Меню

Қашқадарё

02.06.2016 2145

СУДЬЯ СУДЛОВИГА ОИД УЧ МУҲИМ ХАЛҚАРО ҲУЖЖАТ

Бошқача айтганда, адвокат қандай бўлиши кераклиги, вояга етмаган шахслар ҳуқуқлари қандай тартибда ҳимоя қилиниши лозимлиги, ушлаб турилган шахсга нималарни тушунтириш кераклиги, судья ёки журналистнинг холислиги ва мустақиллиги қандай таъминланишига оид асосий мезон ва қоидалар халқаро ҳуқуқда аллақачон белгиланган бўлиб, бугунги кунда ушбу халқаро стандартлар давлатлар қонунчилигида ўз ифодасини топган.

Масалан, одил судловга оид халқаро стандартлар халқаро ҳуқуқда “Миранда қоидаси”, “Бангалор принциплари”, “Судьялар мавқеи тўғрисида Европа Хартияси”, “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро билл”, “Милан қоидалари”, “Ювенал юстиция”, “Каракас декларацияси”, “Пекин қоидалари”, “Ар-Риёд принциплари”, “Бангкок декларацияси”, “Вена декларацияси”, “Инсонийлик мезонлари” деб ўзига хос тарзда номланиб, уларнинг барчаси инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқнинг асосини ташкил этади ва судлар фаолиятида муҳим ўрин тутади.

Гап инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқда умумэътироф этилган судлар фаолияти билан бевосита боғлиқ халқаро шартномалар ҳақида бораркан, бу борада қуйидаги 3 та муҳим халқаро ҳужжатни алоҳида қайд этиб ўтиш лозим.

Биринчи халқаро ҳужжат БМТнинг асосий шартномаларидан бири - “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро Пакт ва унга 2 та қўшимча протоколдир.

Иккинчи халқаро ҳужжат “Суд органларининг мустақиллигига оид асосий принциплар тўғрисида”ги Резолюция ҳисобланади.

Учинчи халқаро ҳужжат “Судьяларнинг хулқ-атворига оид” Бангалор принципларидир.

Хўш, нима учун айнан учта халқаро ҳужжат алоҳида эътироф этилади? Ушбу халқаро шартномаларнинг судлар фаолиятида устувор ўрни, ўзига хос жиҳати ва аҳамияти нимада?

Аввало шуни айтиш керакки, 167 та давлат аъзо “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро Пакт БМТ томонидан ҳозирги кунга қадар қабул қилинган 9 та асосий шартномадан биридир. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур халқаро ҳужжатлар ҳақида сўз юритганда, ҳеч қачон “шартнома” деб эмас, ҳамма вақт “асосий шартнома” дея сўз юритилади. Чунки, халқаро ҳуқуқда инсон ҳуқуқлари бўйича юзлаб шартномалар қабул қилинган, лекин асосий шартнома 9 та. Ушбу асосий шартномалар, шу жумладан юқоридаги халқаро Пакт ҳозирги замон халқаро ҳуқуқ тизимининг бош ҳуқуқий манбаи бўлиб, бирорта ҳам бошқа халқаро ҳужжат зид келиши мумкин эмас ва уларга мувофиқ равишда қабул қилиниши лозим. Шу билан бирга, аъзо давлатлар ўз ҳудудида бошқа шартномалар эмас, балки айнан ана шу асосий шартномаларнинг бажарилиши бўйича БМТга даврий ҳисоботларни тақдим этиб боради.

Бундан ташқари, мазкур халқаро ҳужжат ҳозирги замон инсон ҳуқуқлари тарихида ўзининг аҳамияти ва муҳимлиги билан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясидаги нормалар ижросини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида давлатларнинг сўзсиз ҳисобдорлиги ва жавобгарлигини белгилаб берган ягона бош шартномадир.

Шу маънода, давлат ичида Конституция қандай устувор юридик кучга эга бўлса, “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро Пакт ҳам халқаро ҳужжатлар иерархиясида шундай олий юридик мақомга эга бўлган фундаментал халқаро шартнома ҳисобланади.

Ушбу Пактда судлар фаолиятига оид муҳим қоидалар, жумладан, инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари устуворлиги, шахс дахлсизлиги, барча фуқароларнинг қонун ва суд олдида тенглиги, ҳар бир шахснинг ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги, айбсизлик презумпцияси каби умумэътироф этилган минимал стандарт қоидалари мустаҳкамланган.

Жумладан, Пактнинг 14-моддасида барча шахсларнинг судлар олдида тенглиги, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар қандай киши қонунга мувофиқ айби исботланмагунча айбсиз деб саналиш ҳуқуқига эга эканлиги, вояга етмаганларга нисбатан суд жараёни уларнинг ёши ва уларни қайта тарбияланишга ёрдамлашиш хоҳиши инобатга олинган ҳолда олиб борилиши кераклиги, бир жиноят учун икки марта жазога тортилиш мумкин эмаслиги ҳақида нормалар белгиланган.

“Суд органларининг мустақиллигига оид асосий принциплар тўғрисида”ги Резолюция ҳам халқаро ҳуқуқда судлар фаолияти бўйича қабул қилинган махсус халқаро ҳужжатлардан биридир. Айтиш жоизки, суд ҳокимияти мустақиллиги ва холислигини таъминлаш билан боғлиқ нормалар кўплаб халқаро ҳужжатларда у ёки бу тарзда белгиланган. Аммо, ушбу Резолюция бугунги кунда суд ва судьяларнинг мустақиллиги қандай таъминланиши керак, деган саволга атрофлича жавоб берган ягона халқаро ҳужжат ҳисобланиб, халқаро ҳуқуқ қонунчилигида ҳозирча бундан бошқа халқаро шартнома йўқ.

Ушбу шартномага Ўзбекистон 1997 йил 30 августда қўшилиб, суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва холислигини таъминлашга қаратилган Резолюциядаги асосий нормалар Конституция ва “Судлар тўғрисида”ги Қонунда ўз ифодаси топган.

Хусусан, Резолюциянинг 1-бўлимида қайд этилишича, суд органларининг мустақиллиги давлатлар томонидан кафолатланади ва Конституция ёки қонунларда мустаҳкамланади. Барча давлат органлари ва  бошқа ташкилотлар суд органларининг мустақиллигини ҳурмат қилиши ва унга риоя қилиши шарт.

Резолюцияда суд органлари фаолиятининг мустақиллиги, судьяларнинг алмаштирилмаслиги, судьянинг дахлсизлиги, фавқулодда судлар тузиш тақиқланиши ҳамда судлов жараёнида томонларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги каби принциплар белгиланган.

“Судьяларнинг хулқ-атворига оид” Бангалор принциплари жаҳон суд-ҳуқуқ соҳасида ХХI асрда қабул қилинган энг асосий, судьянинг судья сифатида ҳуқуқ ва мажбуриятларини, умумэътироф этилган касб этикаси қоидаларини, профессионал фаолиятда ишда ва ишдан ташқари вақтда нималарга амал қилишига оид минимал стандарт қоидаларини белгилаб берган ягона халқаро ҳужжатдир.

Бангалор принципларида судьялар фаолияти ва хулқ-атворига оид қуйидаги 6 та муҳим қоида белгиланган. Булар мустақиллик, объективлик, ҳалоллик, касб этикаси қоидаларига риоя этиш, суд мажлисининг барча иштирокчиларига нисбатан тенг муомалада бўлиш, компетентлик ва интилувчанликдир.

Бангалор принципларига мувофиқ судья учун одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолият бошқа мажбуриятларга нисбатан устувор бўлиб, ўз вазифаларини юқори профессионал даражада одилона, тезкор ва виждонан бажариши шарт.

Умуман айтганда, мазкур халқаро ҳужжатлар жаҳон мамлакатлари суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ривожига катта ҳисса қўшиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда суд ва судьяларнинг мустақиллигини таъминлашда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Ҳусан ТУРСУНОВ,

вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи, юридик фанлар номзоди.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!