Меню

Қашқадарё

17.09.2016 2385

СОЛИҚ ИМТИЁЗЛАРИ

Мавжуд имконият ва имтиёзлардан самарали фойдаланаётган тадбиркорлик субъектлари соҳага замонавий технологияларни жорий этиб, харидоргир, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда. Албатта, бунда улар учун берилаётган солиқ имтиёзлари алоҳида ўрин тутади. Хусусан, мамлакатимизда солиқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида ялпи ички маҳсулотга нисбатан солиқ юки кейинги йигирма йилда икки баробарга камайганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Қарши шаҳрида фаолият олиб бораётган, асосан ҳарбий либослар тикишга ихтисослашган “Лола Жаҳон  Маликаси” хусусий корхонаси ҳам шундай имтиёзлардан баҳраманд бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кенгайтирилишини рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ушбу субъект меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан ягона ижтимоий тўловни тўлашдан озод қилинган. Корхона  ўтган йили 150 миллион сўмдан ортиқ солиқ имтиёзларидан фойдаланди.

- 2015 йилда корхонамиз жамоаси томонидан 2 миллиард сўмликдан ортиқ тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилнинг олти ойи давомида бу кўрсаткич 1 миллиард 200 миллион сўмдан ортиқни ташкил этди, - дейди корхона директори Толиб Ёдгоров. - Солиқ имтиёзлари сабаб корхона ихтиёрида қолдирилган маблағ ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратишда қўл келмоқда. Яқинда фаолиятимизни кенгайтириб, қўшимча 50 нафар кишини иш билан таъминладик. Бугунги кунда корхонада 100 нафардан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Ишчиларнинг асосий қисми хотин-қизлардир. Уларнинг орасида коллеж битирувчилари ҳам кўпчилик.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, солиқ ва бюджет сиёсатининг 2016 йилдаги асосий йўналишларидан келиб чиқиб, «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2016 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 22 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатларга кўра, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар учун фойда солиғи, мол-мулк солиғи ва микрофирмалар ҳамда кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ва Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этиш тарзидаги имтиёзларнинг муддати, тўқимачилик саноати корхоналари учун мол-мулк солиғи тўлашдан озод этиш бўйича берилган имтиёзнинг муддати 2018 йилнинг 1 январига қадар узайтирилди.

Юртимизда ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилаётгани вилоятимизда фаолият юритаётган 3 минг 973 та хўжалик субъекти 2015 йилда жами 240 миллиард сўмга яқин солиқ имтиёзидан фойдаланганида ҳам яққол кўзга ташланади. Бу ишлаб чиқариш ривожига, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилаётгани эса айни кутилган самарадир.

Фирдавсий ЖАББОРОВ

Суратларда: “Лола Жаҳон Маликаси” хусусий корхонаси фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!