Меню

Қашқадарё

28.05.2016 1976

СОХТА СЎФИЙЛИК ДАЪВОЛАРИ

Унда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари, Ўзбекистон  Мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакиллиги, вилоят соғлиқни сақлаш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари масъул ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари,  шунингдек, Қарши шаҳри ва туманлардан диндорлар, сохта сўфийлик, тариқатчилик ғоялари таъсирига тушиб қолган кишилар, уларнинг яқинлари иштирок этди.

Тадбирни вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Баҳодир Қодиров кириш сўзи билан очди.

Маълумки, тариқат деганда ислом динини, шариат илмларини мукаммал ўрганиб, сўнг ўша билимларни сайқаллаштириш тушунилади. Аммо сохта тариқатчиларнинг даъволари на ислом динига, на бугунги давр шароитига мос келади. Айрим фикри саёз кишилар эса мутаассибларча ўзларини гўёки тариқат аҳли деб эълон қилиб, бирламчи эътиборни ташқи кўринишларига қаратишади. Шу орқали ўзларини бошқалардан бир поғона баланд қўйиб, ўзгаларнинг фикри билан ҳисоблашишмайди, фақат ўзларига ўхшаганлар билан бир бўлиб, бошқа кишиларнинг тўй-маъракасида ҳам иштирок этишни канда қилишади. Айрим сохта тариқатчилар эса хотин, бола-чақасини ташлаб, “пир”ининг хизматига отланади. Бу ёқда бола-чақаси оч-наҳору, улар аллақандай мутаассиб “пир”нинг эшигини супуриб юради. Бундай кўр-кўрона эргашиш ислом динида қаттиқ қораланади. Чунки муқаддас ислом дини ҳар бир нарсага тафаккур билан ёндашишни ёқлайдиган диндир, ҳар ким уни ўзи билганича талқин қиладиган эмас.

Тадбирда ана шулар хусусида сўз юритилиб, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилла Усмонов сохта сўфийлик даъволарига қарши ислом дунёсининг йирик олимлари асарлари асосидаги раддияларни баён қилди. Зарур билимларга эга бўлмай туриб, тўғри келган одамга эргашиб кетиш ёмон оқибатларга олиб келиши, сохта тариқатчилик даъволари тинчлик-осойишталикдек бебаҳо неъматга путур етказишга қаратилгани, улар кишилар орасида ихтилоф чиқариши таъкидланди.

Тадбирда, шунингдек, билиб-билмай диний либосларга бурканиб олган хотин-қизларда юзага келадиган тери касалликлари, бошқа нуқсонлар слайдлар мисолида иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди. Айтилдики, азалдан хотин-қизларимиз ниҳоятда чиройли либослар кийиб юришган, буни ўрта аср миниатюраларида, суратларда ҳам кўриш мумкин. Миниатюраларда аёллар овда иштирок этган манзаралар бор. Аммо бугун ўзларини сўфий, тариқат аҳли деб эълон қилаётган кишилар хотин-қизларини ташқи дунёдан бутунлай узиб қўйиб, уларнинг билим олишига, касб-ҳунар эгаллашига тўсқинлик қилишаяпти. Қизларини 4-синфдан сўнг мактабга қўймайдиган кишилар, қизларини, болаларини, ҳатто хотинларини ҳам ҳадя қилиб юбораётган сўқир кимсалар ҳам йўқ эмас. 

Тадбирда ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш, ҳар ким юртимизда яратилган шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланиб, билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшиши, айни пайтда тинчлик-осойишталикдек бебаҳо неъматни асраб-авайлаш зарурлиги таъкидланди.

Мавзуга оид “Тинчлик учун курашмоқ керак”, “Ҳужра ортидаги ҳийлалар” видеофильмлари намойиши йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!