Меню
Қашқадарё
СОЛИҚ ОРГАНИ КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ ҚАНДАЙ КУРАШАЯПТИ?
Ҳозирги пайтда Давлат солиқ хизмати органини назорат қилувчидан хизмат кўрсатувчи идорага айлантириш, шу орқали ташкилот имижини янада яхшилаш, "Солиқ хизмати - инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори" деган шиорни рўёбга чиқариш устувор мақсад саналади. Бу эзгу вазифаларни фақатгина билимли, Ватанга, касбига фидойи бўлган, садоқатли, ҳалол меҳнат қиладиган кадрлар билангина амалга ошириш мумкин.
Тан олиш керак, илгари вилоят солиқ тизимида ҳалол ишлаб келган ходимлар кўпчиликни ташкил қилган бўлса-да, ўзига тамагирликни касб этганлари ҳам тез-тез учраб турарди. Охирги икки йил ичида бундай нопок кимсалардан воз кечилгани, ходимлар ўртасида мунтазам профилактик ишлар амалга оширилаётгани ва коррупцияга қарши кураш кучайтирилгани натижасида бу ҳолатлар кескин камайишига эришилди. Буни сўнгги икки йил давомида вилоятда икки салбий ҳолат аниқланганида ҳам кўриш мумкин.
Қайд этиш жоиз, солиқ идораси ходимлари ўртасида коррупция ҳолатлари олдини олиш бўйича ҳукуматимиз ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан тизимли ишлар ташкил этиб келинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 26 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентиниг "Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш билан бирга, тизимни ислоҳ қилиш доирасида ходимлар ойлик маошлари сезиларли (1,7 баробар) даражада оширилди, уларни меҳнатига яраша рағбатлантириш, фаолияти самарадорлигини ошириш мотивацияси тизими белгилаб берилди.
Шунингдек, давлат солиқ қўмитаси томонидан солиқ хизмати ходимларини мукофотлаш тартиблари ишлаб чиқилди. Унга кўра, эндиликда ходимлар улар томонидан ўтказилган камерал назорат, хронометраж, паспортлаштириш ва солиқ текширувлари натижасида ундирилган қўшимча солиқ суммаларининг 10 фоизига қадар миқдорда мукофотланади.
Бундан ташқари, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун молиявий санкциялар ва маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жарималар суммасидан ажратмалар миқдори 25 фоиздан 40 фоизга оширилганини таъкидлаш лозим. Бунда қўшимча тушадиган маблағлар ходимларни шахсий мукофотлашга йўналтирилади (жорий йилнинг ўтган даврида 1 миллиард 364 миллион сўм маблағ тизимдаги ходимларни рағбатлантиришга сарфланди).
Шуни алоҳида айтиш керакки, авваллари солиқ идораси ходимлари тинимсиз жазоланар, ойлик маоши кесиларди. Бу эса ўз навбатида уни пул топишнинг бошқа йўлларини излашга ундарди. Юқоридаги рағбатлантириш усулларини қўллашдан кўзланган мақсад - эндиликда ўзининг хизматига ҳалоллик билан ёндашган ходимларимизни ҳимоя қилишдан иборат. Яъни яхши ишласа, меҳнатига яраша рағбат топади. Жайдари қилиб айтганда, уни шу йўл билан ўзимиз "сотиб" оламиз, қинғир ишга қўл уришига йўл қўймаймиз.
Ойлик маошлар кўтарилиши, эришган натижалари бўйича қўшимча устамалар белгиланиши ходимнинг оиласи бюджетига ҳам наф келтиради. Шунингдек, табиий офатдан жабр кўрган ходимлар оиласига молиявий кўмак кўрсатиш, ҳимоя қилиш механизми ҳам яратилди. Энди ходимнинг ўз оиласидан кўнгли тўқ. Унинг идорада ўз хизмат вазифасини бажаришдан бошқа ташвиши йўқ.
Солиқ маъмурчилигини ишлаб чиқишда ҳам мавжуд қонунчиликка коррупцияга йўл бермайдиган нормалар киритилди. Эндиликда битта солиқ тўловчининг фаолияти бир вақтнинг ўзида бир нечта бўлим томонидан назорат қилиб борилади. Бу эса муайян бир ходимнинг солиқ тўловчи билан ўзаро келишиб иш қилишига монелик қилади. Илгари маълум фаолият тури фақат битта бўлим ёки тузилма томонидан назорат қилиб бориларди.
Яна бир жиҳат шундаки, текширишлар сони йилдан-йилга қисқартирилиб, бунинг ўрнига ходимнинг солиқ тўловчи билан мулоқотга киришмасдан фаолиятни назорат қилиш усули, яъни камерал назорат қилиш механизми кенгайтирилмоқда. Масалан, 2017 йилда вилоятда солиқ органи ходимлари томонидан 2105 та текшириш ўтказилган бўлса, янги усулнинг қўлланиши ҳисобига жорий йилнинг ўтган даври мобайнида атиги 159 та текшириш олиб борилди. Бунинг ҳам асосий қисмини жиноий ишлар бўйича ҳужжатли текширишлар ташкил этади.
Юртимизда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширишларнинг бекор қилиниши ҳам коррупция ҳолатлари камайишига асос бўлди. Сабаби, текширишга чиққан ва тадбиркорлик субъектида маълум бир қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаган солиқ идораси ходимига ушбу камчиликларни эътиборга олмаслик учун пул таклиф қилиш амаллари учраб турган. Минг афсуски, бундай вазиятларда тўғри йўлдан адашган ходимларимиз ҳам йўқ эмас.
Тизимда коррупция ҳолатларига барҳам бериш мақсадида солиқ тўловчи ва солиқчи ўртасида бевосита мулоқотга киришишни тақозо этувчи "савдо бўлими" ҳамда участка давлат солиқ инспектори лавозими тугатилди. Улар бугун солиқ тўловчи билан йўли ҳеч бир кесишмайдиган тузилмаларда фаолият кўрсатаяпти ёки улардан 5 нафари умуман ишга олинмади.
Шу билан бирга тизимга электрон коммуникация технологиялари фаол жорий қилиниши орқали солиқ тўловчиларга 35 турдаги хизмат масофадан туриб кўрсатилмоқда. Натижада бугун солиқ тўловчи солиқ идорасига келмасдан, солиқчига учрамасдан ўзининг ишини битириши мумкин. Ҳисоботларни электрон тарзда топшириш, солиқларни тўлаш, қарздорлик мавжуд эмаслиги ҳақида маълумотнома олиш ёки энг кўп сўраладиган СТИР масаласини шулар сирасига киритиш мумкин. Солиқ идорасига бориб навбатга турмаслик учун, тезроқ СТИР олиш мақсадида солиқ идораси ходимига пул бериш ҳолатлари ҳам бир неча бор учради. Шу боис бу хизмат ҳам босқичма-босқич электрон кўринишга келтирилмоқда.
Салоҳиятли кадрларни ишга олиш жараёни шаффоф кечишини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Номзоднинг компьютер саводхонлиги тест орқали, соҳадаги билими суҳбат асосида синовдан ўтказилади. Хуллас, тизимга ҳалол, вазифасига сидқидилдан ёндашадиган, янгича фикрлайдиган ёшларни қабул қилишга ҳаракат қилмоқдамиз.
Ўзим дуч келган бир ҳаётий мисолни келтирмоқчиман. Яқинда поездда бир талаба йигит билан суҳбатлашиб қолдим. У пойтахтда нуфузли олий ўқув юртида ўқиркан. Суҳбатимиз жуда қизиб, келажакда ундан қайси ташкилотда ишламоқчилигини сўрадим. Бола шу ерда тўхтади. Айтишича, унинг отаси ўқувчилик кезларида пора олиб қамалган экан. Мактабда шу мавзу кўтарилса, ҳамма у ҳақида гапираётгандек, ҳаловати йўқоларкан.
Яна бир томони, ўзим ҳам шунга ўхшаш ҳолатга рўпара келсам, яъни кўпчилик билан бир даврада ўтирганда бирор киши солиқдан фалончи тамагирлик қилибди деса, шу тизимнинг раҳбар ходими сифатида менга ҳам қаттиқ ботади.
Бир сўз билан айтганда, коррупцияга қарши жамоат кайфиятини шакллантириш, бу иллатни буткул йўқотиш учун барча бирдек курашиши керак. Агар сиз ҳам солиқ ходимининг бирор бир ноўрин ҳаракатига гувоҳ бўлсангиз, ишонч телефонимиз - (0375) 225-10-82 га мурожаат қилишингиз мумкин. Шунда бир ёмонликнинг олдини олган, нопок кимсани жазолаган, жамиятни бир қусурдан тозалаган бўламиз.
Қудратали МАМАТИСАЕВ,
вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи