Меню
Қашқадарё
Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари: ЖАЗОЛАШ ЭМАС, АДОЛАТНИ ТАЪМИНЛАШ МУҲИМ
Ўз навбатида давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича қилинган ишлар дунё ҳамжамиятининг юксак эътирофига сазовор бўлмоқда. Бунга мисол қилиб миллий қонунчилигимизда ярашув ва “Хабеас корпус” институтларининг жорий этилиши, жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши, ўлим жазосининг бекор қилиниши кабиларни келтириш мумкин.
- Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши натижасида Ўзбекистонда ҳозирги кунда қамоқдагилар сони жаҳон миқёсида энг паст кўрсаткичларни ташкил этмоқда, - дейди жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов. – Сўнгги ўн йилда озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган маҳбуслар сони икки баробардан кўпроқ камайганининг ўзи ҳам бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг ижобий натижалар бераётганидан далолатдир.
Дарҳақиқат, яқин тарихимизга мурожаат этадиган бўлсак, собиқ иттифоқ даврида амалда бўлган Жиноят кодексида инсонпарварлик ва одиллик тамойиллари тушунчаси фақат қоғоздагина ўз ифодасини топган бўлиб, амалда ўлим, сургун, бадарға, мол-мулкни мусодара қилиш каби нафақат маҳкумга, балки унинг оила аъзоларига, яқинларига маънавий азоб берадиган, қадр-қимматини камситадиган жазо турлари мавжуд, шунингдек, шахс қилмишига номувофиқ мантиқсиз жазо тайинлаш амалиётига дуч келиш мумкин эди.
Мустақилликка эришилгач, олдимиздаги муҳим вазифалардан бири – ўтмиш асоратларидан имкон борича тезроқ қутилиш, суд-ҳуқуқ соҳасида жисмоний азоб берадиган, шахс қадр-қимматини камситадиган жазо турларидан, жазолашнинг репрессив усулларидан воз кечиш, озодликдан маҳрум қилиш ҳолларини қисқартириш ҳисобига қонунчиликда адолат ва инсонпарварлик тамойилларининг кучайиши ва амалда қўлланишини таъминлаш зарур эди.
Шу аснода ривожланган демократик мамлакатларда қўлланиб келинаётган тамойиллар ва талабларга жавоб берадиган мезонлар асосида ҳуқуқбузарлик ва жазо тизими қайта кўриб чиқилиб, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва бошқа кодекслар қабул қилинди.
Амнистия актини олайлик. У билиб-билмай жиноятга қўл урган, аммо кейинчалик айбига иқрор бўлиб, пушаймонлик билдирган кишини кечириш, тузалиш йўлига кириши учун яна имкон беришни назарда тутади.
Биргина ўтган йилнинг ўзида вилоятимиздаги жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган 2470 нафар маҳкум озодликка чиқарилди. Республиканинг турли муассасаларида жазо муддатини ўтаган 197 нафар воҳадошимиз амнистия актига кўра вилоятимизга қайтиб келишди. Бу шунча оилага қувонч кириб келди, дегани. Шунча одам энди жамият равнақига ҳисса қўшишга тайёр, дегани. Чунки улар давлатимиз ва бағрикенг халқимиз билдирган юксак ишончга муносиб бўлишга сўз беришди. Зеро, бу уларни яхшилик қилишга ундайди, ҳаётда ўз ўринларини топишига умид уйғотади.
- Амнистия акти истиқлол йилларида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг узвий қисми бўлиши билан бирга халқимизга хос бағрикенглик, кечиримлиликни ифода этгани билан эътиборга моликдир, - дейди Қарши махсус прокурори Фарҳод Омонов. – Амнистия актига кўра озод қилинган шахслар ҳаётга мослашиб олишлари учун дастлабки эҳтиёжларга ўртача 877 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам тақдим этилди. Шу билан бирга, улар дуч келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал этишга амалий ёрдам бериш чоралари кўриб борилади. Бу юртимизда ҳеч бир инсон тақдирига бефарқ бўлишга йўл қўйилмаслиги, унга ғамхўрлик кўрсатиш асосий эътиборда эканига ишорадир.
Шуни ҳам қайд этиш лозимки, жиноят қонунчилигида жиноий ҳаракатлар оқибатида етказилган моддий зарарни ихтиёрий равишда қоплаган шахсга қонуний енгилликлар берилиши муҳим мезон саналади.
- Бунинг ижобий самараси шундаки, бир тарафдан, айбдорнинг моддий зарарни ихтиёрий равишда қоплашга қаратилган фаолияти қонуний тарзда рағбатлантирилиши оқибатида зарар кўрган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилиш, зарар ўрнини тиклаш имкониятлари кенгаяди, - дейди ҳуқуқшунос Хайруллохон Камолов. – Иккинчи тарафдан, шахс содир этган қилмишининг оқибатини тушуниб, ўз хатти-ҳаракатидан пушаймон бўлиб, етказилган зарарни тўлаб жиноий оқибатни ихтиёрий бартараф этади. Бу эса ўз навбатида, уни ахлоқан тузатиш, жиноий фаолиятини давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда янги жиноят содир этишининг олдини олиш каби жазо тайинлашдан кўзланган мақсадларга олдиндан эришиш имконини беради.
Хусусан, Жиноят кодексининг 66-моддасига асосан ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс, агар жиноят содир қилингандан кейин жинояти туфайли келтирилган зарарни ихтиёрий равишда бартараф қилиб, айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.
Ушбу мавзуда сўз кетганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг пировард натижаси ўлароқ, бугунги кунда қонунчиликдан мустаҳкам ўрин олган ярашув институтининг аҳамияти тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтиш лозим бўлади. Уни амалиётда қўллашнинг шартларидан бири айбланувчи, судланувчи ёки унинг яқин қариндошлари томонидан етказилган зарарнинг ихтиёрий қопланганлиги ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, жавобгарликдан озод қилишнинг бу турини қонунлаштириш нақадар тўғри бўлганлигига бугун ҳеч ким шубҳа қилмайди. Унинг таъсир доираси тобора кенгаяётганлиги фикримизга яққол далилдир.
Албатта, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсад жазолаш эмас, адолат тамойилларини қарор топтиришдан иборатлиги бугун ҳеч кимга сир эмас.
Эътироф этиш ўринлики, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 21 февралида имзоланган “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон одил судловни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ ҳамда ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
- Мазкур фармон билан илк маротаба давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқининг конституциявий кафолатларини амалга оширишни таъминлашга хизмат қиладиган Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, туман ва шаҳар маъмурий судлари ташкил этилди, - дейди вилоят маъмурий суди судьяси Бахтиёр Қиличов. – Фармонда яна бир масала, мамлакатимизда хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳудудларда ишларни биринчи инстанцияда кўриб чиқишга ваколати бўлган 71 та туманлараро, туман ва шаҳар иқтисодий судлари ташкил этилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Соҳадаги ўзгаришлар суд-ҳуқуқ тизими фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши баробарида, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш имконини бериши шубҳасиз.
Совет суд-ҳуқуқ тизимига назар ташласак, у инсонни ҳимоя қилувчи орган эмас, аксинча мустабид тузум қўлидаги инсонлар ва халқларни эзиш қуроли, репрессив машинага айланиб қолган эди. Унинг бундай ғайриинсоний моҳияти айниқса 80-йилларнинг иккинчи ярмида Ўзбекистон ва унинг халқига нисбатан авж олдирилган қатағон компаниялари даврида яққол намоён бўлди. Ўзбекистонда пахтани териш ва қайта ишлашдаги сунъий равишда ўйлаб топилган “ўғирлик”, “қўшиб ёзиш” ҳолатларини тергов қилиш билан марказий прокуратура ва ички ишлар органлари махсус шуғулланиб, “пахта иши” энг шов-шувли иш сифатида бутун иттифоққа намойиш қилинди.
Бир неча ўнлаб кишилар далиллар бўлмаса ҳам ва уларнинг жиноятга дахлдорлиги аниқланмаган бўлса ҳам судланган ва қамоққа олинган, ҳеч бир асоссиз 20 кунлаб ҳибсда сақланган, шу тариқа процессуал нормаларнинг талаблари қўпол тарзда бузилган.
Кейинроқ тергов ҳужжатлари қайта ўрганилиши натижасида 2940 кишининг ҳақ-ҳуқуқи қайта тикланди, 1015 киши асоссиз судлангани аниқланди. Ноқонуний равишда ҳибсга олинган ватандошларимиз озодликка чиқди.
Хўш, собиқ иттифоқ суд-ҳуқуқ тизими одамларга нима берди? Қўрқув, таъқиб, ҳадик, эртанги кунга ишончсизлик. Айбсиз одамларни, айниқса улар минглаб бўлса, бесабаб қамаш қайси мантиққа тўғри келади? Энди айни шу ҳолатни ҳозирги кун билан, қамоқда ўтириб, айбига иқрор бўлган одамларни кечириш билан таққослаб кўрайлик. Ер билан осмонча фарқи бор. Тўғрими? Қолаверса, Президент Шавкат Мирзиёев чин дилдан тавба қилиб, ота-онаси, оиласи бағрига, тўғри йўлга қайтишни ният қилган одамларга амалий ёрдам беришга давлат раҳбари сифатида доимо тайёр эканини билдиргани ниҳоятда аҳамиятлидир. Чунки гап ҳазилакам нарса ҳақида эмас, инсон тақдири хусусида кетаяпти.
Шунга асосан қанчадан-қанча киши бугун озодлик ҳавосидан баҳраманд, не-не оилалардан қувонч, мамнунлик, ислоҳотлардан розилик ифодаси.
- Тажрибадан маълумки, адашиб жиноят кўчасига кириб қолган кишилар ҳам учраб туради, - дейди Қарши шаҳридаги Хонтепа маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рамиз Зоҳиров. – Ўзим раислик қиладиган маҳаллада икки ака-ука Фарҳод ва Тоир Мавлоновларни Мусурмон деган бола диний даъват билан йўлдан оздиришга уринган. Шуни деб уларга 2000 йилдан 17 йил давомида диний экстремистик оқим аъзоси деб муҳр босиб қўйилди. Рўйхатга олинди. Рўйхатга олиш нима? Уларни ҳар ойда ички ишлар идораларига чақиришарди, тушунтириш хати олишарди. Ҳатто уларнинг болаларини чақириб, тадбир қилиб, отанг мана шундай иш қилган, диний экстремистик оқим аъзоси, деб айтилган. Бу муҳит болаларга жуда салбий таъсир кўрсатди. Бир марта профилактика инспектори билан уларнинг уйига борганимизда, футбол ўйнаб турган бола тўхтаб ўнғайсизланиб турди. Билиб турибман: унда давлатдан, орган ходимларидан норозилик бор эди. Мана, яқинда улар рўйхатдан чиқарилди. Уларнинг қувончини кўринг. Аввал қисиниб-қимтиниб туришарди, энди элга қўшилган. Бунинг бари одилликдан, инсон манфаатларини ўйлаб қилинган ислоҳотлардан.
Албатта, адолат бор жойда розилик бўлади. Рози одамгина элга, давлатга наф келтириши мумкин. Таҳлилларга назар ташласак, жиноят ишлари бўйича вилоят судлари томонидан 2015-2017 йиллар давомида 16 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари эълон қилинганини кўриш мумкин.
Мисол учун, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти қошидаги 2-академик лицей директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган М.Тиловатов лицей директори Ш.Худайназаров билан биргаликда, директор жамғармасидан 33 нафар ўқитувчига устама иш ҳақларини ортиқча тўлаб юборганликда ҳамда ўқитувчилар томонидан бажарилмаган педагогик юклама учун ортиқча маблағ сарфлаганликда айбланган ва жиноят иши қўзғатилган. Бироқ жиноят ишлари бўйича вилоят суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъатининг 2017 йил 7 февралдаги ажримига асосан йўл қўйилган ҳолатлар жиноят таркибини бермагани боис улар Жиноят-процессуал кодекс 83-моддаси 2-бандига асосан айбсиз деб топилиб, реабилитация қилинди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкинки, уларда қонун устуворлиги, одиллик ўз ифодасини топган.
Таъкидлаш жоизки, мустабид тузум даврида одамлар прокуратура органлари ходимларини фақат қораловчи, жазоловчи тизим вакиллари сифатида биларди. Эндиликда Президентимиз ташаббуси билан прокуратура органлари кундалик ҳаётимизда қонун устуворлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилиши зарурлиги белгилаб қўйилди.
Шу билан бирга, 2017 йилдан бошлаб барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилди. Бундан ташқари, вилоятларда прокурорларнинг ишига қараб ойлик рейтинги тузилиб, уларнинг фаолиятига рейтинг натижалари асосида баҳо берилиши суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ривожида муҳим ўрин тутади.
Хулоса шуки, мамлакатимизда адолат принципларига асосланган сиёсат юритиш, инсон манфаатлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар натижасида ана шундай кунларга етиб келганимизни унутмаслик даркор.
Б.САЙФИЕВ