Меню
Қашқадарё
“СУД, ҲУҚУҚ ВА ЁШЛАР” ЛОЙИҲАСИ ЯКУНЛАНДИ
Маълумотларга кўра, йил давомида ўтказилган “Суд, ҳуқуқ ва ёшлар” лойиҳаси доирасида вилоят, туман, шаҳар (туманлараро) судларида 118 та тадбир ташкил қилиниб, уларда 3078 нафар йигит-қиз иштирок этди.
- Ушбу лойиҳа ҳар йили ўтказилиб келинмоқда, - дейди “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши раиси Шомурод Сатторов. - Мақсадимиз ёшларнинг мамлакат миқёсидаги сиёсий жараёнларга мустақил ва онгли муносабатини шакллантириш, уларда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунларига ҳурмат ҳиссини юксалтириш билан бир қаторда ёшлар ҳаётига оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда уларнинг бевосита иштирокини таъминлашдир.
Тадбирда жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов, вилоят хўжалик суди судьяси Жаҳонгир Тўхтамишевнинг судлар тарихи, соҳадаги ислоҳотлар, янги одил судлов тизими ва судларнинг ихтисослаштирилиши, жиноий жазони либераллаштириш, судга қадар бўлган босқичда суд назорати ҳамда амнистия актини қўллашда суд тартибининг ўрнатилиши, тадбиркорлик субъектларини ҳимоялашда хўжалик судларининг ўрни хусусидаги маърузалари тингланди.
Учрашув сўнгида йил давомида “Суд, ҳуқуқ ва ёшлар” лойиҳасида фаол қатнашган вилоят, туман ва шаҳар (туманлараро) судларининг бир гуруҳ ходимлари “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгашининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Аҳрор СОДИҚОВ, “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши бўлим мудири