Меню

Қашқадарё

10.12.2019 1734

СУДЬЯЛИК ОБРЎЛИ КАСБ БЎЛГАНИ УЧУН ТАНЛАНАДИМИ?

Инсон ва ислоҳот

Мамлакатимизда суд тизимининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва либераллаштириш, судларнинг мустақиллиги ва масъулиятини кучайтириш, бир сўз билан айтганда, жамиятда суд назорати институтини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар давом этмоқда. Чунки суд ҳокимиятининг том маънодаги мустақиллиги ва дахлсизлигига эришиш ҳуқуқий давлат қуришнинг энг муҳим шартидир.

Бу борада судларнинг жиноий, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича ихтисослаштирилгани, суд ишларини апелляция ва кассация инстанцияларида кўриб чиқиш институтлари жорий этилгани, ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибаси ва амалиёти асосида суд соҳасида кадрларни танлаш ва ўз ўрнига қўйишнинг самарали ва демократик механизми амалда татбиқ этилаётгани муҳим қадамлардир.

Илк маротаба давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқини таъминлашга хизмат қиладиган, Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, туман ва шаҳар маъмурий судлари тузилгани эътиборга молик.

Бундан ташқари, янги ташкил қилинган, ҳудудларда ишларни биринчи инстанцияда кўриб чиқишга ваколати бўлган туманлараро, туман ва шаҳар иқтисодий судлари хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда аҳамиятли бўлаётир.

Жиноят-процессуал кодексига "Далилларнинг мақбул эмаслиги" ҳақидаги 951-модда киритилганини ҳам қайд этиш жоиз. Унга кўра, қонунга хилоф усуллар орқали ёки процесс иштирокчиларини қонун билан кафолатланган ҳуқуқларидан маҳрум қилиш ёхуд уларни чеклаш йўли билан олинган далиллардан, шу жумладан, жиноят процесси иштирокчиларига ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёхуд бошқача тарзда босим ўтказиш, қийноққа солиш, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаган ҳолда; гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг ҳимояга бўлган ҳуқуқларини, шунингдек, таржимон хизматидан фойдаланиш ҳуқуқини бузган ҳолда; мазкур жиноят ишини юритишни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан процессуал ҳаракатни бажариш натижасида; номаълум манбадан ёхуд жиноят ишини юритиш жараёнида аниқлаш мумкин бўлмаган манбадан; суриштирув, дастлабки тергов жараёнида жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг судда мавжуд далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топмаган кўрсатувларидан олинган далиллардан далил сифатида фойдаланиш тақиқланди.

Эндиликда Олий суд веб-сайтида суд қарорлари тизимли равишда эълон қилиниб, қабул қилинган суд ҳужжати ўқиб эшиттирилганидан сўнг унинг мазмун-моҳиятини суд процесси иштирокчиларига тушунтириш, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш, суд амалиёти обзорларини ҳар чоракда эълон қилиш амалиёти жорий этилди.

Маълумки, Бош қомусимизнинг 19-моддасига асосан, фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.

Бундан кўринадики, суд ва судьяларнинг мақоми ва масъулияти жуда юксак. Шунинг учун судьялик лавозими ҳақида гап кетганда, одамлар унинг обрўли лавозим эканлигига эмас, аввало, бундай лавозим эгасининг қай даражада ўз ишига муносиблиги, содиқлиги, адолатли, маданиятли ва билимли шахс эканлигига қараб баҳо берадилар.

Конституциямизга мувофиқ судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Дарҳақиқат, одил судловни амалга ошириш вазифаси судлар томонидан бажарилар экан, авваламбор, ана шу соҳада хизмат қилувчи судьялар ва ходимларга катта масъулият юклайди. Шунинг учун уларнинг назарий ва амалий билимларини, малака ҳамда касб маҳоратини ошириш, судьялик захирасини муносиб номзодлар асосида шакллантириш, энг муҳими, суд тизимини ҳуқуқий онги етук, замонавий фикрлайдиган ва ишлайдиган    кадрлар билан тўлдириш принципиал аҳамиятга эга.

Суд-ҳуқуқ соҳасини танлаган ҳар қайси инсон, айниқса ёшлар, судьялик касбининг обрўли ёки шарафли эканлигини эмас, балки авваламбор, улар ҳар жиҳатдан ана шундай номга муносиб бўлиши, ўз ишини пухта билиши, теран фикрлай олиши, ҳар қандай вазиятда ҳар қандай масалани обдан ўйлаб, сўнгра бир қарорга келиши каби хусусиятларни ўзида шакллантириб бориши лозим бўлади.

"Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 61-моддасига мувофиқ, ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича, авваламбор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судининг, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судининг, туман (шаҳар) маъмурий судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси бўлиши мумкин.

Олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича камида етти йиллик, шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида икки йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоят судининг, Тошкент шаҳар судининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг судьяси бўлиши мумкин.

Олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича камида ўн йиллик, шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси эса Олий суд судьяси бўлиши мумкин.

Судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасида турган шахслар Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги   Судьялар олий мактабида мажбурий тартибда ўқиши шарт. Ўқиш даврида улар асосий иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этилади, бироқ ўқишнинг бутун даврида иш жойи (лавозими) сақланади.

Бунда муносиб кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, танлаш ва жой-жойига қўйишга, асосий эътиборни судья ва ходимлар, судьяликка номзодларнинг билими ва дунёқараши, тажрибаси ҳамда салоҳиятининг қай даражада эканлигини муносиб баҳолашдек муҳим ва масъулиятли вазифани сидқидилдан бажариш мақсади кўзлангани аҳамиятлидир.

Албатта, судьялар учун ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган ёш цензи судьялар хатоларининг олдини олиш, судьялар корпуси етарли амалий ва ҳаётий тажрибага эга юқори малакали юристлар орасидан шаклланишини таъминлайди.

Умуман олганда эса суд ислоҳотларини чуқурлаштириш, ҳокимиятнинг учинчи, мустақил ва қарам бўлмаган тармоғи сифатида бутун одил судлов тизимини демократлаштириш муҳим йўналишлардан биридир. Шунга эришилса, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари сўзсиз таъминланади.

Бахтиёр ҚИЛИЧОВ,

вилоят маъмурий суди судьяси

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!