Меню

Қашқадарё

23.09.2017 2128

СОЗИМ МЕНГА БИР УМР ҲАМРОҲ…

Қарши санъат коллежи ўқитувчиси Насиба Ҳасанова виолончелга ёшлигидан ҳавас қўйган. Энди шу муҳаббатни ўз ўқувчиларига сингдириб келаяпти. Машғулотлар давомида ўта жиддий, талабчан бўладиган ўқитувчининг топшириқларини сўзсиз бажариш, берилган ҳар бир вазифани бехато адо этиш шарт. Унинг ўзи худди шу босқични ўтагани, мусиқанинг машаққатли йўлини босиб ўтгани учун бу соҳага шунчаки ёндашиб бўлмаслигини, санъатнинг бошқа нафис турлари сингари у ҳам кишидан фидойи бўлишни талаб этишини яхши билади.

- Ўқувчиларимга бир гапни кўп таъкидлайман: виолончель чалиш  осон иш эмас, ўрганиш учун кунига 7 соатлаб машқ қилиш керак, - дейди у. – Бу шундай созки, овози инсон овозига яқин. Одам товушида қандай товланиш, қанча оҳанг бўлса, виолончелда ҳам бор. Бу асбобни чалишни билган одамга қолган созларда куй ижро этиш сира-сира қийинчилик туғдирмайди.

Асли Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида туғилган Насиба Ҳасанова дастлаб Тошкентдаги Глиэр номли мусиқа мактабида таълим олди.

Сўнг Тошкент давлат консерваториясида 5 йил торли чолғулар турини ўрганди. Ўша даврларда, аниқроғи, 1978 йилда Ғанижон Тошматов раҳбарлигида машҳур “Дуторчи қизлар” ансамбли тузилди. Курсдоши Замира Суюнованинг турткиси билан ансамбль танловида иштирок этиш учун (азбаройи қизиқиш туфайли ҳам эди бу) Насиба тезда дуторда куй ижро этишни ўрганди ва ансамблга қабул қилинди. Бир неча йил ансамбль сафида дутор чалган Насиба Ҳасанова қатор давлатларда ўтказилган Ўзбекистон маданияти кунларида қатнашди. Консерваторияни тамомлагач, 8 йил давомида пойтахтдаги симфоник оркестрда виолончель чалди.

Тақдир тақозоси билан Қашқадарёга келин бўлди. Умр ришталари  актёр, режиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Жаббор Тошев билан боғланган Насиба опа фаолиятини аввал Қарши давлат 2-ихтисослаштирилган мактаб-интернатида, сўнг эса Қарши санъат коллежида давом эттирди.

Коллежда ишлаган илк даврларини Насиба опа яхши эслайди. Ўша пайтларда унинг ўз мутахассислигидан дарс бериши учун имкон йўқ эди. Жуда камдан-кам ўқувчи виолончель чалиш истагини билдирар, бу соз одамлар орасида у қадар оммалашмаган, шунинг учун билим юртида махсус бўлим ё йўналиш бўлишини тасаввур ҳам қилиб бўлмасди.

- Ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталарини тасаввур қилинг: у пайтларда мусиқа назариясидан махсус дарсликлар йўқ, бориям рус тилида эди, -  дея эслайди у. – Қардош халқлар мусиқа адабиётидан 4 томлик русча дарсликдан фойдаланардим. Кечаси соат 1-2 гача мавзуни ўзбек тилига таржима қилардим, ҳозиргидек компьютерлар йўқ, қўлда 96 варақлик дафтарга ёзиб чиқардим. Айрим мусиқий асарларга бағишланган мавзуларни болаларга тушунтириш учун олдин ўша опера ёки либретто учун асос бўлган асарнинг ўзини топиб ўқиб чиқишимга тўғри келарди.

Мухтор Ашрафийнинг “Дилором” либреттоси, рус бастакори Мусоргскийнинг “Ташландиқ” балладаси, Верди опералари бўйича дарс мавзуларини чуқурроқ ва осонроқ тушунтириш учун энг аввал уларнинг яратилиш тарихи, асос бўлган асарларни синчиклаб ўқиб чиққан Насиба Ҳасанова дарсини завқ билан ўтар, ўзи ҳам киришиб кетар, ўқувчини ҳам ортидан эргаштира оларди. Ўша русча манбадан қилган таржималарини кейинчалик    компьютерда кўчиртирган Насиба опа уларни электрон дарслик сифатида коллеж кутубхонасига топширди ва булар ҳозирда ҳам ўқитувчилар учун зарур қўлланма бўлиб келаяпти. Бундан ташқари, у интернетдан самарали фойдаланиб, кўплаб мумтоз мусиқий асарларни жамлаган ҳолда коллеж фонотекасини бойитишга ҳисса қўшди.Кўплаб шогирдлар тайёрлади. Бугун уларнинг кўпчилиги нуфузли оркестрларда ижрочи, болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқитувчи.

Насиба Ҳасанованинг кўп йиллик меҳнатлари, фидойилиги инобатга олиниб, жорий йилда истиқлолнинг 26 йиллик тантаналари олдидан давлатимизнинг юксак мукофоти - “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

- Бу мукофотдан хабар топган онимда дастлаб онамни эсладим, мени мусиқага йўналтирган, устозимга ҳар гал бир даста гул олиб борадиган онамни. Бугун эришганларимнинг барчаси онам ва устозимнинг заҳматли меҳнати туфайли эканини ҳис қилдим. Давлатимизнинг бу юксак эътирофи эса менга янги куч-ғайрат бахш этди. Ҳали олдинда қиладиган ишларим кўп. Насиб этса, кўплаб шогирдлар моҳир виолончель созандаларини тайёрлашга ҳисса қўшаман.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!