Меню
Қашқадарё
СОЛИҚ ИМТИЁЗИ ҲУНАРМАНДГА НИМА БЕРАДИ?
Соҳа вакилларига кенг имкониятлар тақдим этилган. Уларнинг фаолияти қўллаб-қувватланмоқда. Жорий йилнинг муайян даврида вилоятимизда 325 нафардан ортиқ ҳунарманд жами 270 миллион сўмга яқин солиқ имтиёзларидан фойдалангани бунга мисол бўла олади.
Айни пайтда юртимизда ҳунармандчиликни ривожлантириш йўлидаги мавжуд муаммо ва тўсиқларни тизимли бартараф этиш, ҳунармандчиликни кенг миқёсда қўллаб-қувватлаш ҳамда ушбу фаолият билан шуғулланишга аҳолини, айниқса, ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилаларни жалб қилишни рағбатлантиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Президентимизнинг 2017 йилнинг 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Мазкур фармон асосида ҳунармандларга берилган енгилликлар салмоғи кўпайди. Энг аҳамиятлиси, эндиликда ҳунармандлар ўз маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишда қатъий белгиланган солиқдан озод этилади. Бунинг учун улар “Ҳунарманд” уюшмасининг аъзоси сифатида фаолият юритса кифоя. Шунингдек, ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга ер майдонлари ва бинолар ажратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш, имтиёзли кредитлар бериш, ҳунармандчилик маҳсулотларини сотиш ва экспорт қилиш, шунингдек, республикамизнинг туман ва шаҳарларида ҳунармандчиликни ривожлантириш марказларини ташкил этиш ва “Уста-шогирд” мактаблари фаолиятини такомиллаштириш соҳада амалга оширилажак асосий вазифалар этиб белгиланди.
Шу жумладан, ушбу фармон билан шундай тартиб ўрнатилдики, ҳунармандлар ўз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, қолаверса, банк ҳисоб рақамидаги чет эл валютасини нақд шаклда ечиб олиш ҳуқуқига эга бўлди. Хорижий мамлакатларда ўтказиладиган кўргазма, танлов, ярмаркалар давомида сотилган ҳунармандчилик маҳсулотлари экспорт шартномалари тузилмасдан амалга оширилиши мумкин, бунинг натижасида олинган даромад эса экспорт тушуми ҳисобланмайди.
Фармонда белгиланганидек, доимий савдо жойларига эга бўлмаган ва вақтинчалик жойларда савдо қилувчи ҳунармандлар томонидан касса аппаратлари ва савдо терминалларидан фойдаланиш, шунингдек, савдодан тушган нақд пул тушумини тижорат банкларига инкассация қилиш ихтиёрий тартибда амалга оширилади. Ҳунармандлар учун давлат мулки объектлари учун ижара тўлови ўрнатилган энг кам тўловнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади.
- Мен 2014 йилдан буён темирчилик билан шуғулланиб келаман, - дейди Қарши шаҳрида фаолият кўрсатаётган ҳунарманд Маҳмуд Холов. – Аҳоли учун зарур уй-рўзғор буюмлари ясайман. Маҳсулотларим харидоргир. Даромадим яхшигина. Ўтган йили менга 8 миллион сўмга яқин солиқдан имтиёз берилди. Бу менинг фаолиятим учун яхшигина кўмак бўлди.
- “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлиб, гулли ва чокли маҳсулотлар тикиш йўналишида меҳнат қилмоқдаман, - дейди Қарши шаҳрилик Марҳабо Тошева. – Касбимга ёшлигимдан қизиққанман. Ҳозир эса ундан манфаат кўраяпман. Мен тайёрлаётган бежирим буюмларга талаб юқори. Бу эса ишим сердаромад бўлишини таъминлаяпти. Бундан ташқари, биз ҳунармандлар учун қулайликлар бисёр. Авваллари солиқдан имтиёзга эга бўлган бўлсак, эндиликда қатъий белгиланган солиқдан ҳам озод этилдик.
Бир сўз билан айтганда, соҳада сифат ўзгаришлари ясашга қаратилган бу чора-тадбирлар ҳунармандлар фаолиятини ривожлантириш ва кенгайтириш, ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати билан шуғулланувчи фуқаролар ва оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу асосда янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Айниқса, қишлоқ ва чекка туманларда оилалар турмуш даражасини ошириш, бандликни таъминлашга шароит ҳозирланади.
Фирдавсий ЖАББОРОВ,
вилоят Давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи