Меню

Қашқадарё

05.05.2020 1094

СУД ВАКИЛЛАРИ – ФАХРИЙЛАР ВА КАМ ТАЪМИНЛАНГАНЛАР ХОНАДОНИДА

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёймоқда. Ўзини шу юртга дахлдор деб ҳисоблаган инсон борки, бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, унга муносиб ҳисса қўшишга интилаяпти. Ҳаракатда вилоят судлари жамоалари ҳам фаол иштирок этаётгани эътиборга молик.

Хусусан, жиноят ишлари бўйича вилоят суди, иқтисодий, маъмурий, фуқаролик ишлари бўйича судлар жамоалари  9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳамда аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида хайрли ишга қўл уришди.

Судлар вакиллари Қарши, Ғузор, Қамаши, Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Чироқчи, Косон ва Касби туманларидан рўйхатлари шакллантирилган 40 та кам таъминланган оила ҳамда 12 та фахрий хонадонида бўлишиб, ун, гуруч, гўшт, ёғ, картошка, пиёз, тухум каби озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришди.

Пандемия шароитида дунёнинг кўплаб давлатлари ва уларнинг аҳолиси иқтисодий қийинчиликларга дуч келаётгани сир эмас. Юртимизда эса кам таъминланган, ёрдамга муҳтож кишиларга, нуроний-кексаларга ёрдам қўлини чўзаётган саховатпеша инсонлар, карами кенг тадбиркорлар, идора ва ташкилотлар бисёрки, уларнинг кўмаги билан қийин шароитдан эсон-омон чиқилмоқда.

Хайрия ва саховат тадбирлари давом этмоқда.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!