Меню
Қашқадарё
СУДЬЯ ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ
Ёшларга оид давлат сиёсати - амалда
Жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов Қарши ихтисослаштирилган санъат мактабида ёшлар билан учрашув ўтказди.
Маълумки, давлат раҳбари 2019 йил 27 декабрь куни ёшлар билан ўтказилган учрашувда - Янги Ўзбекистонни ёшлар билан бирга қуриш, 2020 йил ёшлар учун туб бурилиш йили бўлишини таъкидлаб, ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш тизимини такомиллаштириш, уларнинг интилишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган илғор ислоҳотлар амалга ошишини билдирган эди.
Шунга биноан, бугун жойларда турли бўғиндаги раҳбарлар томонидан ёшларнинг таклиф ва муаммолари эшитилиб, ҳал этиш чоралари кўрилаётир. Галдаги вазифа ва режаларда йигит-қизлар билдирган фикрлар ҳам назарда тутилмоқда.
Суд раиси билан учрашувда қайд этилганидек, жойларда ёш авлод вакиллари ҳоким ўринбосари этиб тайинланаётгани, яқинда бўлиб ўтган сайловларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 9 нафар йигит-қиз сайлангани, маҳаллий кенгашларда ғалаба қозонганларнинг қарийб 10 фоизини ёшлар ташкил этиши ёшларга оид давлат сиёсати амалий натижаларидир.
Мамлакатимизда буюк аллома Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Ёш математиклар халқаро олимпиадаси муваффақиятли ўтказилганидан келиб чиқиб, ушбу тажриба асосида физика бўйича Аҳмад Фарғоний, кимё фани бўйича Абу Райҳон Беруний, биология бўйича Абу Али ибн Сино, астрономия бўйича Мирзо Улуғбек номидаги халқаро фан олимпиадалари ташкил этилиши эса ёш авлод вакилларининг иқтидор ва истеъдодларини юзага чиқаришда муҳим омил бўлади.
Таълим муассасалари, нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари, маданият ва спорт иншоотлари, "Темурбеклар мактаби", "Президент мактаблари", "Ижод мактаблари" деб ном олган мутлақо янги намунадаги илм масканлари бугунги глобаллашув шароитида рақобатга қодир етук кадрларнинг янги авлодини тарбиялашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Суд раиси соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, судьялик касбининг адолатни, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашдаги аҳамияти, келгусида мазкур жабҳада фаолият олиб боришни истаган ёшлар мустаҳкам билим олишга интилиши, ўз устида ишлаши зарурлигини таъкидлади. Фаол ёшларга бадиий ва оммабоп йўналишдаги китоблар совға қилинди.
Н.ХЎЖАЕВ