Меню
Қашқадарё
СПОРТ МУРАББИЙИНИНГ ЎЛДИРИЛИШИ: ЖАНЖАЛ НИМАДАН БОШЛАНГАН ЭДИ?
Маълумки, жорий йилнинг 17 август куни Қарши шаҳрида мудҳиш қотиллик содир этилиб, бир гуруҳ шахслар спорт мураббийи Элбек Раҳимовни ўлдиришган эди.
Ушбу жараённинг айрим воқеалари акс этган видеолавҳалар ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.
Дастлаб ҳолат ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати қисқа маълумот тақдим этган эди.
Бугун вилоят прокуратурасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ҳамда Олий суд раиси Козимджан Камилов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида мазкур жиноятни келтириб чиқарган сабаблар, унинг иштирокчилари ва қотиллик тафсилотлари ҳақида кенг маълумот берилди.
Таъкидланганидек, марҳум Элбек Раҳимов 1990 йилда Қарши шаҳрида туғилган. 2001 – 2004 йиллар давомида ушу-саньда спорт тури бўйича республика ва халқаро миқёсдаги бир қатор мусобақаларда иштирок этиб, чемпион бўлган. Сўнгги вақтларда эса “Eriell” компаниясида оператор ҳамда “Геолог” спорт мажмуасида спорт мураббийи сифатида ишлаб келган.
Ўтган йили Элбек Раҳимовнинг укаси ҳамда 1999 йилда Қарши туманида туғилган, мазкур туманнинг Ертепа маҳалласи Лағмон қишлоғида яшаб келаётган, муқаддам судланган Зуҳриддин Боймирзаев ўртасида ўзаро жанжал келиб чиқади. Улар мусобақаларнинг бирида ўзаро беллашган ва тортишиб қолишган эди.
Ана шундан сўнг томонлар ўртасида бир неча маротаба даҳанаки тўқнашувлар бўлиб ўтган. Элбек Раҳимов ҳам укасининг ёнини олиб, бундай тортишувларда бир неча маротаба иштирок этган. Аммо бу ҳақда ҳеч қайси томон ички ишлар идораларига арз қилмаган. Бир сафар ИИБ ходимлари жанжалдан хабар топиб, суриштирув ўтказишганда ҳам иккала томон ҳозир ўртада ҳеч қандай низо йўқлиги, ўзаро ярашиб олишганини айтади.
Қотиллик содир этилган куни эса Элбек Раҳимов танишининг Қарши шаҳридаги кўп қаватли уйда жойлашган хонадонида бўлган. Буни билган Зуҳриддин Боймирзаев қасос олиш мақсадида шериклари билан келиб, унинг уйдан чиқишини пойлаб турган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳада ҳам акс этганидек, Элбек Раҳимов уйдан чиқиши билан Зуҳриддин Боймирзаев ҳамда унинг шериклари ҳужумига дуч келган. Дастлаб 7 киши спорт устасини одамларнинг кўз ўнгида қўлидаги темир қуроллар билан уриб, сўнг яна бир шериги бошқарувидаги, давлат рақамлари ечиб олинган “Жентра” машинасига зўрлик билан тиқиб олиб кетади.
Кейин Чироқчи туманининг Тошли қишлоғи ҳудудига олиб бориб, яна роса уришади ва ўлар ҳолатга келиб қолганидан сўнг Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмасига олиб бориб ташлайди ва ўзлари қочиб қолади.
Шу куни Элбек Раҳимов шифокорлар томонидан кўрсатилган ёрдамга қарамай, олган тан жароҳатлари натижасида вафот этган.
Шифокорлар томонидан берилган хабарга асосан, гумонланувчиларнинг икки нафари ҳудуд профилактика инспекторлари томонидан Чироқчи туманида тезкор ушланган. Яна беш нафари шу куни кечга бориб Қарши шаҳри ҳудудида, жиноятнинг асосий ташкилотчиси Зуҳриддин Боймирзаев эса эртаси куни Чироқчи тумани ҳудудида, яширинган жойида қўлга олинган.
Матбуот анжуманида Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов қотиллик тафсилотлари ҳақида маълумот берар экан, унинг рўй беришида назорат органлари билан бир қаторда, оила, маҳалла, таълим муассасаларининг ҳам эътиборсизлиги, бефарқлиги муҳим роль ўйнаганини таъкидлаб ўтди.
- Мисол учун, гумонланувчиларнинг икки нафари илгари судланган, - дейди Пўлат Бобожонов. – Асосий гумонланувчининг отаси ўз укасининг турмуш ўртоғини ўлдириб, ҳозирги кунда қамоқда. Яна бирининг онаси узоқ муддатга хорижга чиқиб кетган, бошқасининг эса отаси вафот этган, онаси Россияда ишлайди. 2005 йилда туғилган, 11-синф ўқувчининг (Қарши шаҳридаги 15-сонли ўрта мактаб ўқувчиси Яхьёқул Яхьяев назарда тутилмоқда) ота-онаси ажрашиб кетган, ўзи бувисининг қўлида қолган.
Вазирнинг айтишича, қолган гумонланувчиларининг ҳам оилавий ҳолати шунга яқин. Қолаверса, икки нафари ҳали мактаб ўқувчиси, яна 5 нафари умуман ҳеч қаерда ишламаслиги жиноятни келтириб чиқарган сабаблар, хусусан, оиладаги тарбия, маҳалла назорати, ёшларни иш билан таъминлаш борасидаги камчиликларни акс эттириб турибди. Албатта, жиноят ишини тергов қилиш билан бир қаторда, уни келтириб чиқарган сабаблар бўйича ҳам масъул ходимларга нисбатан хизмат текширувлари олиб борилади.
Матбуот анжуманида журналист ва блогерларнинг саволларига Ички ишлар вазири, Бош прокурор ҳамда Олий суд раҳбари жавоб қайтаришди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ