Меню
Қашқадарё
СУД ТИЗИМИНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАНДИ
Ўтган 25 йил давомида Конституциямиз республикамиз мустақиллигининг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашда, барча соҳалардаги ислоҳотларни амалга оширишда ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Давр синовларидан муваффақиятли ўтиб, мустақиллигимизнинг ҳамда инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларининг чинакам кафолатига айланди. Шу билан бирга, мамлакатимизда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар, жамиятдаги янгиланиш ва тараққиётга мувофиқ тарзда Бош қомусимиз ҳам янада тўлдирилиб, такомиллаштириб борилмоқда.
Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш мақсадида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.
2017 йил 1 июндан мамлакатимизда илгари мустақил фаолият юритган Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Олий суд билан бирлаштирилиб, суд ҳокимиятининг ягона олий органи - Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди. Суд тизими такомиллаштирилиб, шу асосда фуқаролик, жиноят ишлари, маъмурий ва иқтисодий судлар фаолияти йўлга қўйилди.
Мазкур кундан эътиборан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган шаҳар ва туман маъмурий судлари ташкил этилди.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш мақсадида эса хўжалик судлари иқтисодий судларга айлантирилди ва айни пайтда улар туманлараро, туман иқтисодий судлари мақомида фаолият юритмоқда.
Яна бир янгилик шундаки, ҳарбий судлар Мудофаа вазирлиги таркибидан чиқарилиб, Олий суд тизимига ўтказилди.
Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларига тавсия этиш бўйича Олий малака комиссияси тугатилиб, судьялар ҳамжамиятининг янги органи ҳисобланадиган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди.
Ўз-ўзидан аёнки, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган бу ислоҳотлар Бош қомусимизнинг ҳам айрим моддаларига ўзгартишлар киритиш эҳтиёжини юзага келтирди. Айни шу асосларга кўра, 2017 йил 31 майдаги "Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида (80-, 93-, 108- ва 109-моддаларига)"ги Қонунга асосан Асосий қонунимизга ўзгартишлар киритилди.
Жумладан, 108- ва 109-моддаларга киритилган ўзгартишларга асосан Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди ва унинг ваколатлари аниқ белгилаб берилди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 108-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилди:
"Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган сиёсат ва ҳуқуқ соҳасидаги мутахассислар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди ўз таркибидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раисини ва унинг ўринбосарини сайлайди".
Эътибор берган бўлсангиз, энди Конституциявий суд судьялигига номзодларни Судьялар олий кенгаши тавсия этади, Президент Сенатга тақдим қилади. Шунингдек, келгусида Конституциявий суднинг раиси ва унинг ўринбосарини Конституциявий суд судьялари томонидан сайлаш тартиби жорий қилингани ҳам эътиборга молик.
Чунки авваллари суд раиси ва унинг ўринбосари Сенат томонидан сайланган. Энди бу вазифа судьяларнинг ўзига топширилмоқда. Албатта, бу судьяларга бўлган катта ишончни англатади. Ўз навбатида, уларга катта масъулият ҳам юклайди. Конституциянинг 109-моддасига киритилган ўзгартиш Конституциявий суднинг ваколатини янада кенгайтиришни назарда тутади.
Келгусида Конституциявий суд Президент томонидан имзолангунига қадар, конституциявий қонунларнинг, халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларнинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлайди. Шунингдек, Олий суднинг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқади.
Шу билан бир қаторда, Конституциявий суд конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Олий Мажлис палаталарига ва Президентга мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади.
Маълумки, авваллари Конституциявий суд фақат Президент фармонларининг Конституцияга мослигини аниқлаб келган. Бироқ Президентнинг қарор ва фармойишлари ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжат экани инобатга олиниб, эндиликда уларнинг Конституцияга мослигини аниқлаш ҳам Конституциявий суд ваколатига киритилди.
Хулоса қилиб айтганда, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган бу ислоҳотлар юртимизда адолат, инсонпарварлик, бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш йўлида олиб борилаётган сиёсатнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Умуман олганда, янги қонунлардаги меъёрларнинг ҳаётга татбиқ этилиши суд-ҳуқуқ ҳамда назорат органлари фаолияти самарадорлигини юксалтиришга, одамларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлашга, пировардида қонун устуворлиги, давлат ва жамиятнинг барқарор равнақига хизмат қилади.
Б.МИРАЛИМОВ, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяси
Ш.МАЖИДОВ, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди эксперти