Меню
Қашқадарё
СПОРТГА БЎЛГАН МЕҲР, ЎЗГАЧА БАЙРАМОНА КАЙФИЯТ НАМОЙИШИ
Вилоят ҳокимлиги, жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган марафонда ташкилот ва муассасалар раҳбар ва ишчи ходимлари, талабалар, ўқувчилар, уй бекалари, нуронийлар ва бошқа қизиқувчилар иштирок этди.
Гарчи қатнашчилар сони борасида аниқ маълумот шакллантириш қийин кечса-да, шу куни камида 50 мингга яқин киши югуришда иштирок этиш учун эрта тонгдан Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернати ёнидаги майдонга етиб келишди.
Старт Ислом Каримов кўчасининг худди шу майдон рўпарасидаги қисмидан бошланди. Финиш эса "Ватанпарварлар боғи" олдида ўрнатилган эди.
Дастлаб саф бошида Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти вилоят кенгашининг велоспортчилар тўгараги аъзолари юртимиз байроғини баланд ҳилпиратиб, велосипедда ҳаракатланди. Уларнинг ортидан эса марафончилар югурди.
Чаққонлик ва эпчилликда бошқалардан илдамлаб, финишга етиб келганлар карнай-сурнай садолари остида кутиб олиниб, ташкилотчилар томонидан тақдирланишди. Асосийси, уларнинг юз-кўзларида нечанчи ўринни олгани эмас, мана шундай оммавий марафонда иштирок этаётганидан қувониш ҳисси, спортга бўлган меҳр, ўзгача байрамона кайфият акс этиб турарди.
- Югуриш соғлиқ учун жуда фойдали, - дейди Қарши маданият ва туризм коллежи ўқитувчиси Ғулом Примов. - Ёшим 60 да, аммо ёшлар қаторида финишгача етиб келдим. Бундай оммавий мусобақалар аҳоли орасида соғлом ҳаёт тарзини тарғиб қилишда ғоят аҳамиятли.
Марафон сўнгида иштирокчилар "Ватанпарварлар боғи"да сайр қилишди. Таниқли санъаткорлар ижросидаги шўх куй-қўшиқлар барчани рақсга чорлади.
С.АЛЛАЁРОВА
С.НАРЗИЕВ олган суратлар.