Меню

Қашқадарё

13.07.2017 1983

СУДЛАР ФАОЛИЯТИНИ ХАЛҚ БАҲОЛАЙДИ

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг  жорий йил 13 июнь куни суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида сўзлаган маърузаси суд-ҳуқуқ ислоҳотларини таъминлашда муҳим қадам бўлди. Давлатимиз раҳбари судьялар билан учрашувда судлар фаолиятидаги камчиликларни таҳлил этган ҳолда истиқболдаги долзарб вазифаларни белгилаб берди.

Айниқса, Президентимизнинг судья лавозимида фаолият кўрсатаётган суд ходимлари ўз фаолияти юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ахборот бериши билан боғлиқ амалиётнинг йўлга қўйилиши, бундан буён судьялар фаолиятига, биринчи навбатда, халқнинг ўзи баҳо бериши ҳақидаги таклифлари судлар фаолиятининг ошкоралиги ва шаффофлигини таъминлашда катта қадам бўлди. Шунга мувофиқ, судьялар ўз фаолияти юзасидан марказий ҳамда маҳаллий телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали халққа ҳисобот, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида эса муайян даврда амалга оширган ишлари хусусида ахборот бериб бориш амалиётини йўлга қўйиш таклифи илгари сурилди. Ушбу вазифалар ижроси доирасида халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясида жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди раиси, фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро суди раиси ҳамда Қарши шаҳар маъмурий ва иқтисодий судлари раисларининг ахборотлари тингланди.

- Президентимиз томонидан олдимизга қўйилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, фаолиятимизни бир нечта аниқ мезонлар асосида ташкил этишга эътибор қаратмоқдамиз, - дейди Қарши шаҳар маъмурий суди раиси Азамат Хушвақтов. - Аввало, суд ишларини тўғри ташкил қилиш, бу борада фуқароларга қулайликлар яратиш, сайёр суд мажлисларини кўпайтириш ҳамда тарғибот ишлари салмоғи, уларнинг самарадорлигини ошириш эътиборимиз марказида бўлади. Бу жиҳатларнинг барчаси фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари муносиб ҳимоя қилинишини кафолатлашга қаратилган.

Сессияда суд мажлисларини жойларда, аҳоли вакиллари иштирокида, яъни сайёр суд мажлиси тарзида ўтказиш долзарб масала эканлиги таъкидланди. Бу, бир томондан, суднинг жамоатчилик кўз олдида, назоратида бўлиб, судьяларни тартибга чақирса, иккинчи томондан, аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини амалга оширишга ёрдам беради.

Сессия якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!