунчаларга барҳам бериш керак, деб ўйлайман. Алишер Навоий Самарқандга илм истаб, муршиди комил истаб келган эди. Унинг бахтига ўз асрининг машҳур олим ва адиблари, жумладан, Хожа Фазлуллоҳ Абуллайс, Саъдиддин Кошғарий, Саййид Қосим Анвор, Абдураҳмон Жомий "каъбаи мақсуд", "муршиди офоқ" деб билган Хожа Аҳрор Вали учради. Султон Абу Саид эса буюк пирнинг фикрини ҳеч қачон рад этолмас эди."

Дарҳақиқат, Навоий билан замондош бўлган Хондамир Мир Алишер Самарқандга илм истаб борганини ёзган. Бинобарин, шоир ҳам дўсти Саййид Ҳасан Ардашерга ёзган маснавий шаклидаги мактубида Амир Темур пойтахтига келишининг бир неча сабабларини кўрсатган.

Биринчиси, адабиётшунос олим Нажмиддин Комиловнинг ёзишича, Ҳиротда ижод қилишга имконият йўқлиги, сўз қадрига етадиган, туркий шеърга талабгор одам қолмагани.

Иккинчи сабаб, Хуросонда одамгарчилик, саховату мурувватнинг барҳам топгани, унинг ўрнини нифоқ, бахиллик, ҳасад эгаллагани, вайронгарчилик, зулму ситам авж олгани.

Учинчиси, илму ирфондан баҳраманд бўлиш, тариқат йўлини танлаш. Чунки, Навоий эътиқодига кўра, инсон бўлиб яшамоқдан мақсад Аллоҳни ва ўз-ўзини танишдир. Бунинг эса иккита йўли бор. Бири - Ҳақдан жазба етиб, "яқин жомидан маст бўлиш", яъни Аллоҳ ёдида ўзидан ва ўзлигидан бехабар бўлиб юриш, дунёнинг барча шуғли (машғулотлари)дан юз ўгириш, охир-оқибатда жисм - вужуддан қутулиб, Аллоҳ вужудига қўшилиш.

Иккинчиси - пирга қўл бериб, унинг иродаси, амри билан "фано даштини кезиб",  риёзат оқибатида жазба топиш:

Яна бир будурким, гадо гар мулук,

Талаб йўлида қилгай онча сулук.

Бурун муршиди комил истай юруб,

Ани топқач ўзин анга топшуруб.

Биринчи йўлни Навоий "мажзуби солик" йўли деб атайди, яъни аввал илоҳий жазба (тортилиш) етиб, кейин тариқатни қабул қилиш. Иккинчи йўлни у "солики мажзуб" дейди, яъни аввал тариқатни қабул қилиб, тавба, вараъ, сабр ва ҳоказо мақомларни босиб ўтгандан кейин улуғ мақомга мушарраф бўлиш.

Маълумки, Навоий тасаввуфга, фақр аҳли сулукига ёшлигидан кучли эътиқод қўйган. Мажнундай ошиғи сармаст бўлиш, девона қаландардай сарсари кезишни орзу этган. Аммо бу муяссар бўлмагач, пиру муршидни топиб, унинг иршодида фақру фано неъматидан баҳраманд бўлишга қарор этган. Демак, бундан чиқди, Навоий Самарқандга устоз излаб келган.  

Кўп йиллик илмий изланишларимиз шуни кўрсатадики, Султон Муҳаммад ибн Мироншоҳнинг ўғли, Мовароуннаҳр ва Хуросон ҳукмдори Абу Саид Мирзо саройида ҳам темурий султонлар анъаналарига ҳамоҳанг кўплаб шоирлар иштирокида шеърий йиғинлар ўтказилган, у шоирларни қадрлаган, ғамхўрлик кўрсатган, шеър эшитишни хуш кўрган.

Султон Абу Саиднинг дастлаб 1451 йилдан Самарқанддаги, 1457 йилдан бошлаб Ҳиротдаги саройида шоирлар мажлислари ташкил этилган ва мушоиралар уюштирилган. Шоир Котибий Нишопурий ҳукмдорга бағишланган қуйидаги қасидасини унинг Ҳиротдаги саройида ўтган мажлисларида ўқиган:

Гаҳики, тиғи ту да қатли аҳли дид барояд,

Ба як мушоҳада мақсуди сар шаҳид барояд.

Манол, Котибй, аз шоми ғам ки субҳи саодат,

Ба юмни давлати Султон Абу Саид барояд.

(Маъноси: гоҳо тиғинг ошиқлар қатли учун кўтарилганда, бир кўриш билан юз шаҳиднинг мақсади ҳосил бўлади. Котибий ғам тўнингдан нолима, Абу Саид давлати баракатидан саодат тонги отиб қолади).

Сарой шоирларидан Саййид Қосимийнинг "Мажмаъ ул-ахбор" асари Султон Абу Саид Мирзога бағишланган ва ундаги қуйидаги сатрларда ҳукмдор мажлислари зикр этилади:

Ҳамди худо бирла равон оч тилинг,

Мадҳи шаҳаншоҳға боғла белинг.

Носири дин, мулк эяси Бу Саид,

Давлатидин элга турур кунда ийд.

Эгри бўлур мажлисида рострав,

Бошдин этар дурри гуҳарларни нав.

Қилди қўбуз барча сўзин ихтисор,

Айта турур мадҳи шаҳи комкор.

Ҳазрат Навоий "Мажолис ун-нафоис"да ёзишича, подшоҳ (Абу Саид Мирзо) Абдусамад Бадахшийга ўз тарихин (ёзишни) буюрди. У ҳам султон адабий мажлисларида иштирок этган. Шунингдек, мушоира кечаларида Абдураҳмон Жомий Султон Абу Саид Мирзо мадҳ этилган ғазалларини ўқиган:

Соқий, ба шакли жом бар омад ҳилоли ийд,

Май деҳ ба фарри давлати Султон Абу Саид.

Ийд нав асту, ёр нав аст ва баҳор нав,

Дорад зи ҳар жадид дилам лаззати жадид.

Шуд бар мазид ишрати мо аз дуои шоҳ,

Бодаш ҳамиша давлати иқбол бар мазид.

Жомий, шаккар лабони Самарқандро шудий,

Аз жон мурид - "яссарак Аллоҳу мо мурид".

(Мазмуни: Соқий, жом шаклига кирди ийд ойи бу тун, Султон Абу Саид давлатидан биза май сун. Ийд янги, ёр янги, баҳор келмиш янгидан, ҳар янгидан дил завқи янгиланди бутун. Шоҳ дуосидан ортди ўйин-кулги файзи, унинг-да давлати бахти бўлсин доим фузун. Жомий, Самарқанд шакарлабларига бўлди мурид: "Аллоҳ, умидингга осон етурсун"). 

Амир Шайхим Суҳайлийни ҳам Султон Абу Саид саройида хизмат қилган шоирлар сирасига қўшиш мумкин. Бу ҳақда Навоий "Мажолис ун-нафоис" асарида шундай ёзган: "Султон Абу Саид Мирзо хизматига тушиб махсус мулозим бўлди ва ашъори эл орасида шуҳрат тутти".

Можор ёзувчиси ва сайёҳ Ҳерман Вамбери ҳам Шайхим Суҳайлий Султон Абу Саид саройи шоирларидан бири бўлганлигини қайд этган: "Суҳайлий ёхуд Амир Шайхим Суҳайлий. Илк бор Абу Саид Мирзо саройида, кейин 20 йилча Мирзо Ҳусайн саройида яшаган ушбу зот Ҳиндистоннинг "Тўтинома" масалларини фавқулодда гўзал таржима қилган".

Академик Ботир Валихўжаев "Алишер Навоий ва Шайхим Суҳайлий" мақоласида ўзбек ва форс тилларида ижод қилган зуллисонайн шоир ҳақида шундай ёзган: "Давлатшоҳ ибн Бахтишоҳ Самарқандийнинг "Тазкират уш-шуаро" асарида маълумот беришича, Шайхим Суҳайлий Ўрта осиёлик  ("Улуси Чиғатой") бўлиб, унинг ота-боболари Амир Темур замонидан бошлаб, катта эътибор ва обрўга эга бўлганлар. Кейинчалик, хусусан йигитлик даврида у Султон Абу Саид Мирзога махсус мулозим бўлиб хизмат қилган".

Мухтасар қилиб айтганда, Султон Абу Саид саройида ҳам бошқа темурий ҳукмдорлар ҳузурида бўлгани каби ўзига хос адабий муҳит шаклланган эди. Унинг ғамхўрлигида Мавлоно Лутфий, Абдураҳмон Жомий, Шайхим Суҳайлий, Котибий Нишопурий, Саййид Қосимий каби ўнлаб шоирлар салмоқли ижод этган ва бетакрор асарлар яратганлар. Шундай экан, Султон Абу Саид ва Алишер Навоий ўртасидаги муносабатга оид мавзу ҳали кўп тадқиқ қилинади. 

Шерхон ҚОРАЕВ,

филология фанлари бўйича (PhD) фалсафа доктори

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!