Меню
Қашқадарё
СУДЬЯ ҲОКИМ ОЛДИДА ҲИСОБОТ БЕРАДИМИ Ё АХБОРОТ?
Давлатимиз раҳбари томонидан шу йилнинг 7 февралида имзоланган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонда 5 та устувор йўналиш белгиланган бўлиб, унинг 2-йўналиши суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирларини назарда тутади.
Шунингдек, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 13 июнь куни республикада фаолият олиб бораётган барча судьялар билан ўтказган йиғилишда соҳадаги муаммоларга батафсил тўхталиб ўтди ва галдаги вазифаларни белгилаб берди. Айни пайтда судьяларни халқ билан янада яқинлаштириш мақсадида бундан кейин барча судьялар ўз ҳудудларидаги ҳокимларга ҳар ойда ўз иши юзасидан ахборот бериб бориши йўлга қўйилди.
Ўрни келганда шуни ҳам эътироф этиш жоизки, бу тизим янги бўлгани сабабли судьянинг ахбороти, унинг матни тўғрисида ягона андаза мавжуд эмас. Унда нималар баён қилиниши, ёритилиши ва қайси жиҳатлар ўз аксини топиши ҳақида судьялар учун бирорта расмий ҳужжат йўқ. Амалиёт бу бўшлиқни тезда бартараф этишни тақозо этмоқда. Унга қадар судьяларнинг ахборотлари матнида пала-партишлик ва хилма-хиллик ҳолатлари учрамаслиги учун ўша соҳанинг юқори бўғини раҳбарлари доимий назоратни таъминлашлари керак бўлади.
Эндиликда ҳоким судьянинг ахборотидан ҳудудда содир қилинаётган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг аҳволи, фуқароларнинг, корхона ва ташкилотларда ишловчиларнинг судланганлик ҳолати, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, фуқаролик, иқтисодий, мулкий, меҳнат қонунчилигига оид ва ҳоказо низолар қайси ҳудуд ва жамоаларда кўпроқ учраётгани ва уларнинг содир этилишига имкон бераётган сабаб ҳамда шарт-шароитлардан бохабар бўлади ва шу ахборотлар асосида ўз ишини режалаштириб, тегишли чора-тадбирлар кўриш йўлларини излайди.
Шу ўринда яна бир нарсага эътибор қаратиш керак. Яъни кўпчилик янги тизимни бундан кейин судьялар ўз фаолияти, ишлари юзасидан ҳокимга ёки депутатлар сессияларида ҳисобот беради, деб тушунмоқда ва бу нотўғри.
Ҳар бир нарсани ўз номи билан атаган маъқул. Авваламбор, Президентимиз судья ҳоким олдида ҳисобот бериши ҳақида айтгани йўқ. Қолаверса, “ахборот” билан “ҳисобот”нинг мазмун-маъносини фарқлай билиш керак.
Ҳисобот – бу қуйи идора бошлиқлари томонидан ўз фаолияти юзасидан бўйсунув асосидаги ўзидан юқоридаги (вертикал) ташкилотига муайян давр бўйича ёзма ёки оғзаки ҳисоб беришидир. Ахборот эса ўз номи билан хабар бўлиб, ҳисоботдан тамоман фарқ қилади.
Бошқарув тизими ва тартибига кўра судьялар ҳокимларга бўйсунмайди, ҳисобот ҳам тақдим этмайди. Суд – мустақил иш юритувчи ва ҳеч кимга бўйсунмайдиган учинчи ҳокимият тизимидир. Агарда судьялар ҳокимларга ҳисобот беради, деб тушунилса, у ҳолда суднинг мустақиллигига, дахлсизлигига путур етади ва бу Конституция талабларига зид бўлади. Ҳолбуки, Бош қомусимизнинг 106-моддасида “Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади”, дейилган.
Шундай экан, бошқаларнинг суд ва судья фаолиятига ҳар қандай ҳолатда ҳам аралашиш ёки қандайдир йўллар билан таъсир ўтказишига йўл қўйилмайди. Маълумки, суд ҳокимияти қанчалик мустаҳкамланса, фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятлари янада кенгаяди.
Ҳокимлар судьянинг ахборот баёнидан келиб чиқиб, жойларда учраётган қонун бузилишларини бартараф қилиш, олдини олиш мақсадида ўша ҳудуддаги аҳоли ёки ташкилот жамоаси билан мулоқот ўтказиш учун судьяни ҳамкорликка чақириши мумкин. Ўз навбатида судья ҳам ҳокимга яқиндан ёрдам бериши керак.
Умуман олганда, судьянинг ахбороти ҳокимлар томонидан ҳокимиятнинг ички хизмат хоналарида эмас, балки ахборот баёнидан келиб чиққан ҳолда маҳалла ва жамоаларга бориб, ўша ерда ўрганилса, муҳокама қилинса ҳамда жойида тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинса, самарали натижаларга эришиш мумкин.
Парда ЭШМАТОВ, суд фахрийси