Меню
Қашқадарё
СУД ҲЕЧ ҚАНАҚА ҲИМОЯГА ИМКОН БЕРМАЙДИ...
Сараланган сатрлар
Ирландиялик Жеймс Жойс, француз Марсель Пруст қаторида ХХ аср Европа адабиётини кўтариб турган уч наҳангдан бири дея эътироф этиладиган, миллати яҳудий, тили немис, яшаш жойига кўра чех, таянган анъаналари австриялик бўлган Франц Кафка бор-йўғи 41 йил умр кўрди (1883-1924). Ҳуқуқшунослик соҳасида ишласа-да, "Америка", "Жараён", "Қўрғон", "Отамга хат" каби адабий асарлар яратди. Аммо умри сўнгида дўстига уларни ёқиб юборишни васият қилди. Оила қурмади, фарзанд кўрмади, профессор даражасига эга бўлса-да, юрист сифатида ёлчитиб ишламади, умри жамиятга ва у яратган қонун-қоидаларга, инсонни эзиб-янчиб ташлайдиган тизимга норозиликда ўтди. Мураккаб тақдир эгасидан бизга буюк асарлар қолди. Бугун ҳукмингизга Кафканинг "Жараён" асаридан парчаларни тақдим қилмоқдамиз.
* * *
Ахир у ҳуқуқлар кафолатланган, осойишталик ҳукмрон давлатда яшаяпти-ку, бунда қонунлар бузилмаслиги даркор эмасми?
* * *
...бу ёруғ оламда ўттиз йил яшаганингдан кейин, айниқса, ҳаётда турли қийинчиликларга дуч келавергач, одам чор-ночор ҳар қанақа тасодифларга ҳам одатланиб қолар, ҳар нарсадан сиқилмаслик пайида бўлар экан.
* * *
Худди менинг тақдиримда юз бергандек, гуноҳсиз кишиларни ҳибсга олиш, уларга қарши жиноий иш қўзғаб, бемаъни, аслида йўқ айбларни тақаш - натижасиз жараёндир. Бутун бир тизимнинг ана шундай мутлақ бемаънилик асосида иш юритишидан, бало-қазодай ёприлган тўраларнинг ашаддий ришватбозлигидан қандай қилиб қочиб қутулиш мумкин? Бунга муяссар бўлиш душвор, бундай шароитда энг юксак мақомдаги қози ҳам ҳалол бўла олмайди. Шунинг учун ҳам қўриқчилар ҳибсдагиларнинг кийим-кечагини ўмариш пайида бўлади, шунинг учун ҳам уларнинг назоратчиси бегона бир хонадонга эшигини бузгудек кириб боради, яна бу ҳам етмагандек, шунинг учун ҳам ҳеч бир айби йўқлар сўраб-суриштириш кераклиги ўрнига бутун бир давра олдига чақириб, шармисор этилади.
* * *
"Ҳали у бу ерда ўзининг мансаби ҳақида лақиллагандай бўлдими? Бунинг ҳаммаси масхарабозлик. Унинг ёғ боғлаб кетганига бир қара, бу семизликда унга гаврон ўтармиди, дарвоқе у нега бунчалик семириб кетган, биласанми? У барча маҳбусларнинг нонуштасини паққос туширишни ўзига одат қилиб олган. Эҳтимол, у сенинг ҳам насибангни егандир. Наҳотки шунақа қориндор ҳолида мирғазаб бўлиш мумкин? Ҳаётда бунақаси ҳеч қачон учрамайди".
* * *
Афсуски, адвокатнинг огоҳлантиришича, судда кўпинча воқеалар бўлакча тусда ривож олар, - биринчи арзномалар умуман инобатга олинмаскан. Уни шунчаки айбланувчининг ҳужжатлар жилдига тикиб қўйишар, бундан кўра судда дастлабки тергов ва назоратлар муҳим эканлигидан уни огоҳлантиришарди. Агар арзгўй бирон нарсани уқтирмоқчи бўлиб туриб олса, ҳамма материаллар йиғилиб, ҳамма ҳужжатлар кўтарилганида унга нимадир дейишлари учун суднинг охирги, ҳал қилувчи қароридан олдин биринчи ҳимоя ўтинчномасига ҳам бир қур назар ташланади. Афсуски, аксарият ҳолларда умуман бошқача бўлиб чиқади: биринчи арзномани худо билади, қаергадир тиқиб ташлашади, ҳатто гумдон қилиб юборишлари ҳам мумкин, мабодо сақланганида ҳам адвокатларнинг ҳар турли миш-мишларига кўра, унга бирон бир киши эътибор бериши - астойдил ўқиб чиқиши даргумон.
* * *
Жиноят ишидаги барча суд ҳужжатлари, айниқса, айбномага на айбланувчи, на унинг ҳимоячиси яқинлаша олади, оқибатда гоҳ бу ҳақида умуман билишмайди, гоҳ жуда ҳам ноаниқ, сал-пал билганларидан, биринчи арзномада нимага йўналтиришни билмайдилар, шу боис ишда унинг бирон бир аҳамият касб этиши камдан-кам бўлади. Ҳақиқий, аниқ исбот-далилга эга арзномани эса кейинроқ, айбланувчи устидан қўзғатилган иш айбловнинг алоҳида банди бўйича кўрилаётганда, ҳеч бўлмаса, унинг қандайдир дараклари, миш-мишлари қулоқларига чалингандагина тайёрлаш мумкин. Шундай шароитда ҳимоя ишини олиб бориш жуда ҳам қийин ва у бутунича фойдасиздир.
* * *
...очиғи, суд ҳеч қанақа ҳимояга имкон бермайди, фақат бу йўлдаги уринишларга сабр қилиб келади, ҳатто бу сабр қилиб келиш руҳини унга мос келадиган қонун банди билан изоҳлаш мумкинми, шу саволга жавоб бериш ҳам муаммо, буни тушунтиришнинг ўзи баҳсли.
* * *
...адвокатлар гуруҳининг ишлаш шарт-шароити ана шунақа шармандали, аммо бу ҳеч кимни ажаблантирмайди. Бошлиқларга шикоят қилишлардан ҳеч бир натижа чиқмайди, бу етмагандай, адвокатлар ўз ҳисобларидан қай бир даражада хоналарини таъмирлаб олишлари ҳам қатъиян тақиқланади. Зеро, бунинг асоси бор. чунки улар ҳимояни умуман бир чеккага суриб, бутунлай йўқ қилишни хоҳлашади. Ҳамма оғирликни айбланувчининг зиммасига юклаб, гаров сифатида ўзини қолдиришади.
* * *
...ҳимоячиликда жуда ҳам устаси фаранг бўлишлари керак; аммо бу ишни инсонга муҳаббатлари боис ёки дўстона ҳиссиётлари кучлилигидан қилмайдилар, балки ҳар на бўлса-да ўзларининг фойдаларини кўзлаб шундай йўл тутадилар.
* * *
Худди шу ерда суд тузилишида номукаммаллик кўзга ташланади. Амалдорлар аҳоли билан боғланмаган бўлади. Тўғри, одатий, ўртамиёна суд жараёнларидан улар яхшигина хабардор бўлишади, бундай суд жараёнлари баайни темир изга солиб қўйилгандек, ўз-ўзича, жуда силлиққина боради ва камдан-кам ҳоллардагина уларни турткиласанг, бас. Аммо оддий ёхуд жиддий ишлар бўлсин уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди; буларнинг ҳаммаси ҳеч шубҳасиз, қонунларнинг ўзи чекланганлигидан, уларда инсоний муносабатларни тушунишда ҳеч вақо йўқлигидан далолат, бу эса қўзғатилган ишнинг ичига кириб боришга, - моҳиятига бориб етишга даҳшатли бир тарзда монелик қилади.
* * *
Судни шундай бир баҳайбат махлуқ деб тасаввур қилишга уриниш лозим: ҳамиша омонат бир мувозанатда - қалтис ҳолатда туради, агар сен ўзбошимчалик билан ножўя нимадир этиб қўйсанг, бу билан оёғинг тагидаги ерни ўзинг ўпирган бўлиб чиқасан ва жарга қулаб тушасан, ҳад билмас ҳудудга эга суднинг ўзи эса бошқа бир ҳисобдан бу кичкинагина ўйиқнинг ўрнини тўлдириб кетаверади ва бу билинмай ҳам қолади, афтидан, унда ҳаммаси бир-бирига ўзаро боғлиқ, шундай бўлмаганда ҳам, янада сирли, янада қатъий, янада ҳушёр, янада даҳшатли тус олиши жуда ҳам мумкин. Яхшиси, ўзингизни қисматнинг қўлига топшириб, унга халақит бермаслик керак.
* * *
Бу амалдорлар она сути оғзидан кетмаган гўдакнинг ўзи эканлиги баъзи муомалаларидан маълум. Баъзан арзимас-нетмас ҳодисалар бўлиб туради, уларнинг шунақа жиғибийронлари чиқиб кетади, ҳатто энг яқин дўстларининг ҳам кўкракларидан итариб, гаплашмай қўйишади, тескари бўлиб олиб, кучлари етгунча бир-бирларига қаршилик кўрсатишади. Шундай бир қалтис вазиятда мажбурият юзасидан куракда турмайдиган ҳазил бир луқма ташланса, баногоҳ ўзгариб, хохолашлари, муросага келиб, ярашиб олишлари ҳам ҳеч гап эмас.
* * *
Очиғи, қанчалик чоп-чоп қилиниб куйиб-пишганинг эвазига қўлга кирган майда-чуйдалар ютуқдай туюлиб, сени қувонтирган эса-да, аслида фақат мағлубиятдан бошқа нарса эмас.
* * *
...адвокатнинг фикрига кўра, суд жараёни хавфсирашга арзимайдиган, қуйи бир босқичда эмиш; аммо бу айбланувчининг диққатини чалғитиб, мудҳиш режани амалга оширишга жуда қўл келиб қолиши ва бирдан унинг оёқ-қўлини боғлаб бериб, устидан ҳукм чиқаришга йўл очиши ҳеч гап эмас ёки кам деганда айбланувчи учун тергов муваффақиятсиз тарзда якунланиб, у юқори босқичда кўрилишга узатилиши мумкин.
* * *
Суд жараёнига нисбатан бошда ҳис қилган ижирғанишга ўхшаш туйғу ҳозир қайгадир йўқолди. Агарда ёруғ оламда ёлғиз ўзи қолганда бу ишга менсимасдан, беэътибор қараган бўларди, топган гапини қаранг, ундай тақдирда бунақа суд жараёнининг ўзи ҳам бўлмасди-да.
* * *
...жиндаккина бўлса-да, муваффақиятга эришмоқчи экан, бирон-бир айби борлиги ҳақидаги ҳар қанақа шубҳа-гумонни фикри-хаёлидан улоқтириб ташлаши керак.
* * *
...бутун жиноий иш жараёни шундай бир босқичга келиб етадики, энди ҳеч қанақа ёрдам бериш мумкин эмасдай кўринади ва иш ёнига йўлаб бўлмайдиган суд идораларига оширилади, адвокат учун айбланувчининг ўзи ҳам қўл етмас бўлиб қолади. Ва худо берган кунлардан бирида ўз уйига қайтган адвокат столи устида бир уюм арзномаларга кўзи тушади, э, уларни у қанчалик пухталик билан тайёрлаб, ишнинг натижаси учун ниҳоятда фойдаси тегади деб кўз тутган эди; мана, энди барини ўзига жўнатишган ва бир уюм қоғоз парчалари бўлиб қолибди, холос.
* * *
"Қонунни, очиғи, ўқимаган бўлсам ҳам, унда айбсиз киши оқланади, деб ёзиб қўйилганини биламан, аммо ҳакамга таъсир қилиш ҳақида унда ҳеч нарса дейилмаган. Бироқ ўз тажрибамдан шуни яхши биламанки, амалда бунинг тескарисини қилишади".
Б.ЎКТАМ тайёрлади.